Масжид Тинчлик проспектини қайта таъмирлаш доирасида 11 сентябр куни бузиб ташланди.
Ўтган Рамазон ҳайитини нишонлаш вақтида Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғайнуддин Москва ҳокимиятидан Тинчлик проспектидаги Жомеъ масжиди қурилишини давом эттиришга рухсат олинганини гулдурос остида овоза қилган эди.
Равил Ғайнутдин Москвада тарихий обидаларни назорат остига олган “Москомнаследие” давлат ташкилоти мутахассисларига таяниб, пойтахтдаги Жомеъ масжидининг тарихий аҳамиятга эга эмаслиги ва авария ҳолатига келиб қолган эски бино ибодатга келаётган мусулмонларга жиддий хавф туғдираётгани боис бузилганини таъкидлади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Жомеъ масжиди қайта қурилиши ҳақида Озодликка гапирган Россия муфтийлар Кенгашининг халқаро департаменти раҳбари Рушан Аббасовга кўра, аслида масжид биносини қайта таъмирлаш ишларини 2004 йили - биноқурилганининг 100 йиллигига бағишлаб бошлаш ҳақида Лужков пайтида қарор қабул қилинган¸ бироқ бу жараëн сўнгра кечиктирилган.
- Масжидни чиройли, кўркам қилиб кўтаришга қарор қилинди. Албатта¸ қоғоз ишлари кўп вақтни олди, бу қоғоз ишларини тамомлагач, 2006 йилда биз янги бинони кўтаришни бошладик. Шу пайт эски биносида бир қатор муаммолар кўзга кўринди. Бирнчидан, масжидимиз ичида турли ёриқ ва тирқишлар пайдо бўлгани аниқланди. Бино дарз кетган экан, Каъбага қараб 8 градусга қийшайган. Биномиз техник томондан ҳеч қандай ҳимояланмаган. 2 сентябрда бинода ёғаётган ёмғир оқибатида унданда катта ёриқ пайдо бўлди. Шу сабабли, байрамларимизни тамомлагач, 10 сентябр куни қурилишни олиб бораётган мутахассислар 2009 йилда қабул қилинган қарорга биноан бинони бузишга киришди, дейди Рушан ҳазрат.
Россия муфтияти расмийсининг маълум қилишича, тарихий бино ёғочдан ясалган бўлиб, унга минг киши сиғарди. “Янги масжид биносида бирданига 10 мингдан зиёд одам ибодат қилиши мумкин”, дея қўшимча қилди Рушан Аббасов.
Лекин Москвадаги Жомеъ масжиди ўрнида янги¸ каттароғининг қурилишига қарши чиқувчилар ҳам оз эмас. Улар 1904 йилда қурилган бу бино тарихий обида эканлигини таъкидлаб, масжидни бузишга на қонуний, на маънавий асос борлигини гапиришмоқда.
“Ишчилар махсус техника ёрдамида тарихий масжид биносини пойдеворигача бузиб ташлашди”, деди журналистлар олдида чиқиш қилган Москва ва Марказий минтақа муфтийси, Мусулмонлар марказий диний бошқармаси раиси муовини Албир Крганов. У “АҚШдаги 11 сентябр террорчилик ҳужумларидан роппа-роса 10 йил ўтиб Москвада яна фожиа юз берди”, дея баёнот берди.
2008 йилда Москомнаследие қошидаги Тарихий-маданий экспертлар кенгаши (ИКЭС) масжидни маданий меърос обидалари қаторига қўшган, лекин 2009 йилнинг ноябрида бу қарорни бекор қилган эди.
Москвадаги тарихий обидалар ҳимояси билан шуғулланувчи “Архнадзор” жамоат ташкилоти бино бузилишига ўз қатъий норозилиги тўғрисида баёнот берди. “Биз умуман ҳар қандай тарихий бино бузилишига қаршимиз”, дейди Озодлик билан суҳбатлашган “Архнадзор” мувофиқлаштирувчиси, москвашунос олим Рустам Рахматуллин.
- Бу масжид¸ сўзсиз¸ тарихийдир. Мухолифларимизнинг бинонинг тарихий обидалар рўйхатидан чиқарилганлиги тўғрисида келтираётган иддаолари ҳақиқатга мос эмас. Биз¸ албатта¸ 2009 йилда қабул қилинган экспертлар қарорини қайта кўриб чиқамиз. Бу Лужков даврида овоз бериш йўли билан тепадан берилган буйруқ асосида қабул қилинган қарорлардан бири. Бугунги кунда у ёки бу бинонинг бузилиши тўғрисида қарорни фақат мутахассислар қабул қилади. Қолаверса, диний жамоат ташаббуси билан Москвада 100 йилдан ортиқроқ вақт ичида бирорта ибодатхона бузилмаган, дейди “Архнадзор” ҳаракати фаоли.
Рустам Рахматуллин¸ масжид тарихий қисмини бузмасдан ёнига бошқа қуриш мумкин эди, деган фикрда. У Собянин бошқараётган Москва ҳукуматини иродасизлик ва Москвада содир бўлаётган қатор ваҳшийлик актларига кўз юмаётганликда айблади.
“Тарихий бинонинг авария ҳолатига келиб қолгани уни бузиб ташлаш учун асос бўла олмайди”, дея хулоса қилди Москвадаги Жомеъ масжиди бузилишига қарши чиқаётган москвашунос олим Рустам Рахматуллин.
Олимпийский стадиони ёнгинасида жойлашган Жомеъ масжид Москвадаги масжидлар орасида энг йириги ва Тарихий масжиддан кейин энг қадимгиси ҳам ҳисобланади.
Жомеъ масжид тарихи 1894 йилдан бошланади. Шу санадан бошлаб Замоскворечега ўрнашган кўплаб татар оилалари Москвада иккинчи масжидни қуришга маҳаллий ҳокимиятдан рухсат сўраб келган. 1902 йилдагина москвалик С. Бакиров ва савдогар Х. Ақбулатовларнинг Оренбург мусулмонлар диний йиғини номидан топширган илтимосномаси Москва буюк князи Сергей Александорович томонидан маъқулланган.
1903 йилнинг декабрида бошланган масжид қурилиши бой савдогар Солиҳ Ерзин ҳисобига бир йилда қуриб битказилган.
Юз йилдан ортиқроқ тарихга эга бу масжид бирор марта ҳам ёпилмаган, ҳатто қатағон йилларининг энг оғир дамларида ҳам ўз фаолиятини юритаверган.
Уруш йиллари фронтга Москва мусулмонлари ана шу масжидда жамлаган хайр-эҳсон ҳисобига ташкил топган ҳатто битта танк колоннаси ҳам шу ердан жўнатилган.
Ўз тарихи давомида бу масжидга Миср президенти Жамол Абдул Носир, Индонезия президенти Сукарно, Ливия инқилоби йўлбошчиси Муаммар Қаддафий ва бошқа расмий шахслар ташриф буюрган.
Мамлакатда мусулмон жамоаларини бирлаштириб туриш мақсадида 1996 йили ташкил этилган Россия муфтийлар Кенгаши ҳамда Россия Европа қисми мусулмонлар диний бошқармаси (ДУМЕР) ҳам шу ерда жойлашган.