Ню Йоркда ўтган Мода ҳафталигида қатнашишига рухсат берилмаган Гулнора Каримова либосларини Манҳеттендаги Cipriani ресторанида намойиш қилди.
Айни ресторан олдида инсон ҳуқуқлари фаоллари ва Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатига қарши курашувчи ташкилотлар вакиллари норозилик пикети ўтказди.
Ўзбекистон халқ ҳаракатининг АҚШдаги бўлими раҳбари Исломиддин Долимов пикет тафсилоти ҳақида Озодликка буларни айтди.
- Cipriani деган ресторанни олдида турдик. Ундан ташқари Мода кўргазмаси ўтказиладиган бино олдида ҳам одамлар туришди.
Озодлик: Норозилик тадбирида, пикетда қанча одам қатнашди?
И.Долимов: Cipriani ресторанни олдида 30та одам бўлдик. У ерда ЎХҲ вакилларидан 5-6 киши қатнашдик. Қолганлар бошқа ташкилотлар, жумладан, Америка Ўқитувчилар федерацияси ва Ишчилар ҳуқуқларини таъминловчи ташкилот вакиллари ҳам бор эди.
Озодлик: Пикетга қандай талаблар билан чиқдинглар?
И.Долимов: Бу шоуда Гулнора Каримованинг бугунги ютуқлари Guli билан номланадиган гуруҳини дунёга Ўзбекистондаги кичкина болаларнинг меҳнати ҳисобига чиқаётганини биз намойишда айтдик. Биз плакатлар кўтариб чиқдик. Пахта теришнинг театрлаштирилган саҳнаси ҳам бўлди. Асосий мақсадимиз Ўзбекистондаги болажонлар ноқонуний ва мажбурий ҳолатда пахта теримига олиб чиқиб уларнинг меҳнатидан фойдаланган ҳолатда шундай шоулар ўтказаётганини айтиш эди.
Озодлик: Кўргазмани томоша қилишга қанча одам келди?
И.Долимов: Ўзини йўналиши бўйича ишлайдиган моделерлар келди. Ундан ташқари ўзбеклар ҳам бўлди. Мен бир воқеани гувоҳи бўлдим. Ичкаридан Guli кўргазмасини кўриб чиққан бир аёл мени олдига чақирдида: "Сизлар Аризонадаги ўзбекларми?" деб сўради. "Ҳа, мен Аризонадан келганман. ЎХҲнинг Америкадаги бўлими раисиман", деб ўзимни таништирдим. Мен ундан "Ичкарида қандай кўргазмалар бўлди, нималарни кўрдингиз"" деб сўрадим. Аёл кўргазма бўлганини, таклиф қилинганларнинг тахминан олтмиш фоизи келганини, базилар эшик олдида туриб қайтиб кетганларини айтди. У аёл ҳам бизнинг пикет кўргазмага таъсир қилганини айтиб берди. Биз ичкарига кириб кетаётган меҳмонларга брошюра берган эдик. Аёлнинг айтишича, уни ўқиганлар ноқулай аҳволда қолган.
Озодлик: Гулнора Каримова Guli кўргазмасида иштирок этдими?
И.Долимов: У иштирок этмабди-да. Ичкаридан чиққан ўша аёл Гулнора иштирок этмаганини айтди.
Озодлик: Кўргамага таклиф қилинганларнинг тахминан 60 фоизи келган дедингиз. Улар қанча одам бўлади?
И.Долимов: Энди, кўргазмага таклиф қилинганлар 150 киши бўлса, унинг 60 фоизи тахминан 80 – 90 киши бўлади холос.
Озодлик: Кўргазма пайтида Guli брендининг вакиллари сизлар билан мулоқотда бўлдими?
И.Долимов: Бир одам чиқди. Бир ўзбек киши олдимизга чиқиб бизга нима қилмоқчи бўлди шекилли, айтяпти: "Биз ёш бўлганимизда Ўзбекистонда ота-оналаримизга ёрдам бериш учун пахтага чиққанмизку, сизлар айтаётгандек бўлмаганку", деб бизга ўтказаётган намойишимиз учун танбеҳ берди. "Ўзингизни таништиринг. Кимсиз?" деб сўрасак, ўзини таништирмади. Ўзбекистонда унақа мажбурмас-ку, деб олдимизда шундай деди. Менимча, кўргазмада элчихона вакиллари ҳам бўлди. Аммо улар бизнинг олдимизга келишмади. Узоқдан туриб фотосуратларга олиб кириб кетишди.
Гулнора Каримова Мерседес-Бенс Мода ҳафталиги доирасида 15 сентябр куни Ню Йоркдаги Линколн марказида ўзининг Guli бренди остида адрас, атлас, ипак ва бошқа миллий матолардан тикилган либос ва тақинчоқларини намойиш этиши режаланган эди.
Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг АҚШ матбуотида чоп этилган танқидий мақолалари ва норозилик пикетлари натижасида Мода кўргазмаси ташкилотчилари Гулнора Каримованинг кўргазмада иштирок этишига рухсат бермаган.
Guli бренди эълон қилган баёнотда эса ўтган ҳафта охирида Ню Йоркда хавфсизликка таҳдид кучайгани боис кўргазма қатнашчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Guli кўргазмаси бошқа жойда ўтказилиши маълум қилинган.