Икки ёлғон орасидаги гаплар

1990 йилнинг 10 июн куни - Ўш кўчаларини совет танклари қўриқламоқда.

Ислом Каримов 1990 йилги миллий низо кунлари Ўшга бориб урушни тўхтатиб қолган. Тошкент омма онгига қуйдиришга уринаëтган бу даъво - яна бир ëлғон.

Озод Шарафиддиновнинг хотиралари

Ёши 50 дан ошган бир ўшлик танишим билан куни кеча - “Мустақиллик арафасида ёки Шўроларнинг сўнгги талвасаси” филми намойиш қилинганидан сўнг гаплашиб қолдим.

Икки ўшлик филмнинг 90 йилги Ўш воқеаларига оид қисмини муҳокама қилдик.

Филмда Озод Шарафиддинов Ўш воқеаларини эслар экан, жумладан¸ мана бундай дейди:

- Бунда ҳам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг матонати, қатъияти, масаланинг моҳиятини тушуниши жуда катта рол ўйнади. Ислом Абдуғаниевич дарҳол Ўшга етиб борди. Бу ҳам катта санъат. Оломон билан гаплашиш бу жуда катта санъат. Чунки оломон бошқарилмайдиган куч. У бир мажлис эмаски қўл кўтар, қўл тушир, бошқа деган йўл билан бошқариб бўлса. Йўқ¸ у бошқарилмайди. Юр деса юрадиган, ур деса урадиган куч, қора куч, кўр куч бу гарчи ичида кўзи очиқ одамлар бўлса ҳам. Шунинг учун оломон билан гаплашиш ҳаддан ташқари катта мардликни, катта доноликни талаб қилади. Каримов мана шунинг уддасидан чиқди ва ўша ерда жангни ëки ихтилофни ëки тўқнашув, низонинг кучайиб кетишининг олдини олди. Низо тўхтади, дея эслайди Озод Шарафиддинов бундан 20 йил олдинги воқеаларни.

Ўшлик Озод Шарафиддиновни айблади

"Ёлғон, деди ўшлик танишим, ғирт ёлғон, қип-қизил ёлғон, деди ҳайқириб. Домла ўзиям таги ўшлик эди-ю нима зарилийди ёлғон гапириб?!"

Танишимнинг қизишганича бор – чиндан ҳам Каримов ўшанда – 1990 йилнинг июнида Ўшга бормаган ва табиийки, оломоннинг орасига ҳам кирмаган.

Кейинроқ, анча кейин, тўполон тўхтагач, тўкилган қонлар қотиб-қовжираб ҳавога учгач, тўкилмаганлари - томирлардагиси совугач, орадан камида икки-уч ой ўтиб, 90-йилнинг кузида борган Ўшга Каримов. Акаев билан Ўшда учрашган.

Ўшликлар Ислом Каримовдан ўшанда рози бўлган эди. Бишкеккамас, айнан Ўшга борганидан рози бўлган эди. Ўшлик ўзбекларнинг биронтаси билан учрашмай қайтворган бўлса ҳам рози бўлган эди. Ўшликлар ўшанда бир-бирига дакки берганини эслади танишим: Қайси биримиз билан учрашсин?

Ислом Каримов 1990 йил июнида Ўшга борган бўлганида бу воқеа Чингиз Айтматовнинг назаридан четда қолмаган бўларди.

Айтматовнинг гувоҳлик беришича, уни Каримов 1990 йилнинг 7 июнида Тошкентда кутиб олган ва Ўшга кузатиб қўйган.

Ўшлик Айтматовни ҳам айблади

- Айтматов оқсоқолнинг 7 июн куни Москвадан Тошкентга учиб келгани, ўша куниёқ Ўшга учгани рост, лекин уни Каримов кутиб олиб кузатиб қўйгани ёлғон, дейди танишим.

- Буни сиз қаердан биласиз, дейман бироз ғашим келиб.
(Озод Шарафиддиновни ёлғончига чиқарганида келмаган ғашим - чунки ўшлик бўлганим учун мен ўзим ҳам уруш кунлари Каримовнинг Ўшга келмаганини билардим-да - мана энди Айтматов оқсоқолниям ёлғончига чиқараётганида кела бошлади).

- 7 июн куни Тошкентдаги Ҳукумат аэропортида бўлганман, Айтматов билан гаплашганман, уни ким кутиб олиб, ким кузатиб қўйганини биламан, деди танишим.

- Опқочманг, дедим ўшча қилиб.

- Опқочмаяпман, деди танишим.

- Айтматовнинг ўзи китобида аниқ-тиниқ ёзиб қўйибди-ку?!

- Ёлғонни ёзган Айтматовингиз...

Демак, шу ўринда Айтматовнинг ёзганларини эслаш зарурати бор.

“Чўққида қолган овчининг оҳи-зори”дан бир парча

90-йиллар ўрталарида Чингиз Айтматов билан қозоқ шоири Мухтар Шахановнинг ўзаро суҳбатлари тарзида ёзилган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китоби чиқди.

Орадан кўп ўтмай китоб ўзбекчага ўгирилди. Китобда Айтматов оқсоқол бошқа ўнлаб воқеалар қаторида 90-йилги Ўш фожиаси билан боғлиқ воқеани ҳам эслайди.

Китобдан бизни қизиқтираётган каттагина парчани ортиқча тафсилотларни тушириб қолдириб келтирамиз.

“Айтматов: Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан мен илк бор 1990 йилда учрашганман.

Ўш фожиалари эсингдами? Икки қардош халқ ўртасида кутилмаганда нифоқ пайдо бўлиши, қон тўкилишига мен бефарқ қараб туролмадим.

Сессия пайтидаёқ Горбачёв билан учрашдим-да: "Ўшга боришимга рухсат берсангиз. Мен у ерга боришим керак. Нима бўлаётганини кўриб, қўлимдан келганча одамларга ёрдам бераман", дедим. Горбачёв шу заҳоти КГБ раиси Крючковни, Мудофаа вазири Язовни чақириб: "Дарҳол махсус самолёт ҳозирлансин!" деб буйруқ берди.

Ўша куниёқ Чкалов номидаги аэродромдан бир гуруҳ ўртоқлар билан ҳарбий самолётда учиб кетдим. Тошкентга қўнишимиз биланоқ мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Одил Ёқубов билан телефонда боғландим.

Биз учрашдик. Тайёрагоҳнинг ўзида шошилинч кенгаш ўтказдик. Тез орада менинг келганимдан хабар топган Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби Ислом Каримов аэропортга етиб келди. Ҳар доимгидек муайян бир масалага бутун диққат-эътиборини жамлаган, ҳаракатчан, ғайратли эди. Яккама-якка¸ чин дилдан гаплашдик.

Каримов билан гапимиз бир жойдан чиқди. У менинг фикр-мулоҳазаларимни батамом қўллаб-қувватлади ва самолёт зинапоясига қадар кузатиб қўйди.

Ўша пайтда менинг ёнимда Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодиров ҳам ўтирган эдилар. Улар ҳам менинг фикрларимни қувватлашиб, бутун ўзбек халқини босиқликка чақирдилар.

Қадимдан қон-қардош бўлган икки халқ ўртасида пайдо бўлган нифоқни бартараф этиш борасида ўшанда Ислом Каримов улкан давлат арбобига муносиб бўлган ақл-идроқ, донолик намунасини кўрсатди”.

Чингиз Айтматов билан қозоқ шоири Мухтар Шахановнинг ўзаро суҳбатлари тарзида ёзилган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобидан парча келтирдик.

Қайсар ўшлик танишимнинг шарҳи

Айтматовнинг китобидан олинган парчадаги гаплардан ёлғон топди ўшлик танишим.

- Айтматовнинг Тошкентга учиб келгани рост, кенгашилгани рост, ўшанда Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодиров бўлгани ҳам рост. Фақат бир нарса ёлғон!

- Нимаси ёлғон?

- Каримовнинг аэропортга келгани, Айтматовни самолётга кузатиб қўйгани ёлғон.

- Сиз қаердан биласиз?

- Ўзим бўлганман аэропортда. Ўша учрашувда бўлганман.

- Опқочманг, дедим яна бир марта. Ким гувоҳ бўла олади гапингизга?

- Айтматовнинг ўзиям, Одил Ёқубов ҳам, Пиримқул Қодиров ҳам марҳум бўлиб кетишган. Лекин ўшанда Москвадан Айтматов билан бирга учиб келган шоир Собит Мадалиев, ўша учрашувда иштирок этган “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳлар ҳаёт. Ўшалардан сўрашингиз мумкин. Улар, балки мени эслай олишмас, лекин учрашув тафсилотларини яхши эсласалар керак, деди-да ўшлик танишим 90 йилнинг 7 июнида қандай қилиб ҳукумат аэропортига бориб қолганини айта бошлади.

Муҳаммад Солиҳнинг гувоҳлиги

Танишимнинг гапини бўлдим. Аввал асосий масалани ҳал қилиб олайлик: агар ўша куни Айтматов Тошкентда Ислом Каримов билан учрашмаган бўлса, унда ким билан учрашган?

Бу саволни Муҳаммад Солиҳга бердик. Унинг айтишича, Айтматов билан ҳукумат аэропортида Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси Шукрулло Мирсаидов бўлган.

- Менга Каримов телефон қилди, кейин Мирсаидов телефон қилди. “Ўшдаги воқеаларни тўхтатиш керак. Бирликнинг аъзолари ҳам қатнашган бўлиши мумкин ўша уруш-жанжалда. Андижон чегарасида ўзбеклар жуда кўп тўпланди ва улар киришга тайëр турибди. Шунинг учун, яъни миллатлараро низонинг олдини олиш учун ҳозир Чингиз Айтматов Москвадан учиб келди махсус учоқда. Ўша билан гаплашиб бир қарорга келинглар. Мана Мирсаидов боради” дегандан кейин, биз энди у пайтда депутат эдик, мен у ерга борганман. Борсам, Мирсаидов бор, ëнида Чингиз Айтматов, дейди Муҳаммад Солиҳ.

Демак, Муҳаммад Солиҳга кўра, Ислом Каримов Айтматовнинг Тошкентга келишидан хабарсиз бўлмаган. Лекин Каримовнинг ўзини Солиҳ аэропортда кўрмаган.

- Мен борганда Каримов йўқ эди. Каримов бўлса, мутлақо кўришардик. Чунки у пайтда бизнинг престижимиз жуда юксак эди. Агар бўлса, мутлақо кўришардик, деб эслади Муҳаммад Солиҳ 1990 йил 7 июнида Тошкентдаги ҳукумат аэропортида бўлиб ўтган учрашувни.

Солиҳнинг бу гапидан сўнг ўшлик танишимнинг ҳикоясини эшитишга қарор қилдим.

Ўшлик танишим билан суҳбат

- Бундан 20 йил олдин сиз бир оддий ўқитувчи эдингиз, шекилли? Қандай қилиб Тошкентда Айтматов билан учрашиб қолгансиз? Яна ҳукумат аэропортида-я?!

- Воқеанинг тафсилотлари кўп. Лекин мен кераклисини айтай. 1990 йилги уруш 4 июн куни бошланганди. 5 июн куни маҳалламиз аҳли ёрдам сўраб Москвага вакил юборадиган бўлди. Ўшанда одамлар бир депутатимизни жўнатадиган бўлди. Унга қўшиб ўрисчаси яхши, тириккина йигит, деб мениям танлашди.

Икки курсдошим ўша даврда СССР халқ депутати бўлгани учун, улар билан учрашарман, улардан бир масалаҳат чиқар, демак, менинг боришимдан фойда бўлса борки, зарар йўқ, деб рози бўлдим.

Йўлга чиқдик. Андижоннинг Луғумбегига учрадик. Айтганим депутатлардан бири Рустам Казаков ўша ерда яшарди. Уйда экан, “Москвага боришнинг фойдаси йўқ, ит эгасини танимаяпти”, деди.

Тошкентга қараб кетдик. 6 июн куни эрталаб етиб бордик. Москвага бориш ниятимиздан қайтганимиз йўқ, лекин йўл устидаги Тошкентга кирмай кетолмасдик.

- Ўҳ-хў, гап кўп шекилли...

- Янаям индаллосини айтаяпман. Эшитсайиз гапирай, бўлмаса...

- Майли, майли, гапираверинг.

- Хуллас, ўша куни бизни – депутат, яна бир шеригимиз ва мени Шукрулло Мирсаидов (Ўзбекистон ССР Министрлар совети раиси – С.У.) Совминнинг биносидаги кабинетида қабул қилди. Бўлган-кетган гапларни айтиб бердик. Биз билан гаплашаётиб орада телефонда ТуркВОнинг қўмондонига буйруқлар берди. Кейин Айтматов билан гаплашди телефонда. Ярим соатларча гаплашди. Бировнинг ғийбатиниям қилишди. Горбачёвни гапиришаяпти, деб тушундим. Трубкани қўйиб, “Айтматов эртага келади, балки бирга кетарсизлар Ўшга”, деди.

- Москвага бормаганмисизлар?

- Москванинг ўзи келаётган бўлса, нима қилардик бориб? Ахир Айтматов Горбачёвнинг маслаҳатчисимией, ёрдамчисимией, ишқилиб Катта Одам эди-да!

- Хўп, ундан кейин нима бўлди?

- Ўша куни Тошкент шаҳар ҳокими Мирсаидовнинг топшириғи билан бизни Совминнинг Луначарский кўчасидаги дачасига олиб борди. Дам олган бўлдик. Эртасига яна Мирсаидовнинг олдига бордик. Совминнинг биринчи қаватидаги конференц залда мажлис ўтказди. Зални қарасам, одамларнинг ярмидан кўпи ўшлик. Биздан бошқаларам борган эканда, ёрдам сўраб. Биз залнинг тўрисида, Мирсаидовга яқин ўтирдик. Биз ўтирган столнинг нариги тарафида Абдураҳим Пўлатов ҳам ўтиргани эсимда.

- “Бирлик”ми?

- Ҳа, ўша. Митинг қиламан, деди Пўлатов. Мирсаидов қимайсан, деди. Ҳў пойгакда ўтирган милиция бошлиғига агар митинг қилишса, калтаклайсан, деди. У ўрнидан дик этиб туриб, “есть”, деди. Айтганча, ўша есть, деган ҳам асли ўшлик, исми Ураимжонмиди, кейин республика божхонаси бошлиғи бўлган...

- Хўп, кейинчи, кейин нима бўлди?

- Кейин Мирсаидов депутат шеригимга тайёр бўлиб туриши кераклигини, аэропортга бориши мумкинлигини, ўзи билан биронта шеригини оливолиши мумкинлигини айтди.

- Ким ўша депутат, фамилияси нима?

- Фамилиясини айтолмайман, ўтган йилги урушдан кейин емаган сомсасига пул тўламаслик учун Қирғизистондан чиқиб кетган.

- Демак, аэропортга бординглар?

- Бордик. Мен ўзимча, катта аэропортга борамиз, деб ўйловдим. Йўқ, ёнида алоҳида ҳукумат зали боракан. Ўшанга бордик. Мирсаидов ўша ерда экан, "Время"нинг мухбирлариниям кўрдим. Кейин Айтматов бинога кирди. Биз билан аввал гаплашиб, кейин чой ичилдими ё аввал чой ичилиб, кейин гаплашилдими, эсимда йўқ. Лекин дастурхон атрофида мен Айтматовнинг ўнг томонида, шундоқ ёнма-ён ўтирганим эсимда. Айтматовнинг нариги ёғида депутатимиз, рўпарасида Мирсаидов ўтирган. Сомса еганмиз, шўрва ичганмиз, ош еганмиз. Мирсаидов туз тотмаган. Бирини иккинчисига улаб чеккан¸ холос. Ўзим ҳам кашанда эканлигим учун бўлса керак, сигаретиям эсимда қолган. Пал-малнинг узунидан эди.

- Нималарни гаплашишган?

- Ўзимам шуни айтаман, деб турувдим. Айтматов оқсоқол китобида кенгаш ўтказдик, деб ёзибди. Дастурхон атрофида бўлган гапларни кенгаш, деяётган бўлса керак. Бошқа махсус кенгаш бўлган эмас. Хайрон қолгандим ўшанда. Муҳим гапларни катталар оддий гапдай гаплашиб қўёвраркан, деб.

- Каримов ҳам бормиди ўшанда?

- Ҳамма гап шу масаланинг устида кетмаяптими? Йўқ эди-да! Айматовни китобини ўқигандан кейин мен ўзимам жинни бўпқолдимми, деб ҳайрон бўлганман. Депутатдан сўраганман, Айтматов бундоқ дебдию ё Каримов бормиди, деб. Йўқ, бўлмаган, деган.

- Балки, кўрмай қолгандирсизлар?

- Қандай кўрмай қоламиз?! Ахир, кўп иш бўлгани йўқ. Чой ичилди. Алоҳида хонада Айтматов депутат икковимиз билан алоҳида ярим соатча суҳбатлашди. Боринг, ана Муҳаммад Солиҳ билан гаплашган бўлсин. Бўлди, шу билан кетдик.

- Қаерга?

- Қаерга бўларди, Ўшга-да!

- Бўптида, Сизлар Ўшга кетворгансизлар, Айтматов аэропортда қолиб Каримов билан учрашган!

- Қандай учрашсин, ахир биз билан кетди-ку Айтматов?!

- Қаерга кетди?

- Нега довдирайсиз, оғайни? Ўшга кетдик, дедимку, ҳозир.

- Айтматов билан бирга кетганмисизлар?

- Ҳа, бирга. Унинг самолётида. Мен, депутат, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Собит Мадалиевлар. Айтматов самолёт салонининг биринчи хонасида оқсоқоллар билан ўтирган. Кейинги хонасида мен, депутат, Мадалиев уччовимиз ўтирганмиз. Самолёт салонининг орқа томонида – парда ортида солдатлар борийдийкан, автоматлари билан. Бир қараб кўриб қолганман. Кейин қарамаганман ҳам. Самолётга бизни Мирсаидов кузатиб қўйган. Кейин ўзи, эшитишимча, бошқа самолётда Андижонга учган.

