Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Наманганга келиб, шаҳарда қурилиш ишларни кўздан кечираётган бир пайтда, вилоят туманларидаги барча бозорлар ёпилган, талаба ва ўқувчилар далаларда пахта тераётган эди.
Президент Ислом Каримовнинг Наманганга келишидан анча олдин, тонг саҳардан бошлаб шаҳар марказига элтадиган йўлларнинг барчаси ёпилди.
Оддий юмуш билан шаҳар марказига бормоқчи бўлган наманганлик уй бекаси 40 ёшли Нозимахон ҳам йўлларнинг тўсилгани сабабли йўлдан қайтишига тўғри келганини айтади:
- Эрталаб азонда биз кўчага чиқувдик, ҳамма йўлларга мошиналар қўйилиб, тўсилган экан. Сардобани олдидан тўсиқ эди. Чорсугача йўл йўқ эди,- дейди наманганлик уй бекаси Нозимахон.
Наманганлик инсон ҳуқуқи фаоли Носир Зокирнинг айтишича, Ислом Каримов шаҳарни бирров кўздан кечириб чиқди, янги қурилган биноларни бориб кўрди ва хавфсизлик чоралари ҳам шунга яраша бўлди.
- Ҳозир бу ерда президент Ислом Каримов шаҳарда қурилишлар бўлганку, олдин келганда қурилишларга буйруқ бериб кетган экан, ундай қиласизлар, бундай қиласизлар деб. Ўзининг ташаббуси билан бўлган қурилишларни кўриб чиқди,- дейди Носир Зокир.
Президентнинг келгани биргина вилоят маркази эмас, балки туманлардан шаҳарга кирадиган барча йўлларнинг тўсилишига ҳам сабаб бўлди. Учқўрғон туманидан Наманганга бормоқчи бўлган Нозимжон ҳам ярим йўлдан қайтганини айтади:
- Бугун эрталаб Наманганга бормоқчи эдим. Ҳақиқатан ҳам йўллар берк. Машиналар ўтмаяпти, йўлларни бекитиб қўйган. Ҳозир Учқўрғон томондан, Норин дарëнинг у томонидан ҳам, бу томонидан ҳам айланиб ўтса бўладида Наманганга. Учқўрғоннинг ўзидан чиқаверишда ëпилган. Хизробод билан ўтиб кетилади, ўша томонлар ҳам, Уйчи томонлар ҳаммаси бекик. Учқўрғоннинг кўприги бор. Ўша кўприкка машиналар қўйиб қўйишган. Умуман битта одам ҳам ўтмаяпти ҳозир,- дейди Нозимжон.
Президент шаҳар марказини айланиб, янги қурилган иншоотлардан кўзи қувнаб юрган бир пайтда, туманларда пахта мавсуми билан боғлиқ тамоман бошқа бир ҳолат кузатилди. Поп туманида истиқомат қиладиган пенсионер Баҳодир аканинг айтишича, президентга туманларда бозорларнинг ёпилганини, ҳамма пахтага мажбуран сафарбар этилаётганини кўрсатишмайди:
- Президентинг бу ëққа ўтганидан хабаримиз бўлмади лекин. Ҳозир шу пахта туфайли сиёсат жуда кучайиб кетдида, кўчаларни ҳам, бозорларни ҳам бекитиб ҳамма далага сафарбарлик. Мен ўзимча ўйлайман пахта ўзбек халқи учун, ўзбек миллати учун кулфат бўлди холос. Одамларни кўкартирмайди ҳам, эркин юргизмайди ҳам. Болаларни, айниқса, қийнаб юборди. Неварамни олиб келдим пахтадан. Кўзларига, баданларига яра тошиб кетибди,- дейди поплик пенсионер.
Баҳодир ака сўзида давом этиб, “агар президент билан мабодо учрашиб қолсам, унинг юзига шу гапларни айтган бўлардим”, дейди:
- Отахон, сал халққа эркинлик берингда, демоқчиман. Одамлар ҳозир космосга чиқяпти. Наҳотки инсонларни қийнаб, халқни қийнаб ҳозиргача қўлда тергизаверсангиз. Космосга чиқаëтган одам пахтани теришнинг ҳам йўлини топиши керакда, ҳадеб қурол-аслаҳа, бойлик йиғавермасдан, демоқчиман, агар учрашиш имконияти бўлиб қолса,- дейди поплик Баҳодир ака.
Президентнинг Наманганга ташрифи ҳақида вилоят ҳокимлигидан батафсил маълумот олишнинг имкони бўлмади. Ўзини таништирмаган ҳокимлик мулозимига кўра, кечки пайт президент вилоят ҳокимлигида йиғилиш ўтказишни режалаштирган. Бироқ, бу йиғилишда ташкилий масала кўрилиши кутилаётгани йўқ, деди мулозим.
Ислом Каримовнинг Наманганга ташрифи ҳақидаги хабар уч кун олдин вилоятга маълум қилингани айтилади.
29 сентябр куни Наманган вилоятидан Қамчиқ довонига чиқиш автомобил йўли ҳам ёпиб қўйилди. Бунинг натижасида юзлаб автомобиллар соатлаб йўлда тўхтаб қолди.
Бироқ президентнинг бу ташрифи наманганликларга уч кунлик қувонч ҳам олиб келди, дейди наманганлик ҳуқуқ фаоли Носир Зокир:
- Одамлар бир томондан хурсанд ҳам бўлди. Нимага десангиз эрталаб ўчганича сув ҳўв кечқурун 6-7ларда бериларди. Қишда ўчадиган свет мана бу йилдан бошлаб ëзда ҳам ўчадиган бўлган эди. Газлар, айниқса қишлоқларда жуда ҳам оз келаëтган эди ва баъзи жойларда йўқ эди. Одамлар энди ярми ҳазил, ярми чин қилиб “Шунақа қилиб келиб турсалар бўларкан” деяпти. Уч кундан бери уйда сув ҳам бор, газ ҳам бор, свет ҳам бор. Йўлларни кўрсангиз, шунақа дангиллатиб ташлаганки, шуни кўриб “Президент тез-тез келиб турса бўлар экан”, деган гапни айтаяпти.
Лекин, у келиб кетгандан кейин илгариги ҳолатга келса керакда. Кўзбўямачилик кимга керак? Илгари биз советдан қўрқиб бекитардик. Ҳозир президентнинг келишига ҳамма ëқни гул қиламиз, бу ҳокимият президентнинг кўзини бўямоқчи бўлаëтган бўлса керакда энди. Агар ўшандан кейин ҳолатлар яхши бўлиб, ҳозирги ҳолатда турса экан, бошқа гап эди. Кўчалар тозаланган, маҳаллакомлар маҳаллаларга келиб хабар олди, яхши ўтирибсизларми, камчиликлар йўқми деб. Ҳаëтда бу ҳам бўлмаган. Шундан одамлар хурсанд,- дейди Носир Зокир.
Норасмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Президенти Намангандан сўнг Андижон вилоятига йўл олади.