Сарлавҳага чиқарилган маталдаги биринчи сўз “лалмикор” сўзи ўзагидир.
Қашқадарё вилоятининг лалмикор ерларида деҳқончилик қилаётганларнинг шу бугунги аҳволини билганлар беихтиёр “Лалмига ҳатто қиз берма!” деб юбориши табиий.
Вилоят далаларида ҳукм сураётган қурғоқчилик бутун мамлакат бўйлаб чорва учун ем-хашак нархини кўтариб юборди.
Қашқадарёга Фарғона орқали борамиз. Ўзини Рустамжон, деб таништирган тингловчимизнинг хабар қилишича, у яшаб турган Қўқонда сомон нархи кун сайин осмонга ўрлаяпти.
Рустамжоннинг айтишича, бу йилги сомоннинг прессланган бир тойи нархи
- 1000 сўмдан бошланди. Биринчи ўрим машина туширганда, 1000 сўмдан бошланди. 1000, 1200, 1500, 1800, 2000 кунига янги нарх эшитаяпмизда. Мана бугун эшитиб келдим 2800 сўмдан сотибди. Уже янги нарх, дейди Рустамжон.
Рустамжоннинг эшитишича, бу йил Қашқадарёда “Қурғоқчилик бўлиб кўк ўт бўлмаган экан. Бу пайтда кўк ўт ейиши керакда моллар. Энди мажбур сомон берилаяпти экан”.
Ўтган йилнинг шу кунларида эса,
- Битта пресси 500 сўм бўлган. 500 сўмдан ҳам даже ҳеч ким олмаган. 400 сўмга пресс қиладиган нарсани 500 сўмдан ҳеч ким олмаган эдида ўтган йили, дейди Рустамжон.
Сомон қимматлаганидан кейин, табиийки, чорва озуқасининг бошқа турлари ҳам қимматламоқда.
- Kунжараларнинг нархи 1000 сўм бўлди. Шўлхаларнинг нархи 750 сўм. Ўтган йил 400 сўм эди, дейди қўқонлик Рустамжон.
Қашқадарёликлар сомонни Намангандан ҳам ташимоқда. Шу вилоятда яшовчи иқтисодчи Расулжон Абдумажидовдан мана бу маълумотни олдик.
- Вазият ëмон сомон масаласи. Сабаби чорва Қашқадарëда ўлиб бўлди. Ëғингарчилик бўлмаслиги, иқлимий ҳолати ëмонлигидан. Ҳозирги пайтда Қашқадарëда пресс қилинган 10 кило келадиган сомон Қашқадарëда 5000. Ҳозир Андижон вилояти билан Наманган областидан ҳозир ташияпти жангу жадал, 2000 сўмга чиқди бу ерда ҳам, деди наманганлик иқтисодчи Расулжон Абдумажидов.
Водийнинг икки вилоятида яшовчи икки кишидан деярли бир хил рақамларни эшитдик.
Ўзини Мурод Чориев, деб таништирган қашқадарёлик фермернинг айтишича, вилоятдаги, айниқса, ерлари лалмикор деҳқончиликка мўлжалланган туманлардаги, аҳвол жуда оғир.
- Ўтган йил яхши келган эди. Жуда чиройли бўлган эди. Бу йил шундай бўлдики, ем-хашак ҳамма нарса танқис. Ҳеч қандай ўт-ўтлан битмади. Ҳатто лалмикор ерларда ғалла, нўхот бўлмади, дейди Мурод Чориев.
Мурод Чориев ем-хашак республиканинг бошқа вилоятлари, хусусан водийдаги вилоятлардан ташиб келтирилаётганини тасдиқлади.
- Мана Тошкент-Қарши йўналиши бўйича катта трассага чиқсангиз, мен ҳам яқинда икки марта Тошкентга борган бўлсам, фақат юк ташиш машиналарининг дағал хашак олиб келаëтганини кўрдим. Ўзим гувоҳ бўлганман, деди Нишон туманида яшовчи фермер Мурод Чориев.
Қурғоқчилик туфайли Қашқадарёга бошқа вилоятлардан ем-хашак ташилаётган бир пайтда, бу вилоятда чорва нархи тушиб кетди.
- Мол бозорда ҳозир мол кўп ниҳоятда. Қурғоқчилик келмаган вилоятларга олиб кетишаяпти мана. Водий тараф Андижон, Фарғона, Наманган, кўпинча Тошкентга олиб кетишаяпти. Фақат бозордан эмас қишлоқма қишлоқ юриб уйлардан ҳам териб кетишаяпти молларни. Арзон нархда олиб кетишаяпти. 20 килограмм келадиган қўзичоқлар ўтган йил 250-300 минг сўмгача борди. Ҳозир қиммати 180-200 минг сўм, дейди фермер Чориев.
Фермер Чориевнинг фикрича, қурғоқчилик табиий офатдир ва “у ҳеч ким айби эмас. Ҳукуматнинг ҳам, бошқанинг ҳам айби эмас”.
