Ўзбекистонда "бюджетчи"лар ойлиги ҳали ошмай туриб¸ бозордаги нархлар 20 дан 50 фоизга қадар кўтарилиб улгурди.
Озодлик суҳбатлашган тошкентлик тадбиркорлардан бирига кўра¸ 1 августдан бошлаб ойликлар 15 фоизга ошиши ҳақида навбатдаги фармон чиққанидан кейин ўзи ишлайдиган қурилиш моллари ширкати ўз нархномасидаги рақамларни 20 фоизга кўтариб қўйган.
Ойликлар августа ошиши айтилса-да, нархлар июл ойида оширилди.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Республика аҳолиси даромадлари ва турмуш даражасини янада ошириш, фуқароларга ижтимоий ёрдамни кучайтириш мақсадида 2011 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдорини ўрта ҳисобда 15 фоизга ошириш тўғрисидаги фармонни 7 июл куни имзоланди.
Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.
Қарор матбуотда эълон қилинганидан кейин вилоятлар ва Тошкент шаҳрида нархлар кўтарилгани кузатилди.
Айниқса гўш нархи ошди, дейди тошкентлик оила бошлиғи.
- Гўштнинг нархи ошаяпти. Слишком тез ошаяпти. Масалан¸ бундан бир ярим ой олдин 12-13 минг эди. Ҳозир 16-17-18 мингда мол гўшти. Пиëзлар 1500 бўлиб кетди. Гуручнинг нархи ошаëтгани сезилаяпти, дейди тошкентлик суҳбатдош.
Суҳбатдош ойлик ошди¸ деган хабардан юрак олдириб қўйганини айтади.
- Кескин нархлар ошаяпти-да. Ойлик 15 фоиз ошадиган бўлса, нарсаларнинг нархи 50 фоизга ошади-да, дейди тошкентлик суҳбатдош.
Суҳбатдошимиз иморатларни ремонт қилиб тирикчилик қилади. Ремонт учун ишлатиладиган материалларнинг қимматлашгани боис мижозлар буюртмаси камайди, дейди суҳбатдош.
7 июлдан кейин қурилиш моллари бирданига 20 фоизга ошгани кузатилди.
Қурилиш моллари билан савдо қилувчи ширкат ходими бу фактни тасдиқлар экан¸ баъзи молларнинг нархи 20 фоиздан ҳам кўпроқ ошганини айтди.
- Ошади. Кўпроқ олиб келаверинг пулни¸ етмай қолиши мумкин.
Озодлик: Қанча ошади¸ масалан?
- 20 фоизга оширамиз.
Озодлик: Ойлик 15 фоизга ошган бўлса, нима учун сизлар 20 фоизга оширасизлар?
- Ойликка қарамайдику бу қурилиш моллари, дейди қурилиш моллари билан савдо қилувчи ширкат ходими.
7 июлда иш ҳақи оширилиши ҳақидаги қарор чиққанидан кейин нархлар ошиши занжир халқалари каби волоятларга ҳам ëйилди.
Гулистонда ҳам гўшт, ëғ ва пиëз қимматлади, дейди сирдарëлик Алишер исмли йигит.
- Гўштлар 12 минг эди, 15 мингга чиқди. Помидорларни 300-400дан олаëтган эдик. Ҳозир 1000-1500га чиқаяпти. Бодринглар 500-600 сўм. Пиëзлар 500 сўм эди, 1500 сўмга чиқди. Бир кило ун 1300-1500. Буғдой планни бир амаллаб тўлдиришди. Буғдойнинг килоси бозорда 1200дан сотилаяпти. Давлат нархи 250 сўм олинаяпти. Энг пишиқчилик пайти бу нарсалар ҳаддан ташқари ошиб кетаяпти ойлик ошиши муносабати билан. Шакарлар 3500 эди. Тошкентда ҳозир 3500. Бизда 5200-5500 сўм. Одамлар мураббо қилади, компот қилади. Уларнинг мушугини пишт дейдиган одам йўқ. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органлари бор. Улар томоша қилиб юрибди бозорда. Ўзимизга бўлса бўлди, бошқа билан ишимиз йўқ, деб айтади, дейди сирдарëлик Алишер.
Расмий маълумотларга кўра¸ августдан бошлаб Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи ойига 57 минг 200 сўмни, ёшга доир пенсиялар ойига 111 минг 875 сўм, болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа ойига 111 минг 875 сўмни ташкил этади.
Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 68 минг 645 сўмни ташкил қилади.
Бу маълумот ҳам таҳрирталаб экани айтилмоқда. Гулистонлик йигит одамлар маоши расмий ҳужжатлардагидан камроқ эканини айтади.
- Энг кам ойлик 49 минг. Масалан¸ фаррошлар, секретарлар 49-50 минг ойлик олади. Лекин ўртача ойлик кўрсатилаяпти 300-400 минг деб. Ойлик ошгандан бизга нима наф? Бизга фойдаси йўқку. Ойлик ошмасдан шу даражага чиққандан кейин бу ëғи нима бўлади? Бу нарсанинг оддий аҳолига ҳеч қанақа нафи йўқ. Керак эмас бизга ойлик ошиши дейди улар, дейди гулистонлик йигит.