Қашқадарёдаги тўйда куёвни гўшанга остонасида осмонга отиб қутлаган куёвнавкарлар уни қўлдан тушириб юборган.
Чироқчи туманининг Чиғана қишлоғидаги хонадонлардан бирида бир неча кун муқаддам бўлиб ўтган тўй кечаси якунига яқинлаган кезда куёвнавкарлар маҳаллий одатга мувофиқ куёвни гўшангага кузатишдан олдин осмонга отиб қутлаш маросимига киришган пайтда фожиа юз берди¸ деб ëзди “Harakat.net” нашри.
Бу тўйда меҳмон бўлган кекса чиғаналик буванинг сўзларига таяниб, чироқчилик Эшмурод аканинг Озодликка айтишича, базми-жамшидда ичиб маст бўлиб қолган куёвнавкарларнинг қалтис ҳаракати 20 ёшлар атрофидаги куёв боланинг гўшанга остонасидаги фожиали вафотига сабаб бўлган.
- Йигитлар куëвни кўтариб, осмонга отиб тушираëтган экан¸ ерга тушиб ўлиб қолибди йигит, дейди. Қишлоқдош бир чол кўрган экан, айтиб қолди. Салкам 70 га яқинлаган чол гапириб бериб ҳам йиғлаб юборди, шўрлик. Фарзандни тарбиялаб, 20-25 ëшга олиб боргунча одам қанча яхши кунларни, қанча ëмон кунларни бошдан ўтказади, ахир. Шундоқ тўйи кунида қўлдан бериш қанчалик оғир, дейди чироқчилик Эшмурод ака.
Унга кўра, кейинги пайтларда тумандаги тўй маросимларда одам ҳаётига хавф туғдирувчи одатлар кўпайиб бормоқда.
- Ҳозир бу мода тусига кираяпти, урф бўлиб қолаяпти. Куëвни кўтариш, отиб ўйнаш. Яна ЗАГС деган нарса бало-қазодай ëпирилиб келди ҳозир. Машинада кетаëтган йигитлар нариги машинадаги йигитлар билан 70-80-90 километр тезликда ëнма-ëн бориб, бир-бирини шампан билан сийлаб, ароқ ичишлар бор, шундай катта тезликда кетаëтган ҳолатда, дейди қашқадарёлик суҳбатдош.
20 ёшли куёвнинг ўз тўйи оқшомида яқин дўстлари ҳазилидан вафот этишидек фожиа юз берган Чиғана қишлоғи, суҳбатдошларимизнинг айтишича, Чироқчининг чўлида жойлашган, ичимлик суви, алоқа ва электр таъминоти ўта аянчли аҳволда бўлган бир ҳудуддир.
Бу қишлоқ билан телефон алоқаси ҳам ўта оғир бўлгани боис бу қишлоқдаги ягона мактаб ва қишлоқ амбулатория пунктига кун давомида ҳам боғланишнинг имкони бўлмади.
Тўй базми якунига яқинлаган кезда келин-куёвни даврадан кузатиш олдидан куёв болани осмонга отиш маросими нафақат Қашқадарë, балки қўшни вилоятларда ҳам кузатилади.
Бу маросимнинг қандай кечишини сўзлаб берган қашқадарёлик шифокор Тоҳир Давлатов бунинг киши саломатлиги учун жуда хавфли экани, чунки одатан куёвнавкарларнинг деярли ҳамма ҳолатларда маст бўлишини хавотир билан таъкидлайди.
- Кечки базмда куëвжўралар куëвни кўтариб осмонга отиб, илиб олади ерга туширмай. 2,5-3,5 метр тахминий баландликда ҳамма ўртоқлари ўртага олиб туриб осмонга отади-да. Бу ўн мартагача ҳам давом этиши мумкин. Менимча, шундай пайтда тушиб кетганда. Елакаси билан тушган бўлса, бирор жойи узилиб кетган бўлиши мумкин. 2-3 метр баландликдан чалқанча қаттиқ ерга тушгандан кейин узилиб кетадида, дейди қашқадарёлик шифокор Тоҳир Давлатов.
Бу суҳбатдош ўз ҳаёти давомида бунақа маросимларга кўп гувоҳ бўлганини айтар экан, куёв боланинг яқин дўстлари қўлидан тушиб кетиб, ўлиб қолгани ҳақида биринчи бор эшитишини қўшимча қилади.
Қашқадарёлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов бу хабарни Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармасидаги манбалардан олганини ва Чиғанадаги шу воқеа ортидан бутун вилоят бўйлаб ички ишлар бўлимлари профилактика чора-тадбирларига сафарбар қилинганини айтади.
Журналист ўзи гувоҳ бўлган ҳолатлардан бирини ҳам қўшимча қилди.
Унга кўра, бир гал ширакайф куёвнавкарлар куёв болага аталган телевизорни унинг қўлига ирғитиб бермоқчи бўлган ва совғани бундай тақдимотидан шошиб қолган куёв бола илиб ололмагани боис, телевизор ерга тушиб синган.
- Телевизорнинг чил-чил синган экрани овозидан яқин-атрофда турган томошаталаб аёлларнинг ўтакаси ёрилиб, қий-чув бўлиб кетган эди, деб эслайди журналист.
Шу кунларда тўй-ҳашамлардаги турли-туман томошалар Тошкент шаҳрида ҳам кўпайётгани тилга олган журналист, айниқса, ЗАГСдан ўтиб келаётган келин-куёв машинаси билан куёвжўраларнинг шаҳар кўчаларидаги автопойгаси жуда хавфли бўлиб бораётганини айтади.
- Жуда кўпчилик ЗАГСга бораëтганларда йўлларни тўсиб қўйиб, ЗАГС машиналари ҳаракатларга халақит берган ҳолатлари бўлади. Ўзбекистон телевиденисининг "Ëшлар" каналида бунга махсус кўрсатув ҳам бўлди. Кўрсатувда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармаси тўйларни ўтказадиган кортежларни махсус огоҳлантиргани айтилган. Ўзига хос чақириқлар эълон қилинди, дея қўшимча қилади ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов.