12 сентябр куни Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси кенгашининг Oxus Gold ширкати адвокати билан учрашиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда Британия фойдасига жосусликда айбланиб¸ шу йилнинг 11 августида 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган собиқ технолог Саид Ашуровнинг озод этилишида кўмак сўралган ва Amsterdam&Peroff адвокатлик фирмаси раҳбари Роберт Амстердам имзо қўйган мактуб 18 август куни Америка-Ўзбекистон Савдо палатасига йўлланган эди.
Озодлик билан суҳбатда Роберт Амстердамнинг айтишича, палата бу мурожаатга жавобан учрашувни ваъда қилган.
- Биз Ўзбекистонга сармоя киритишни тарғиб қилишда фаол бўлган Америка-Ўзбекистон Савдо палатасига мурожаат қилдик ва улардан бу ходимнинг озод этилишида ўз имконларини ишга солишни сўрадик. Умид қилиб турибмизки, 12 сентябр куни бу палата кенгаши аъзолари билан учрашувга эришамиз, - деди Роберт Амстердам.
Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси 1997 йилда тузилган ҳамда Тошкент ва АҚШда ўз ваколатхоналарига эга.
Палатанинг жами 15 аъзолик кенгашида биргина ўзбек расмийси - Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Неъматовгина қайд этилган.
12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган Саид Ашуров эса асли Сўғд вилоятининг Панжакент туманидан бўлган Тожикистон фуқаросидир.
У шу йил Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда Oxus Gold ширкати ўртасидаги тортишув айни қизиган бир маҳалда Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.
Саидқул Ашуров чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик, давлат сирини ошкор этганлик ва жосусликда гумонланаётгани хабар қилинган эди.
Бунга қадар ҳам Саидқул Ашуров ва умуман, Oxus Gold ширкати борасида Озодликка сўзлаган Роберт Амстердам Саид Ашуровга қўйилган айбловларни асоссиз ва бу судловни Ўзбекистон ҳукуматининг Oxus Gold ширкати билан можароларига бевосита дахлдор, деб билишини айтиб келади.
Амстердамга кўра, Саид Ашуров ҳақларининг ҳимоя қилинишини сўраб, унинг оиласи президент Ислом Каримовга йўллаган мактубга шу кунга қадар жавоб берилмаган.
Роберт Амстердам Ўзбекистон ҳукумати томонидан энг йирик хорижий сармоядорлардан бири бўлган Oxus Gold ширкатининг ўзи ҳамда унинг собиқ ходимига бўлаётган бу муносабат мутлақо ўзгартирилиши, ҳозир Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётган хорижий ширкатлар бундан тегишли хулосани чиқариши шарт, деб ҳисоблайди.
- Ҳозир Ўзбекистон билан бизнес қилаётган давлатлар, менимча, бундайлар рўйхати энг тепасида турган Корея ўзаро жараёнларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ асосий масалаларни кўтаришни бошлаши зарур. Чунки хориж ширкатлари ходимларини ўзбошимча ҳолда ҳибсга олиш ва акцияларини мусодара қилишда давом этадиган бўлса, Ўзбекистон билан ишлаш, ҳамкорлик қилиш имконсиз бўлиб қолаверади, дейди Роберт Амстердам.
Озодлик мухбири Тошкентда 12 йилга қамалган Тожикистон фуқароси Саид Ашуров ишини муттасил кузатиб келмоқда ва яқинлари Озодлик билан суҳбатда Саид Ашуровнинг ҳимояси учун ўзини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, дея тақдим қилиб келадиган Буюк Британия ҳукумати нима иш қилмоқда, мазмунидаги савол билан юзланган эди.
Ана шу саволга жавобан Oxus Gold ширкати ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Роберт Амстердам Саид Ашуровнинг иши тез орада Британия парламенти вакиллари муҳокамаси даражасига кўтарилиши учун ҳаракат бораётганини айтди.
- Британия ҳукумати бу борада ҳаракат бошлади ва бунинг учун биз уларни олқишлаймиз. Биз бу масалани Британия парламенти даражасига кўтариш ниятидамиз ва тез орада бу масалани иқтидордаги партия вакиллари билан муҳокама қилишга эришишни ният қилиб турибмиз, - дейди Oxus Gold ширкати адвокати, Amsterdam&Peroff адвокатлик фирмаси раҳбари Роберт Амстердам.
Ўзбекистон ҳукумати эса Oxus Gold ширкатини шартнома талабларини бузганлик, солиқдан бўйин товлаганлик, оффшор ҳудудларда банк ҳисобларидан ножўя фойдаланганлик ва шу билан Ўзбекистон қонунларини бузганлик каби бир қатор иқтисодий жиноятлар¸ айни пайтда атроф-муҳитга катта зиён етказганликда ҳам айблаб келмоқда.