Шифокорлар пахтада: ҳам терим, ҳам тиббий хизмат

Президент Каримовнинг қарори билан пахтага чиқарилган шифокорлар зиммасига бир йўла иккита шарафли вазифа юклатилган.

Ўзбекистон Ахборот агентлиги республика бўйлаб, пахта йиғим-терими бораётган кезда асосий эътибор пахта далаларидаги теримчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ва уларнинг соғлигини ҳимоя қилишга қаратилгани ҳақидаги хабарни чоп этди.

19 сентябр куни чоп этилган хабарда Тошкент вилояти тилга олинган ва пахта далаларининг ўзида теримчиларга тез тиббий ёрдам, савдо-сотиқ, кўнгилли дам олиш учун етарли шароит яратиб берилаётгани айтилган.

Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари ўринбосари Қобилжон Тожибоевнинг ЎзАга айтишича, айни кунларда қарийб мингга яқин тиббиёт ходими пахта даласига сафарбар қилинган.

Шунингдек, расмий манбага кўра¸ вилоят пахта далаларида зарур асбоб-ускуна билан таъминланган 500 дан ортиқ тиббий пункт ишламоқда.

Озодлик мухбири бу хабар ортидан даладаги теримчиларнинг аҳволи қандай, уларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам қанақа, деган саволга Тошкент вилояти пахта далаларида юрган теримчи ва шифокорлардан жавоб олишга уринди.

Чирчиқ шаҳридаги поликлиникалардан биридан олинган жавобга кўра, шу кунларда поликлиниканинг деярли ҳамма ходими пахтага сафарбар қилинган.

- Биздаги врачлар обслугада. Теримчиларга тиббий хизмат кўрсатади. Кейин теришга ҳам боришади, обслугага ҳам боришади. Бир кунлик кетганларам бор, ўшатда ётиб қолиб обслуга қилаётганлар ҳам бор. 13 сентябрлардан кетишдида ёппасига, дейди Чирчиқдаги шаҳар поликлиникаси ходим.

Маълум бўлишича¸ Чирчиқ шаҳридаги шифохоналар ходимлари ҳам бир ва ярим кунлик пахта терими, шунингдек, узоқ муддатлик тиббий хизматга ҳам сафарбар қилинган.

Коллеж ўқувчилари билан бирга пахта даласида юрган тошкентлик терапевт врач Нодир Хўжақуловнинг Озодликка айтишича¸ ҳозир даладаги пахта териб юрган коллеж ўқувчиларига зарур ҳолатларда тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар етарли.

- Ҳамма имкониятларимиз бор. Агар бирор фавқулодда вазиятлар бўлиб қолса, даласига бориб ҳам хизмат кўрсатаяпмиз. Бу сезонда иккита шунақа ҳолат бўлди. Бири ариқдан сакрайман, деб қўлини қайириб олди. Яна биридаям шунга ўхшаш нарса бўлди, зарур ҳамма ёрдамни кўрсатдик. Зарур дори-дармонлар етарли, деди Нодир Хўжақулов.

Олий маълумотли врачнинг айтишича, пахта мавсумида қўл ёки оёқнинг лат ейишидан ташқари рўй берадиган аъанавий касалликлар бор.

- Офтоб уришлари бўлиши мумкин, кўп қуёш натижасида қони камайиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлади. Айниқса, пахта жараëнида ич кетишлар кўп учрайди. Ўзлари аралаш овқат еб қўядида, - дейди дала шароитида учрайдиган касалликларни тилга олди тиббиёт ходими.

Ўтган йили коллеж ўқувчилари билан ётоққа чиққан самарқандлик тиббиёт ходими Носир Бердиев ҳам пахта далаларида юрган ўсмир ва катта ёшдаги теримчиларда кўп учрайдиган муаммо айнан ошқозон-ичак касалликлари ва ич кетиш эканини айтар экан, бунинг асосий сабаби ичмлик суви таъминотининг ëмонлигида эканини айтди.

- Энди кўпинча булар ўз туманидан бошқа туманга боради ва у ерда қаердан сув топишни билмайди. Шу билан ичимлик суви яхши эмас¸ томоқ оғириғи кўп бўлиб туради. Кейин далада энди қизларга хос касаллик кўп бўлиб туради. Ошқозон-ичак, буйрак шамоллаши кўп бўлади. Энди дала шароити, иссиқ ҳаво бўлади, совуқ ҳаво бўлади. Шунга қараб касалларни қолдирардик. Зарур бўлса шифохонага оборардик. Қолганлари пахтага чиқиб кетарди, дейди Носир Бердиев.

