Лукашенко "Ижтимоий тармоқ инқилоби"ни бостирмоқда

Беларус маъмурлари чоршанба куни мамлакат бўйлаб ўтказилган аксил-ҳукумат намойишларининг ўнлаб қатнашчиларини ҳибсга олди.

Намойишлар Интернетда ҳаракат қилаётган “Ижтимоий тармоқ орқали инқилоб” номли гуруҳ томонидан ҳар чоршанба куни уюштирилмоқда.

Хабарларга кўра, фуқаролик кийимидаги полициячилар намойишлар ўтказилиши эълон қилинган кўчаларга бир неча соат аввалроқ келиб, намойиш қатнашчиларини акциядан олдин ҳибсга ола бошлаган.

Беларусдаги “Весна” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маълум қилишича, акциялар бошланишидан бир неча соат олдин Интернетдаги ижтимоий тармоқ сайтлари тўсиб қўйилган.

Лукашенкага қарши норозилик, у декабр ойида қайта президентликка сайланганидан бери кучайиб келмоқда. Расмийлар норозиларни куч билан бостирмоқда.

Аввалги намойишларда юзлаб фаоллар ҳибсга олинди. Ўтган ҳафтанинг ўзида камида 130 нафар фаол қисқа муддатли қамоқ жазолари ва жарималарга ҳукм қилинди.