Токио 15 ўзбек мулозимига Японияда ўқиш имконини берди

25 июл куни Тошкентда учрашган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Абдулла Орипов ҳамда Япониянинг Тошкентдаги элчиси Ёсихиса Курода имзолаган ҳужжат асосида яна 15 нафар ўзбек мулозими Японияга йўл олиши мумкин.

Яқинда даҳшатли табиий офатга учраганига қарамай Япония Ўзбекистон учун 2,6 млн. долларлик беғараз ёрдам ажратди.

Япониянинг халқаро ҳамкорлик бўйича агентлиги — JICAнинг Тошкентдаги ваколатхонасидан олинган маълумотга кўра, Токио билан имзоланган навбатдаги расмий ҳужжат асосида бу йил ҳам 15 киши Япониянинг нуфузли Олий ўқув юртларида ўқиш имконини қўлга киритиши мумкин.

Аммо, бу 15 киши фақатгина давлат ташкилотларида ишлаётган ходимлардан иборат бўлади.

Яъни, Япония ҳукумати бераётган беғараз ёрдам Ўзбекистонни тарк этаётган ва баъзан, қайтмаётган ёшлар орқали хорижга эмас, балки Ўзбекистоннинг ўзига асқотиши учун 2008 йилдан бошлаб, кун чиқар мамлакатга йўлланаётган талабаларни фақат давлат ташкилотлари ходимлари орасидан саралаб олишга қарор қилинган.

JICA агентлиги Тошкентдаги ваколатхонаси маъмурий ишлар бўйича мувофиқлаштирувчиси Ҳилола Шоазизова бу Ўзбекистон манфаатини кўзлаб қабул қилинган қарор, деб билишини айтди.

- Бу грант фақат ҳукуматимизнинг ишларида ишлайдиган ишчиларга ажратилган бўлиб, фақатгина ҳукуматимиз йўлланма берган ишчилар фойдаланиш имкониятига эга. Японияга боришни орзу қилган талабалар ҳам фойдаланиши мумкин, фақат бу грантдан эмас. Япония элчихонаси томонидан бошқа грантлар бор. Ўшалардан фойдаланиш имкониятига эга.

Озодлик: Ҳозирги кунда ўзбекистонлик ëшлар учун Япония томонидан ажратилаëтган умумий грант миқдори қанча?

- Умумий грант бўйича мен ҳозир сизга аниқ бир рақамни келтира олмайман. Лекин бу JICAнинг грантидан ташқари бевосита Япония Олий таълим вазирлиги томонидан ажратиладиган грантлар бор. Ундан ташқари,бошқа япон ташкилотлари, институтларнинг ўз грантлари бор. Имкониятлар жуда кўп.

Озодлик: Булар орасида энг каттаси шу 2,6 миллионлик грантми?

- Ҳа, шу энг катта дастур.

Озодлик: Айнан шу лойиҳа асосида неча киши Японияга бориб ўқиши мумкин?

- Бу йилги грант бўйича 15 нафар. Ҳукумат ишчилари бориб, магистр даражасини олиб келиш имкониятига эга бўлишади.

Озодлик: Айнан ҳукумат ташкилотларида ишлайдиган ходимларни юбориш шарти ким томонидан белгиланган?

- Ўзаро келишув асосида шу қарорга келинган.

Озодлик: Бу қарордан мақсад нима?

- Мақсад Ўзбекистондаги мутахассисларнинг малакасини янада ошириб, ватан равнақи учун ҳисса қўшишдан иборат бўлса керак.

Озодлик: Масаланинг бошқа бир томони ҳам бор-да. Кўпчилик ëш талабалар хорижга давлат грантлари ёки ҳукуматлараро келишув асосида тақдим қилинган грантлар асосида борса, кўпинча ўқишни битириб қолиб кетади хориж давлатларида. Шунинг олдини олишга қаратилмаганми бу мақсад, деган савол пайдо бўлади.

- Унинг олдини олишга ҳам қаратилган. Худога шукур, бу грант асосида шу пайтгача 306 ўзбекистонлик бориб ўқиб, қайтиб келишган. Ҳар бири Ўзбекистонга қайтиб келиб ўзининг олган билимларини ишлаб юрган ташкилотларига тадбиқ қилиб, ватанимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти.

Озодлик: Кетишдан олдин, албатта қайтиш шарт, деган қанақадир шартномаларга имзо қўйишмайдими?

- Шунақа шартнома ҳам бор. Бу ҳам Япония, ҳам Ўзбекистон томонидан тузилган. Ҳар бир грант совриндори шундай шартномага қўл қўяди ва ўқиб келгандан кейин Ўзбекистонда ўз фаолиятини бажариш мажбуриятини оладиган шартномага қўл қўяди.

Озодлик: У мажбурият муддати қанча?

- Икки йилдан беш йилгача. Аслида бу масала ҳар кимнинг ўзига боғлиқ бўлса керак. Бир хиллар мажбурият олгани учун қайтиб келади, бир хиллар ватан туйғуси бўлгани учун қайтиб келади. Мен ўзим ҳам грант олиб ўқиб келганман. Келиб чет эл ташкилотига ишлаяпсиз дейсизку, лекин бу ташкилот айнан бизнинг ватанимиз Ўзбекистон ривожланиши учун ҳисса қўшаëтган ташкилот. Шунинг учун ҳам мен шу ерда ишлаяпман.

Озодлик: Яқиндагина Японияда табиий офат содир бўлган эди. Қайта тиклаш ишлари учун 300 миллиард доллар зарурлиги айтилган эди. Шунга қарамасдан, Япониянинг Ўзбекистонга ажратаëтган грантлари сони қисқардими ëки қисқармадими?

- Қисқаргани йўқ. Катта талофатларга қарамай режаланган беғараз ëрдамлар ва барча дастурларни давом эттириш кўзда тутилган. Ҳозир 12-грантга қўл қўйилган бўлса, кейинги йил 13-грант дастурини олиб бориш режалаштириб қўйилган.

Озодлик: Ўзбекистонликлар ҳам табиий офат пайтида Японияга қанчадир ëрдам жўнатган эди-а, JICA орқали?

- JICA орқали, деб айта олмаймиз. Лекин биз JICA ходимлари ҳар биттамиз ўзимиз келишган ҳолда маблағ йиғиб, кўнглидан чиқариб берганларнинг ҳам маблағини йиғиб, банк орқали жўнатган эдик. Тахминан, 25 минг АҚШ доллари. Бу бутун Ўзбекистон бўйича йиғилган маблағ эди, дея хотирлади JICA агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси маъмурий ишлар бўйича мувофиқлаштирувчиси Ҳилола Шоазизова.