Барнаулда ўғирланган ўзбек қизи Новосибирскда топилди

Россиянинг Барнаул шаҳрида 11 август куни ўғирлаб кетилган ўзбекистонлик 1,5 яшар Муштарий Собирова Новосибирскда топилди.

Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, Муштарийни онаси яшаётган квартирадаги бир хонани ижарага олган эркак олдига келган Лиина Самоделкина исмли аёл ўғирлаб кетган.

Қизалоқнинг онаси воқеа ҳақида полицияга хабар қилганидан сўнг тезда қидирув ишлари бошланган.

12 август куни Новоалтайск шаҳрида қўлга олинган 22 яшар Самоделкина ўзбек қизини Новосибирск шаҳрига олиб боргани ва уни ўша ерда йўқотиб қўйганини бўйнига олган.

Россия полицияси ходимлари муқаддам икки марта судланган Лиина Самоделкина 1,5 яшар ўзбек қизини ўғирлаб кетгани сабабини ўрганмоқда.