Лекин, дейди фермер, қурғоқчиликдан кўриладиган зарарни камайтириш чораларини кўриш мумкин эди.
- Бизда иккита канал бор. Қарши бош магистрал катта канали, кейин Улянов канали бор. Қашқадарë вилояти бўйича еттита туманга сув етказиб беради, дейди фермер Чориев.
Тилга олинган иккита канал сувни Амударёдан олади. Насос станциялари эса, Туркманистон ҳудудида.
- У ерга ишчилар ҳам, бошқалар ҳам пропуск орқали кириб чиқишади. Туркманистон нимасидан ўтмаган бўлса, пропуск олмаган бўлса, ўтказишмайди.
Озодлик: Демак, ўша сиз айтаëтган иккита канални сув билан тўлдириш сиëсатга ҳам боғлиқ эканда. Иккала мамлакатнинг ўзаро муносабатларига-а?
- Албатта. Ўзаро келишиб, Туркманистон чегара ҳудуди бўлгани учун насосларни вақтида ремонт қилиш, бошқа нималарни таъмирлаш, ҳар бир ҳолатда иккита мамлакатнинг розилиги билан нима қилинади бундай олганда. Улар хоҳлашса, киритишмай қўяди ҳам.
Озодлик: Сиз иккита канал бор деяпсиз. Иккита каналда тўла сув оқса, вазият бугунгидан кўра яхшироқ бўлган бўлармиди?
- Анча ўнгланарди, яхши бўларди албатта, деди Нишон туманида яшовчи фермер Мурод Чориев.
Шу ўринда Ўзбекистон Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти бўлим мудири, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Муҳиддин Маҳмудовнинг 17 июнь - Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш халқаро куни муносабати Озодликка берган интервьюсидан бир парча келтирмоқчимиз.
Қурғоқчилик оқибатларини минималлаштириш тўғрисида гапирар экан, олим мана бундай деган эди.
- Қурғоқчил минтақалардан унумли, самарали фойдаланиш тизимини тўлиқ маънода тадбиқ этиш керак. Иккинчи йўли бу қурғоқчиликка ўта чидамли, юқори ҳосил бера оладиган, моллар яхши ейдиган ўсимлик турларидан фойдаланиб ситомелоратив чора-тадбирлар тизимини туб маънода қўллаш керак, амал қилиш керак. Мана шу иккита асосий йўли. Бу яна оддийроқ қилиб айтганда яйловлар маҳсулдорлигини ҳозирги ҳолатига нисбатан камида бир ярим-икки баробар ошириш йўлларини излаб топиб, шуларни қўллаш керак, деган эди профессор Муҳиддин Маҳмудов.
Ем-хашак нархининг озиқ-овқат нархига таъсири
Ўзбекистонлик баъзи таҳлилчилар ўтган қишда ёғингарчиликнинг одатдагидан оз бўлганидан келиб чиқиб бу йил мамлакатда қурғоқчилик бўлишини башорат қилишган эди.
Қашқадарё вилоятидаги аҳвол ўша башоратлар тўғри чиққанини кўрсатиб турибди.
Мамлакат бўйлаб ем-хашак нархи бир йилда 3-4 мартага ортиб кетганидан гўшт ва унинг ортидан бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилиб кетишини тахмин қилиш учун мутахассис бўлиш шарт эмас.
Фикримизга далил сифатида яна қашқадарёлик фермердан олинган маълумотни келтирмоқчимиз. Мурод Чориевнинг айтишича,
- Гўштлар танқис. Кам. Ҳамма жойда кўп эмас. Ориқ молларнинг гўшти нима бўлаяпти, семиз молларнинг гўшти нима бўлмаяпти. Чунки бозорларда семиз мол кам. Бир кило қўй гўшти 14 мкинг сўм ҳозир. Бир кило мол гўшти 13 минг сўм, дейди фермер Мурод Чориев.
Демак, мол бозорида нархлар тушиб кетган Қашқадарёда ҳам гўшт қимматлигича қолмоқда.
Ем-хашак бу вилоятга бошқа вилоятлардан ташилаётгани сабабли унинг нархи мамлакат бўйлаб кўтарилиб кетмоқда ва бу ҳолат ҳамма вилоятларда гўшт нархининг кўтарилишига олиб келиши табиий.
Мана шундай шароитда дунё бўйлаб хавф солиб турган озиқ-овқат қимматчилиги ва тақчиллигига нафақат биргина вилоят, балки бутун мамлакат ҳам ёлғиз ўзи дош бера олмайди.
БМТ ҳузуридаги Жаҳон Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари Жак Диуф жорий йил май ойи бошида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий анжуман иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Марказий Осиё мамлакатлари озиқ-овқат бўҳрони ва иқлим ўзгаришига қарши туриш учун ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларини тиғизлаштиришлари лозим, деган эди.