АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий ëрдамни тиклади

АҚШ ҳарбийлари ўзбекистонлик аскарларга қуролли машғулот ўтказмоқда.

АҚШ Конгресси инсон ҳақларининг муттасил ëмонлашгани боис 2004 йилда тўхтатиб қўйилган бу ëрдамни қайта тиклашга қарор қилди.

АҚШ Конгресси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун қўйилган чекловларни бекор қилди. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг аянчлилиги боис АҚШ Конгресси 2004 йил охирида бу мамлакатга¸ вазиятда яхшиланиш бўлгунга қадар¸ ҳар қандай ҳарбий-хавфсизлик ëрдами беришни тақиқлаган эди.

Eurasianet.org сайтининг АҚШ Сенатидаги манбага таяниб маълум қилишича, Конгресс вакиллари Обама маъмуриятининг кучли босими ва Ўзбекистонга қилинган рўйхати узун сафарлардан сўнг¸ Каримов ҳукуматига ҳарбий ëрдам кўрсатишни давом эттиришга рухсат берган.

Обама маъмурияти¸ Покистон билан муносабатлар тобора совуқлашиб бораëтган бир пайтда Афғонистондаги ўз қўшинлари таъминотида Ўзбекистон қош-қовоғига қарам бўлиб бормоқда. Болтиқ денгизи портларидан бошланадиган Шимолий таъминот тармоғи темир йўллари Афғонистонга Термиз орқали киради ва Ўзбекистон ҳукумати раъйига қарамаслик¸ кузатувчилар фикрича¸ бу тармоқда АҚШ учун жиддий муаммолар юзага чиқариши¸ ҳатто бу тармоқни буткул йўққа чиқариши мумкин. (Ўз баëнотларидан бирида¸ Ислом Каримов Афғонистонга элтувчи йўллар¸ айланиб ҳам¸ ўргулиб ҳам¸ Термиздан ўтишини очиқ писанда қилган эди.)

Боз устига¸ 2012 йил сентябрига қадар Афғонистондаги ўз қўшинларининг 33 мингини олиб чиқишни режалаëтган Вашингтон аскарларини ватанга қайтариш учун яна бехавотир транзит коридорига муҳтож. Ана шу режа ижросида ўта муҳим бўғинга айланган Ўзбекистон ҳукумати¸ бу борадаги ҳамкорлик учун¸ АҚШ дан инсон ҳуқуқларининг аянчли вазияти боис ўрнатилган чекловларни бекор қилишни талаб қилган ва 21 сентябр куни бу талаби Конгресс қўмитаси томонидан тасдиқланган.

Оқ уй ҳарбий ëрдамга қўйилган чекловларни олиб ташлаш сўровини Конгрессга оширгани хабари чиқиши билан Ғарбдаги ўнга яқин инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳ вакиллари мазкур сўров юзасидан қарор чиқариш ваколатига эга қўмитага қўшма мактуб билан мурожаат қилган эди.

“Бу мактубни ëзишдан мақсадимиз Ўзбекистон расмийлари фуқаролик жамияти фаоллари¸ мустақил журналистлар ва сиëсий мухолифларининг овозини бўғишни давом эттираëтган; сўз ва дин эркинлигини кескин чеклаëтган ва болаларни кенг кўламда мажбурий меҳнатга зўрлаëтган бир пайтда АҚШ солиқ тўловчилари пулининг Ўзбекистон ҳукуматига ҳарбий ëхуд хавфсизлик ëрдами сифатида берилишига ўз норозилигимизни билдиришдир”¸ дейилган эди бу хатда.

Аммо бундай норозиликка қарамай¸ Конгресс қўмитаси Обама¸ аниқроғи Каримов маъмурияти сўровини қондиришга қарор қилди – бундан буëғига Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг муттасил бузилиши¸ хусусан АҚШ Давлат департаментининг ўзи таъкидлаб турган каби¸ дин эркинлиги оëқ ости қилинаëтганига қарамай¸ Ўзбекистон ҳарбий-хавфсизлик кучлари АҚШдан очиқчасига беминнат ëрдам олишни давом эттирадилар.

Бу қарорни шарҳлаëтган айрим таҳлилчилар¸ Афғонистондаги вазият тобора ëмонлашиб¸ Вашингтоннинг бу урушдаги асосий иттифоқчиси Покистон билан алоқалари тобора таранглашиб бораëтган бир пайтда¸ Обама маъмурияти Каримов режими билан ҳарбий ҳамкорликка таянишга мажбур¸ дейишмоқда.

