Америкалик ҳуқуқ фаоллари ва ўзбек мухолифати аъзолари Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес форуми ўтаётган бино олдида намойиш ўтказди.
28 сентябр куни АҚШдаги “Халқаро ишчилар ҳуқуқлари уюшмаси”, “Халқаро ўқитувчилар федерацияси” ва Ўзбекистон Халқ Харакатининг АҚШ бўлими фаоллари Вашингтонда иш бошлаган Ўзбекистон-Америка бизнес форуми ўтказилаётган бино олдида пикет ўтказди.
Ўзбекистон Халқ Харакатининг АҚШ бўлими раҳбари Исломиддин Долимовга кўра, ушбу пикет "Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати ва инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилиши бас қилинсин!" деган шиор остида ўтди.
- Биз болалар меҳнати қораланган бир қанча шиорлар ёзилган
плакатлар билан келганмиз. Биздан ташқари пикетда қатнашаётган иккита ташкилот вакиллари ҳам жуда кўплаб плакатлар кўтариб олган. Бу плакатлардаги шиорлар ҳам, асосан, болалар меҳнати, қамоқхоналардаги қийноқлар, умуман, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари мавзусида. Биз плакатларни кўтариб кўчада айланаяпмиз,- деди Исломиддин Долимов.
“Халқаро ишчилар ҳуқуқлари уюшмаси” пикет олдидан баёнот эълон қилиб, барчани пикетга қўшилишга даъват қилди.
"Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари оммавий равишда бузилаётган ҳамда болалар, талабалар ва фуқароларни пахта далаларида мажбурий меҳнатга жалб қилувчи давлат сифатида ўта хунук шуҳратга эга. Ҳар йили Ўзбекистон ҳукумати бутун мамлакатдаги мактаблардан икки миллионга яқин болаларни пахта далаларига сафарбар қилиб, уларни пахта теришга мажбурлайди"¸ дейилади ташкилот баëнотида.
Пикет ташкилотчиларининг Озодликка билдиришича, пикетда элликдан зиёд одам иштирок этган.
Форум Америка-Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкиллаштирилиб, унда Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниевнинг иштирок этиши кутилган эди. Норозилар Э. Ғаниевнинг тадбир бошланишига келмаганини айтган бўлса-да, форум иштирокчиларидан бирининг Озодликка айтишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири анжумннинг бошидан охиригача иштирок этган. Вазир Ғаниев Ўзбекистондаги бизнес муҳитии ҳақида маъруза қилди, деди Озодликка тадбир иштирокчиси.
Тадбирда шунингдек, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Ричард Блэйк ҳам иштирок этиб, форум иштирокчиларини қутлагани айтилмоқда.
АҚШдаги фаоллар 8-15 сентябр кунлари Ню Йоркда бўлиб ўтган Мода ҳафталигида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли Guli брэнди либослари томошасининг кўрсатилишига қарши қатор норозилик тадбирлари уюштирган эдилар.
Мазкур пикетлар ва АҚШ матбуотидаги кескин чиқишлар ортидан Мода ҳафталиги ташкилотчилари Гулнора Каримова томошасини бекор қилган ва Guli брэнди либослари кўргазмаси хусусий ресторанда ими-жимида ўтказилган эди.