Германия ва Франция иқтисодий вазиятдан хавотирда

Германия Канцлери Ангела Меркел ва Франция Президенти Николя Саркози бир ҳафтадан бери жаҳон бўйлаб давом этаётган иқтисодий қийинчиликлар фонида тезкор чораларни кўришга чақирди.

Икки давлат етакчиси Европа Иттифоқи томонидан июл ойида келишилган ислоҳотларни “кечиктирмасдан амалга ошириш”, хусусан, евро пул бирлигига бўлган ишончни тиклаш учун қарзга ботган Испания ва Италияни бюджет дефицитини қисқартиришга чақирди.

Айни пайтда Катта Еттиликка кирувчи давлатлар расмийлари душанба куни қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги вазиятни муҳокама қилишларини маълум қилди.

Шанба куни Standard & Poor's молиявий ширкати Қўшма Штатларнинг кредит рейтингини ААА даражасидан бир поғона пастроққа АА+ кўрсаткичига тушургани жаҳон бўйлаб молиявий бозорларда саросимага сабаб бўлди.