Аммо Обама маъмуриятининг Афғонистон борасида танг аҳволда қолганини эътироф этган ҳолда¸ Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи таҳлилчиси Эндрю Штролайн¸ Вашингтонда бундай уятли қадамга бормаслик иложи бор эди¸ деган фикрда.

- Ўзбекистонга ўрнатилган чекловларни бекор қилишнинг нима учун зарур бўлиб қолганини тушуна олмаяпман. Ахир Каримов ва унинг атрофидагилар аллақачон Шимолий таъминот тармоғидан ҳам иқтисодий¸ ҳам сиëсий манфаат кўриб келаëтган эдику! Тошкент бу чекловни олиб ташлашни қаттиқ туриб талаб қилгандир¸ аммо вашингтондагилар бу талабга ëн бермаса ҳам¸ Каримов режимини Шимолий таъминот тармоғи йўлини ëпиб қўймас эди.

Тахминларга кўра¸ АҚШ юклари таъминоти учун тўланаëтган юзлаб миллион доллардан бевосита Каримов оиласи ва унинг атрофидагилар фойда кўрмоқда ва бу даромад манбаини сақлаб қолишдан Америкадан кўра ҳам Каримов режими манфаатдор ахир¸ дейди Штролайн Озодлик билан суҳбатда.

“Инсон ҳуқуқлари вазияти кун сайин ëмонлашиб бораëтган¸ мамлакат аҳолисининг каттагина¸ асосан маърифатли ва малакали қисми қашшоқликдан қочиб хорижга кетиб бўлган¸ қолганларининг аҳволи эса¸ тобора ëмонлашиб бораëтган Ўзбекистонга вазият яхшиланди¸ деб ҳарбий ëрдам беришни давом эттириш¸ оддий қилиб айтганда¸ уят иш”¸ деб давом этади мустақил таҳлилчи.

АҚШ Конгресси Ўзбекистон режимига ҳарбий ëрдамни тиклашга қарор қилган айни куни БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган президент Барак Обама¸ ўз маъмурияти мустабид режимлардан эзилган ва эзилаëтган халқлар тарафида эканини баралла эълон қилди. Бу баëнотни “яна бир чиройли¸ аммо ичи пўкак гап” деб баҳолаган Штролайн¸ Вашингтон ўз манфаатига мос келган жойда мазлумлар тарафига ўтиши¸ манфаат талаб қилганда эса¸ золимлар билан ҳамкор бўлишини таъкидлайди.

- Вашингтон ўз манфаатларига хизмат қилмайдиган вазиятда мазлумлар тарафида эканига оид баландпарвоз баëнотини тезгина унутишини кўп кўрганмиз. Ўзбекистон режимининг дунëдаги энг мустабидлардан экани бугун ҳеч кимга¸ жумладан вашингтондагиларга ҳам сир эмас. Дунëда Каримов режимининг тинч йўл билан демократик йўлга ўтишини башорат қилаëтган таҳлилчи деярли қолмади. Режимнинг бунақа ўзгаришга мутлақ йўл бермаслиги ва мамлакатда зўравонликлар юз бериш эҳтимоли ошиб бораëтгани кундек равшан. Ўзбекистонда талотўплар бошланар экан¸ биринчи галда¸ вашингтондагилар асраб-авайлаëтган Афғонистон учун транзит йўли ўз-ўзидан бекилади.

Иккинчидан¸ агар ўзбеклар режимга қарши кўчага чиқар экан¸ бунинг эҳтимоли ҳам ошиб бормоқда¸ Каримовнинг АҚШ берган ҳарбий аслаҳалар билан эзилган халқини қирмаслигига кафолат йўқ. Бундай сценарий амалга кўчгудай бўлса¸ бу Вашингтон учун энди шунчаки уят эмас¸ балки даҳшатли шармандалик бўлади¸ дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи таҳлилчиси Эндрю Штролайн.

АҚШ ҳукумати 90-йиллар иккинчи ярмидан бошлаб Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистонга тўрт йўналишда ҳарбий ëрдам бериб келган. Мазкур ëрдам дастури асосида Ўзбекистон ҳукумати ўз қуролли кучлари учун миллионлаб долларлик “техник ëрдам” олган¸ ўз қуролли кучлари трейнинги учун яна миллионлаб долларлик кўмак олган¸ миллионлаб долларлик патрул машиналари¸ кемалари ва улар учун эҳтиëт қисмлар олган.

Айрим манбаларга кўра¸ 2005 йилда Андижонда қуролсиз намойишчиларга ўт очганлар айнан АҚШ ва НАТО берган ҳарбий ëрдам ҳисобига қуролланиб¸ улар пули эвазига машқини оширган қуроллилар бўлган.