Мардикорлар нолимасдан, мендек ўтин арраласин!

"Эркин микрофон"га Сирдарёдан қўнғиро қилган тингловчимиз, иш излаб Россияга кетган миллионлаб мардикорларни Ўзбекистонга қайтиб, ишнинг кетига тушишни тавсия қилади. Мендек ўтинчилик қилса, 100 минг топади, дейди Ғайратжон Қўлдошев.

“Ўзбекистонда иш йўқ, деганлар бекор айтибди”
“Эркин микрофон” эшиттиришига Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидан боғланган Ғайратжон Қўлдошев “Ўзбекистонда иш йўқ” деганларга эътироз билдирди.

- Ўзбекистонда иш йўқ деб нолиб Россияга бориб олиб гапираëтганларга айтаманда. Қўлидан иш келадиган одамга ҳамиша иш бор. Қўлидан иш келмайдиганлар Россияда ҳам ишлай олмай юрибди. Масалан, менинг қўлимдан иш келади. Бир кунда 100 минггача беради. Қора иш лекин.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

- Дарахт кесувчиман. Одамлар уйига чақиради, ўтинини арралайман. Кунига телефонимга заказ бўлади. Бораман, ишлайман. 50 минг обедгача топаман. Данний момент бизда уста зотига иш қирилиб ëтибди. Девор урадиган уста топа олмаяпмиз.

Озодлик: Одамларни балки мана шунақа иш учун бериладиган маблағ қонитирмаëтгандир.

- Айтаяпманку, бир кунда топадиганим 100 минггача топаман.

Озодлик: Яна қанақа ишлар бор иш қиламан деганга?

- Чим теришни билса, ғишт уришни билса, ғишт уришни биладиганга иш бор мана. Штукатуркани билса унга. Ҳозир Россиядан келган болаларни қўли қўлига тегмай одамлар олиб кетаяпти.

Озодлик: Сиз бир ойда қанча топасиз?

- Кунига ўртача 50 мингдан ҳисоблаганда ҳам бир ярим миллион топаман бир ойда.

Озодлик: Агар пул топишнинг иложи бўлса, болалар 300-500 доллар учун Россияда хўр бўлиб юрмасдику.

- Иложи борку мана. Мен топаяпман. Мен ëлғон гапирмасам керак, рўза пайти!

Озодлик: Мен сизнинг гапингизни шубҳага олмаяпман. Сизда бор экан бу иш. Қолганларга ҳам борми шунақа иш демоқчиман.

- Қолганларга ҳам қўлидан келса иш кўп.

Озодлик: Унда Россияга кетаëтганлар нима учун кетишаяпти экан?

- Қўлидан иш келмаяпти. Мана бу ерда пул топа олмаяпман деб кетаяпти. У ëқда ҳам барибир топа олмайдида у.

Озодлик: Сизга нақд беришадими ëки насиями?

- Нақд. Насияга менинг аррам юрмайди.

Озодлик: Одамларда шунчалик нақд борда энди-а?

- Нақд ҳаммада бор ҳозир. Мана уч-тўрт йилдан буëн ишлайман. Нақдга фақат. Бир хиллар ўтин қилдиради, майдалатади. Тўйга чақириб ўтин қилдиради ëки ифторга чақириб ўтин қилиб бер дейди. Бориб, арралаб майдалаб бериб кетаман. Яшаш яхши. Нолийдиган даражада эмас. Оддий камбағал ҳам ҳозир ресторанда тўй бераяпти. Биттаси “Вой умуман иш йўқ. Қийналиб кетдик. Чиқиб кетдик” деб биттаси пешонаси тиришиб гапирдику. Айтаманки, қўлидан иш келмайдики, иш йўқ деб айтади, дейди сайхунободлик суҳатдошимиз Ғайратжон Қўлдошев.

“Олимлар сайёра кашф қилгунча иқтисодимизни моделлаштирсин!”
Фарғоналик иқтисодчи, ўқитувчи Маъруф Абдураҳмонов Озодлик дастурларида ҳавога узатилган “Мустақилликнинг 20 йили: илм-фанда нима ўзгариш бўлди” сарлавҳали мақолага ўз муносабатини билдирди.

- Ўзбек олимлари 20 йил ичида қилган жуда катта улкан илмий ишлари, кашфиëтлари ҳақида гапирилди, ютуқлар ҳақида гапирилди. Муносабат билдириб айтмоқчи эдимки, бу жуда ҳам яхши. Неча миллиард, неча миллион йилдан бери ҳеч кимга маълум бўлмаган қайсидир сайëрани излаб топганлари жуда ҳам оламшумул аҳамиятга эга бўлган қандайдир иш бўлган бўлиши мумкин. Лекин ўзимизнинг олимларимиз, иқтисодиëт билан машғул бўлган, аналитик билан шуғулланиб юрган одамларимиз жуда ҳам яхши бўларди агар Фарғона водийсида, айниқса Фарғона, Олтиариқ шаҳар ва туманларидаги деҳқонлардан жуда катта миқдордаги узумларни, меваларни, қовун ва тарвузларни Россияга чиқариб сотиш йўлини кенг очиб берганларида, бунинг учун керакли инфратузилмаларни ташкил қилиб берганларида, темир йўл вагонларида, совутадиган рефрежериторларда юбориб ташкил қилиб берганларида иқтисодий моделлаштириш дейиладида бу нарсалар. Мардикор бўлиб бошқа шаҳарларга бориб юргандан кўра шу ернинг ўзида маҳсулот ишлаб чиқариб, ўша ëқларга етказиб бериш. Шуларни илмий нуқтаи назардан моделлаштириб, диссертация, бошқаларда илмий ҳисоб-китобларини ечиб берсалар яхши бўлмасмикан деган ниятим бор эдида, дейди фарғоналик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов.