Кузги салқиндаги нам, зах пахта қаторларини оралаб, эрталабдан-кечгача этак судраб юрадиган пахта теримчилар, айниқса, 15-16-17 ёшда бўлган ўсмир болалар ҳам Озодлик билан суҳбатларда кўпроқ ичимлик суви ва гигиеник тозаликка риоя қилиш учун шароит бўлмаслиги боис ич кетишлар, ошқозон-ичак касалликлари, буйрак шамоллаши каби касалликларга чалиниши кузатилишини сўзлаб берган.

Жумладан, шу кунларда Тошкент вилоятида пахта териб юрган ўқувчилардан бири пахта терувчиларнинг шароити оғир экани ва теримнинг биринчи ҳафтасидаёқ қаттиқ шамоллаб қолганини айтди.

- Биринчидан, ётоқ жойимиз яхши эмас. Дала шийпонида ётибмиз, на дераза бор, на эшик. Сквозняк уриб, шамоллаб қолдик кўпчилигимиз. Врачимиз бор битта. Борсак, шу таблеткалар беради. Иситма бўлса, бир кун қол, дейди. Лекин яна далага чиқаришади-да. Далада шу эрталаб шудринг, шамоллаган ҳолимизга устимиз нам тортиб юрибмиз, дейди исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган тошкентлик коллеж ўқувчиси.

Унга кўра, пули борларга бу йил ичимлик суви муаммо эмас.

- Цистернадаям далани бошига обориб қўйишади. Кейин совуқ чой ҳам оп келишади. Лекин биз икки киши минг сўмдан ташлаб, 5 литрлик сувни сотиб оламиз, тамом, шуни кўтариб ичиб юраверамиз, сув муаммо эмас. Муаммо, шу ётоқ жой ва кейин захда. Дала барибир захда. Кундузи шу оёқдан уради, кечқурун дераза-эшикдан. Ҳалиям ўртада пул ташлаб клёнка қоқиб қўйдик, сал исиб қолди, дейди пахта териб юрган коллеж ўқувчиси.

Тиббий хизмат, савдо-сотиқ, дам олиш ва овқатланиш масаласига келганда бу талаба "Чидаса бўлади, чарчаб келган одамга овқат яхши бўлса бўлди. Ҳозирча, шу мош, макарон, ош анча-мунча гўшти билан бериб туришибди, студентга бўлади", деб жавоб қилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 5 сентябрда имзолаган бу йилги йиғим-терим мавсумини ўз муддатида ва сифатли ўташ тўғрисидаги қарорига биноан ҳозир бутун республика бўйлаб нафақат шифокорлар ва коллеж, олий ўқув юрти талабалари, балки мактаб ўқувчилари ҳам пахтага сафарбар қилинган.

Далада юрган терапевт врач Нодир Хўжақуловдан ўсмир болаларнинг пахта теримига олиб чиқилишини қўллашини айтади:

- Энди бунга ижобий томондан қарайман. Давлатимизнинг катта бойлиги ҳисобланган пахтаси учун ўз ҳиссасини қўшганини яхши хислат дейманда. Бу нарса давлатимиз учун беҳисоб бойлик олиб келади. Кейин, унинг устига кўп яхши тарбия ҳам бўлади болалар учун. Меҳнат нима, ота-онанинг қадри нима – одат томондан ҳам тарбияланишга яхши бўлади, дейман. Юрт учун кучимизни ҳам, ғайратимизни ҳам аямаслигимиз керакда, дейди тошкентлик шифокор Нодир Хўжақулов.

Самарқандлик тиббиёт ходими Носир Бердиев эса ҳамкасбига зид фикр билдирди.

- Давлат сиëсатида энди бу. Бир нима дейиш қийин ҳозир, айниқса, пахтага мажбур олиб чиқади лицей, коллежларни. Албатта, мен салбий қарайман. Энди ўқувчи бола ўқиши керак. Бунинг устига ҳақиқатан бу болалар далада кўп касал бўлиб қолади. Бари ёш бола. Шароит у-бу, деган билан дала барибир дала. Нима қиламиз энди мажбурда, барибир пахтага ҳайдайдида, дея белига этак тутган ёш ўқувчи болаларга ачинади самарқандлик тиббиёт ходими Носир Бердиев.