Туркманистон ўзбеклар учун виза режимини ўзгартирмади

Туркманистон чегара бўйидаги Ўзбекистон аҳолиси учун визасиз борди-келди шартларини ўзгартирмади.

Бу ҳақда Туркманистоннинг Тошкентдаги элчиси Султон Пирмуҳаммедов Туркистон–пресс ахборот агентлигига билдирди.

Элчига кўра¸ чегара бўйида истиқомат қиладиган ўзбек фуқаролари Туркманистондаги қариндошларининг исми ва манзилини миграция ходимларига аниқ маълум қилишлари лозим.

Агар Ўзбекистон фуқароси Туркманистондаги қариндошининг уйида ëтиб қолмоқчи бўлса¸ бу ҳақда махсус хизматларга билдириб қўйишлари лозим бўлади.

Султон Пирмуҳаммедовга кўра ўзбекистонлик меҳмонлар фақат изн берилган қариндошиникда ëтиб қолишга ҳақлидирлар.

Яқинда Туркманистондаги қариндошларини кўриб келган хоразмлик Қуронбой Матризоев ҳам визасиз ўтишда ўзгаришлар йўқлигини айтди.

- Мен яқинда бориб келдим. Паспортимда Хоразм пропискасини кўрсатиб¸ белгиланган пулни тўлаб, бемалол чегарадан ўтдим. Олдин қандай бўлса шундай. Сал яхшироқ бўлган ҳатто¸ - дейди Матризоев.

Туркманистоннинг Лебоб¸ Тошҳовуз вилоятларида бир миллионга яқин ўзбеклар истиқомат қилади.