Килюнен Қирғизистонга келиши мумкин

Ўш воқеаларини ўрганган халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюнен

Қирғиз парламенти спикери Ахматбек Келдибеков бу масалани депутатлар муҳокамасига олиб чиқмоқчи.
Спикер Келдибеков Ўш воқеаларини ўрганган халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюненнинг Қирғизистонга келишига рухсат бериш масаласи парламент мажлисида кўрилишини 2 июл куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Киммо Килюнен бошчилигидаги халқаро комиссия шу йил май ойида эълон қилган ўз хулосасида Қирғизистон жанубида инсониятга қарши жиноятлар содир этилганини қайд этганди. Бу хулосадан норози бўлган қирғиз депутатлари 26 май куни комиссия раиси Киммо Килюненнинг Қирғизистонга киришини маън қилувчи қарор қабул қилгандилар.

Мазкур қарор қабул қилинишидан аввал сўзга чиққан қирғиз депутатлари халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюненни нохолисликда айблашган, депутат Қанибек Иманалиев эса ҳатто: “Киммо Килюнен халқаро комиссия ҳисоботида қирғизларни ваҳший қилиб кўрсатиш учун ўзбеклардан катта миқдорда пора олган, Киммо Килюнен ўз мамлакатида жуда катта коррупционер сифатида шуҳрат қозонган”, дея иддао қилганди.

Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия раиси Киммо Килюнен эса бу иддаоларни рад этиб, қирғиз депутатлари ҳаракатларини қалтис ҳазил ўлароқ қабул қилганини айтганди.

- Бу гапларнинг бирортаси ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Мен ҳисобот учун Ўзбекистондан ҳам, бошқалардан ҳам пора олган эмасман, - деганди Киммо Килюнен.

Қирғизистон президент Роза Ўтунбаева ҳам 17 июн куни Бишкекда ўтган Халқ қурултойида Киммо Килюнен ҳимоясига чиқиб, “мен халқаро комиссия раҳбарига нисбатан парламент томонидан қабул қилинган қарордан чуқур афсусдаман ва бу қарор қайта кўриб чиқилишига умид қиламан”, деганди.

Аснода, Спикер Келдибековнинг айтишича, яқинда Финляндияга сафар қилган айрим қирғиз депутатлари Киммо Килюнен билан учрашган.

- Учрашув комиссия раҳбари ташаббусига кўра бўлиб ўтган. У Қирғизистон жанубидаги воқеалар юзасидан ўз хулосаларида хатоларга йўл қўйган бўлиши мумкинлигини тан олган ва албатта хориждан келиб, икки ой ичида ҳаммасини текшириб чиқиш мумкин эмаслигини айтган. У Қирғизистонга келиб, депутатлар билан учрашишни истайди. Мен парламентга шундай таклиф киритаман. Агар у истаётган бўлса, марҳамат қилиб изоҳ берсин, - дея таъкидлади спикер Келдибеков.

Бироқ Ўш воқеаларини ўрганган халқаро комиссиянинг ўтган ҳафта Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаевага ёзган мактубига ишонадиган бўлсак, мазкур комиссия вакиллари ўзларининг аввалги хулосаларида қатъий турибдилар. Халқаро комиссиянинг барча аъзолари имзо чеккан мактубда қирғиз депутатларининг комиссия хулосаси бўйича айбловлари асоссизлиги айтилади ва қирғиз депутатлари зудлик билан зарур ислоҳотлар ўтказиш ўрнига бекорчи гап-сўзлар билан машғул бўлаётганига ишора қилинади.