Россия сенаторлари меҳнат муҳожирларининг ўз оиласини мамлакатга олиб келишини тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш ниятида.
“Россияга фақат меҳнат муҳожирлари керак, лекин уларнинг фарзандлари эмас!” Россия Федерация Кенгашининг айрим сенаторлари муҳокамага кўтариб чиққан масалани содда қилиб шундай дейиш мумкин.
Сенаторлар муҳожирлар фарзандлари билан боғлиқ вазият ўта аянчли аҳволда эканлиги таъкидлаб, айниқса¸ бу масала Москва шаҳрида долзарб эканлигига жамоатчилик эътиборини қаратдилар.
Федерация Кенгаши раисининг Федерация масалалари ва минтақавий сиёсат бўйича муовини самаралик Василий Парфёнов бу ғоя ташаббускорларидан бири.
- Меҳнат муҳожирларининг Россияга келишидан асосий мақсад иш, маош эканлигини унутмайлик. Лекин улар негадир ўзлари билан кўп сонли қариндошларию бола-чақаларини олиб келиб, бу ерда саноқсиз муаммоларни юзага келтирмоқда. Менимча, хорижлик ишчининг оиласи ўз юртида қолиши зарур, мигрантлар ярим йилда бир уйга бориб келиши ва ишлаб топган пулларини у ерга жўнатиб туриши зарур, деди сенатор Василий Парфёнов.
Журналистларга берилган маълумотларда Россия пойтахтининг айрим ўрта мактабларида “келгиндилар” сони 70 фоизни ташкил этаётгани кўрсатилган.
Россия Федерал миграция хизматининг Мигрантлар интеграциясига кўмаклашиш бўлими бошлиғи Татьяна Бажан депутатларнинг фикрларини маъқуллаган ҳолда қуйидаги рақамларни келтиради.
- Марказий осиёликларнинг эндиликда 20 фоизи эмас, балки 36 фоизи умуман рус тилини билмайди. Москва шаҳар Таълим департаменти эълон қилган маълумотларга кўра, бугунги кунда Москва мактабларида тахминан 70 минг мигрантлар фарзанди таҳсил олмоқда. Улар орасида рус тилини биладиганлари жуда ҳам кўп эмас. Москванинг 68 мактабида рус тилидан қийналаётган болалар учун қўшимча дарслар жорий қилинди. Қизиғи, юқорида айтилган 70 минг талабадан бор-йўғи 417 тасигина қўшимча дарсларга қатнаяпти, дейди Татьяна Бажан.
Пойтахт мактабларида муҳожир фарзандлари сонининг кескин ошиб бориши, албатта, кўплаб маҳаллий ўқувчилар ота-оналари норозилигига сабаб бўлмоқда.
Москвалик Елена Парамоничева 13 ёшли қизи ўқиётган мактабда “бегона” болалар сони кўпаяётганидан хавотирда.
- Қизим ўқиётган синфда 27 кишидан еттитаси маҳаллий эмас. Албатта, бошқа оналар ва мен ҳам бунга салбий муносабатдамиз, чунки болаларнинг яшаш тарзи, маданияти ва менталитетида жиддий фарқ мавжуд. Ҳатто мен, москвалик бўла туриб, Москвада ўзимни ноқулай ҳис этаман, фарзандим хавфсизлиги учун қўрқаман. Биз, москваликлар йўқ бўлиб кетдик, аралашиб кетдик. Иккинчидан¸ мен собиқ Иттифоқ республикаларида бўлаётган воқеаларга салбий муносабатда эканимни ҳам билдираман. Чунки тушунаман – у ердаги ҳукумат олиб бораётган, аниқроғи, олиб бора олмаётган сиёсат туфайли бу одамлар ўз юртларини ташлаб келиб қолган. Уларнинг маданияти ўзларида яхшидир, лекин у маданиятни бу ерга олиб келишга қаршиман, дейди Озодлик билан суҳбатда москвалик Елена Парамоничева.
Айни пайтда бу аëл муҳожир болалар орасида жуда иродали, ақлли ва тиришқоқ болалар кўплигини ҳам эътироф этишини айтади.
Москва Очиқ Таълим Институтининг ЮНЕСКО қошидаги “Халқаро таълим ва мигрантлар фарзандларининг мактабдаги интеграцияси” кафедраси мудири, филология фанлари доктори Юрий Горячёв баъзи депутатларнинг бу ташаббусини самарасиз деб атайди:
- Бундай ғоя мавжуд бўлса, унда унинг келажаги йўқ, деб ҳисоблайман, чунки тараққиёт нафақат Россия, балки бошқа ривожланган давлатлар аллақачон кучга кирган “Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари тўғрисида” Конвенциясини имзолашларини тақозо этмоқда. Ҳозирча уни фақат мигрантларни етказиб берувчи мамлакатлар имзолаган, холос. Россияда ҳозирча қонун томонидан фақат юқори малакали мутахассисларнинг оилалалари ҳимоя остига олинган. Бундай вазиятнинг юзага келиши¸ биринчи навбатда¸ тегишли қонун-қоидалар жорий этилмаганида, деб биламан. Мигрантлар фарзандларига бу ерга кириб келишини тақиқлаш ташаббусчилари поезддан олдин чанг кўтармоқда: президентимизга яқинда янги Миграция сиёсати лойиҳаси тақдим этилади. Ана шу Миграция сиёсатида бу масалалар ҳам инобатга олинган. Росссия меҳнат муҳожирларисиз яшай олмаслигини ҳамма тушуниб етди, демак қонунлар нафақат ишчи, балки сўзсиз¸ унинг оила аъзоларини ҳам ҳимоялаши зарур, деди гуманитар факултет декани Юрий Горячев.
Москва Таълим департаменти келтирган маълумотларга кўра, бугунги кунда Россия пойтахти ўрта мактабларида 750 мингта талаба бор, улардан 70 минги – меҳнат муҳожирлари фарзандларидир.
Россия Президенти қошидаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Павел Астахов мигрантлар фарзандларига рус тили ва рус маданиятини ўрганиш учун алоҳида бошланғич мактаблар тузиш ғоясини илгари сурди. Бироқ ҳозирча Москва ҳукумати бу ташаббусга бирор-бир муносабат билдирганича йўқ.
Мигрантлар фарзандлари масаласида жамоатчиликда кўтарилган тўс-тўполонда энг асосийси – бош қаҳрамоннинг бу масалага доир фикрини сўраш ҳеч кимнинг хаёлига келаётгани йўқ.
Юқори лавозимли ҳукумат аъзоларию жамоатчилик вакиллари фикрларидан фарқли ўлароқ, Москвада яшаётган бир гуруҳ ўзбек болалари ўзгача фикрга эга.
Ўшлик 12 яшар Машҳура рус тилини билмаслиги сабабларини шундай тушунтиради.
- Мен унчалик билмайман рус тилини. Одам йўқ-да бизни ўргатадиган. Ўрислар билан ўйнайлик¸ десак кулишяпти устимиздан “Вой, билишмайди русчани булар!”, деб. Биз фақат тўрттовимиз ўйнаймиз – иккита бола¸ иккита қиз, фақат ўзбеклар-да. Унчалик лекин зерикмаяпмиз. Менга олдинги яшаш жойимиз ёқарди, бу ер умуман ёқмади, мен бу ерда йиғлайвердим, кетаман деб. Ўзимизни уйимиз яхши, Қирғизистон. Мен бу ердан кетиб қолгим келяпти, дейди “москвалик” бўла олмаётган Машҳура.