“Уч сменали ўқиш бўладиган мактабимиз яна таъмирсиз қолди”
“Эркин микрофон”га боғланган чироқчилик Рўзимурод ака ўз қишлоғидаги умумий ўрта мактабнинг йиллар давомида зарур даражада таъмирланмаслиги ва ҳадемай уч сменада ўқийдиган ўқувчилар яна қишли-қировли кунларда азоб чекишидан хавотир олиб сўзлади.

- Қори Ниëзий номидаги 24-мактаб борда. Беш йилдан буëн шундай ташландиқ ҳолга келиб ëтибди. Қурилиш бошлангану, лекин ҳеч қандай бир силжиш йўқ. Шўртангазкимë мажмуаси оталиққа олган эди. Ташлаб кетишгани кетишган. Бетонларни тушириб ташлаган. Шундай бир хароб аҳволга келиб ëтибдида. Чироқчи туманидаги энг харобларидан. Болалар 15 кундан кейин уч смен ўқиши керак. Жуда ночор аҳволдада. Ҳали қишнинг қировли кунлари келади.

Озодлик: Қишда иситишадими бу мактабни?

- Иситиш ҳам ўзига яраша. У нарсани ўзи йўқ деса ҳам бўлади. 6-7та синф хонага бир тонна, 800 кило кўмир берса, нима бўлади у? Энг ози билан 100-120 кун печка ëниши керак.

Озодлик: Таътил энди ҳозир таъмирлаш пайтида.

- Таъмир ҳам энди йўқ ҳисобда.

Озодлик: Ремонт учун ўқувчилардан пул йиғиладими?

- Ҳа, албатта. Ҳамма нарсага пул йиғилади. Ремонтга ҳам, краскага ҳам, бирор-бир тадбир бўлса унга ҳам.

Озодлик: Пул йиғилади, лекин ўша пулга яраша ремонт бўлмайди ëки йиғилган пул ҳам ҳеч қанча бўлмайдими?

- Йўқ, унга яраша бўлмайди. Мен энди нафақадаги одам. Куюнаманда болалар, неваралар қийналиб ўқигани учун, дейди чироқчилик Рўзимурод ака.

“Ишга кириш учун билим эмас, 5-10 минг доллар пул керак”
Андижонлик киракаш бир йигит эса “Эркин микрофон”га боғланиб, ўзининг олий маълумотли экани, аммо яхшироқ ишга жойлашиш учун маълумот эмас, яна нақд пул керак, деб билиши ҳақида сўзлади.

- Мен ўзим шофëрман. Киракашлик қиламан. Ўқиганман. Автодорожний институтни битирганман. Бир ярим йил армияда хизмат қилганман. Иложим йўқ, пулим йўқ. Отамнинг ҳам пули йўқда. Иложи йўқ энди шофëрлик қиламан. Отам ҳам шофëр бўлган. Генералнинг ўғли генерал бўлади, шофëрнинг ўғли шофëр бўладида. Олий маълумотлиман. Тошкентда автодорожнийни битирганман. Отамнинг 5-10 минг доллар бўлганда, олиб кириб қўярди.

Озодлик: 5-10 минг доллар билан бирор жойга олиб кириб қўйса ҳам, сизга иш бормиди унда?

- 5-10 минг доллар бўладиган бўлса, мен битта столда ўтираман. Кўчада ГАИга ўхшаб полка ушлаб турмайман. ГАИлар ҳам нархозни битирган ëки пахтачилик институтни битирган, дейди андижонлик суҳбатдош.

“Сенат раиси жавоб берсин”
Озодликка боғланган яна бир тингловчимиз Ҳазратқул Эрназаров эса Ўзбекистон Сенати раиси Илгизар Собировга ўзининг ишдан ноҳақ олингани ҳақида арз қилиб, неча бор маткуб йўллагани, аммо олинган жавоблардан қониқмаётганини айтади.

- Сенатнинг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари кўриши керакку. Айтиш керак. Айтмасдан у толко диспетчер вазифасини бажаради. Илгизар Собировга жўнатаманда мен ҳар сафар. Энг каттада. Республикада энг ишонган одамимиз шуку.

Озодлик: Илгизар Собировдан қанақа жавоб келади?

- Илгизар Собиров Ортиқова хонимга туширади. У киши Олий судга ëки Бош прокуратурага “кўриб чиқилсин мазмунан” деб юборади.

Озодлик: Сизга ўша ëққа жўнатгани ҳақида жавоб ëзадими?

- Ҳа.

Озодлик: Жараëн бирор ëққа қараб силжияптими?

- Кейин натижа бўлмайди. “Олдин 2005-2006да жавоб берганмиз” деб жавоб келади. Ҳеч қандай натижа бўлмаяпти. Ҳуқуқим бузилганини булар билаяпти. “Кўриб чиқилсин” дейди. Лекин боягилар кўрмаяпти. Шунақа копток бўлиб ëтибди. Ўзбекистонда қонун ижроси йўқда умуман, дейди суҳбатдошимиз Ҳазратқул Эрназаров.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!