Тенгдошим - ўзим

Хўш, ўшлик тенгдошимнинг гапларига ишонсак бўладими?

Комил ишонч билан айта оламанки, ишонса бўлади!

Шахсан мен ишонаман.

Ахир ўзимга қандай ишонмай?!

Сизга “тенгдошим”, деб таништирганим одам менинг ўзимман-да!

Мен – Сарвар Усмон боргандим ўшанда – 1990нинг июнида Тошкентга.

Шукрулло Мирсаидовнинг қабулида бўлган - мен эдим.

Айтматов билан Ўшга учган - мен эдим.

Хўш, нима учун Айтматов оқсоқолнинг китобида Мирсаидов деган фамилия тилга олинмадию унинг ўрнига Каримов мақталди?

Буни билмайман. Оқсоқолнинг ўзидан сўрашга кеч қолдик.

Лекин бунинг сабабини тушуниш учун ўша – 1990 йил, 7 июн кунги воқеалардан яна битта детални эсламоқчиман.

Пир тутма, қул бўлма!

Совминнинг конференц залида Мирсаидов ўтказган йиғилиш тугаб, аэропортга кетар вақт бўлганида (тушликдан кейин) ҳукумат мулозимларидан бири шеригим – ўшлик депутат иккимизни ташқарида, Совмин биносига кираверишда турган оқсоқол адибларимиз – Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодировнинг олдига олиб борди, бизни уларга таништириб, “булар сизлар билан аэропортга боради”, деди.
Одил Ёқубовнинг реакцияси, тўғриси, эсимда йўқ. Лекин Пиримқул Қодиров менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди.

Шуни айтиб ўтишим керакки, афт-ангорим томоша қилса, қилгулик эди: соқолим 4 июн – уруш бошланган кундан бери қирилмаган, эгнимдаги кўйлак уруш бошланган кундан бери алмаштирилмаган – ечиб, уч кеча-кундузли теру шалтоқ қуритилсаю отиб юборилса, учиб бориб тушган ерида парчаланиб кетадиган даражада.

Урушдан олганим руҳий зарба шу қадар кучли бўлган эканки, Совминнинг дачасида имкон бўлишига қарамай на ўзим ювинганман, на кўйлагимни ювганман – юракка сиғмаган.

Ўзбекнинг икки оқсоқол ёзувчиси олдида турарканман, кўнглимнинг ҳукумат раиси билан учрашиб ҳам тўлмаган кемтиги тўлгандай бўлди.

Улар кўзимга қариндошларим – тоғаларим бўлиб кўринди.

Тоғаларим ҳозир, нима бўлди, жиян, ким сизларни хафа қилди, деб сўрашади, деб ўйладим. Айтар гапларим тилимнинг учида эди. Фақат йиғламаслик керак, йиғлавормаслик керак!

Мени ўйлантиргани шу холос. Бошқа нарсани ўйламаяпман. Соқолни ўйламаяпман. Кир кўйлакни ўйламаяпман. Яғир шимни, қийшиқ патинкани ўйламаяпман. Йиғлавормасликни, Одил тоғам, Пиримқул амакимнинг олдида йиғлавормасликни ўйлаяпман, холос.

- Ўзингизга бир қараб олсангиз бўлмайдими, ука, ахир катта одамларнинг олдига келдийз, катта одамларнинг олдига кетаяпсиз! Афтингизга қаранг?!

Пиримқул “амаким”дан чиқди бу гап. Пиримқул “тоғам” менга танбеҳ берди.

Баъзида реакциям яхши. Баъзида сўконғичлигим тутиб кетади. Одатда сўконғичлигим реакциям яхши пайтда тутиб қолади.

Лекин Пиримқул Қодировнинг танбеҳидан кейин тилим тарашага айланиб қолди. Сўкиниш қайда?!

Миям парафинга айланиб қолди. Ичимдаям сўкинолмадим.

***

Ўшандан бери “Пир”ниям ёмон кўраман, “Қул”ниям.

Сўз ўйини қилаётганим йўқ.

Тўғриси, сўз ўйинигина қилаётганим йўқ.

Аслида ҳам шундай. Пир тутмасликка ҳаракат қиламан ўшандан бери.

Қул қилиб қўймаслигини Парвардигордан сўрайман ўшандан бери.