Гулнора Каримованинг Ню Йорк кўргазмасида қатнашиши бекор қилинди

Гулнора Каримова АҚШда Guli брендини намойиш этмоқчи эди.

Бунга Ню Йоркда Гулнорага қарши ўтказилган норозилик намойишлари ва АҚШ матбуотидаги мақолалар сабаб бўлди.
Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Ню Йоркда 9 сентябр куни очилган Мода ҳафталигида иштирок этиши бекор қилинди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, бунга инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид танқидий фикрлари Америка матбуотида чоп этилгани сабаб бўлган.

Ню Йоркда Гулнора Каримованинг Мода ҳафталигида иштирок этишига қарши намойиш.

Жумладан, "Ню Йорк пост" газетасида "Қотил диктаторнинг қизи мода кўрсатмоқда" деган танқидий мақола чоп этилган. Мазкур мақолада мода ҳафталигининг Гулнора Каримова тамсил қилинадиган куни, яъни 15 сентябрда Меҳнаткашларни ҳимоя қилувчи халқаро форум катта намойиш ўтказишни режалаётгани хабар қилинган.

Ҳюман Райтс Вотч халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти эса Ню Йоркдаги нуфузли мода ҳафталигида Гулнора Каримованинг иштирок этишига рухсат берилишини "шармандали ҳолат" сифатида талқин этган.

Пайшанба ва жума кунлари Ўзбекистон халқ ҳаракати фаоллари ва болалар ҳуқуқлари учун курашувчи ташкилотлар Ню Йоркда Гулнора Каримованинг Мода ҳафталигида қатнашаётганига қарши намойиш ҳам ўтказган эди.

Мерсесец-Бенц модалар ҳафтаси деб ëзилган бино олдида ўтказилган пикет қатнашчилари: “Эй Гулнора, 4 йил олдин сен мен терган пахта ҳақини бермовдинг”, “Бола меҳнатидан фойдаланиш тўхтатилсин!” каби шиорларни кўтариб чиққан.

Ню Йоркдаги Мода ҳафталиги (IMG Fashion Week) доирасида 15 сентябр куни Гулнора Каримова ўзининг Guli бренди остида адрас, атлас, ипак ва бошқа миллий матолардан тикилган либос ва тақинчоқларини тақдим этиши режаланган эди.

Ню Йоркда уюштирилган норозилик тадбири ташкилотчиларидан бири, Ўзбекистон халқ ҳаракатининг АҚШдаги вакили Исломиддин Долимов Гулнора Каримованинг Ню Йорк мода ҳафталигида қатнашиши бекор қилинганига қарамай, норозилик тадбири 15 сентябр куни ҳам давом этишини маълум қилди.

Қуйида Исломиддин Долимов билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.