Исроил Ташқи ишлар вазири БМТни огоҳлантирди

Исроил Ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман/

Исроил Ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман агар БМТ Фаластинни мустақил давлат сифатида ташкилотга қабул қилса, "кескин жавоб" бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида 24 сентябр куни сўзлаган Миср ва Испания Ташқи ишлар вазирлари Фаластиннинг уринишини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Испания ташқи ишлар вазири Тринидад Хименес Исроил-Фаластин можаросининг ечими икки мустақил давлат ва тинчлик музокаралари эканини таъкидлади.

- Самарали, барқарор тинчликка фақат томонлар ўртасида музокаралар ўтказиш орқали эришиш мумкин. Янги мақомда фаластинликлар дарҳол музокаралар бошлаш истагини билдиришига Испания ишонади, - дея баёнот берди Тринидад Хименес.

Фаластин Мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос 23 сентябр куни БМТ Бош Котиби Бан Ки Мун билан учрашган пайтда унга Фаластин мустақиллигини тан олиш ва Фаластинни мустақил давлат сифатида БМТ аъзолигига қабул қилишни сўраб расман ариза топширган.

Мазкур ҳужжат БМТ Хавфсизлик кенгашида 26 сентябр куни муҳокама этилиши режаланган.