"Ўқитувчилар кунида ҳам пахта терамиз"

Озодлик тингловчиларидан бири пахта териш нормасини бажармаганлар дўппосланаётганини айтди.

"Далада пахта оз, бироқ нормани бажариш қатъий талаб қилинади", дейди Эркин микрофонга сим қоққан тингловчилардан бири.
Яхши пахта термасанг дўппосланасан

“Эркин микрофон”га Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидан боғланган ўқитувчилардан бири пахта терим кампаниясининг бугунги манзарасини сўзлаб берди.

Унга кўра, тез орада президент Каримовнинг бу вилоятга келиши кутилмоқда ва шу боис Ат-Термизий мақбараси ёнидаги бир - иккита майдондаги пахта қўл урилмасдан, биринчи теримга тайёр ҳолида сақлаб турилибди.

Озодлик: Кундузи бориб- келиб теришаяптими ëки ëтоқда қолиб тераëтганлари ҳам борми?

- Кундузи бориб келади.

Озодлик: Эрталаб соат 7-8дан олиб кетиб кечқурун соат 10гача болалар пахта даласида қолиб кетаяпти, деган гап бўлаяпти. Тўғрими шу?

- Бизда унчалик эмас. Бизда эрталаб соат 8да чиқадиган бўлса, кечқурун соат 6ларда уйда бўлади. Мактаб директорларига бироз оғирроқ бўлади.

Озодлик: Мактаб раҳбарлари қолиб ҳисоб ҳам берадида-а?

- Ҳа через ден. Вилоят ҳокимлигидан бир вакил қўйилган. Кечқурун туман ҳокимлигида нима бўлади-да.

Озодлик: Даладан чиқиб ҳокимиятга боришади.

- Ҳа.

Озодлик: Теримда барака борми ишқилиб?

- Ҳозирча нормамиз яхши. Лекин норма пасайса тамом, сизга ўлимда ўша куни.

Озодлик: Қанча норма 5-синф боласига?

- 5-синфми, бошқами билмадим, мисол учун битта мактабдан 100та бола чиқариш керак бўлса, бизнинг мактабдан масалан 50та чиқиши керак. Ўртача 20 кило норма қўйишган. Через ден, мана бугун разбор бўладиган кун. Эртага ўқитувчилар байрами. Улар “Байрам мени қизиқтирмайди. Нормани бажарасан” деяпти.

Озодлик: Ўқитувчилар кунида ҳам пахта терасизларми энди?

- Ҳа. Пахта термасангиз бўладими? Бўлмайдику. Мисол учун бу йил шундай қийин бўлаяпти. Ўтган йил бунча эмас эди.

Озодлик: Бу йил нима қўшимча бўлди?

- Бу йил далаларда пахта унча яхши эмас. Шунга қарамасдан "режани бажарасан", дейди. Гўëки далада пахта кўп. Термиз ота мажмуасини билсангиз керак. Кунчиқар томонда дала бор. Ўша далаларда пахта терилмаганда. Пахта шундай турибди. Чунки тердирмаяпти.

Озодлик: Нимага?

- Эрта-индин президент келади, мисол учун. Кўрсатади “Мана бобо, бизда шунақа пахтамиз бор. Далада пахтамиз клўп. Ҳали биринчи терим тугагани йўқ. Биз ҳали яна бир ой пахта теришимиз керак” дейди. Қарабсизки, шу билан ноябрнинг 10гача бизда пахта бўлади-да.

Озодлик: Нормани бажара олмасанглар нима бўлаяпти? Штраф солаяптими?

- Штраф солаëтгани йўғу яхшилаб дўппослаяпти-да. Шунга кулгим келаяптида.

Озодлик: Ураяптими?

- Ҳа, яхшилаб дўппослаяпти. Ўзим гувоҳ бўлганман. Шунинг учун айтаяпманда, - дейди музрободлик ўқитувчилардан бири.


Ўз боласини ташлаб, ўзганинг боласига энагалик қилган аёл

Россияда меҳнат муҳожири бўлиб юрган бир суҳбатдошимиз куни кеча Озодлик радиоси орқали сўзлаган Нодиржон исмли ўзбекистонлик тингловчининг меҳнат муҳожирларига қарата айтган танқидига эътироз билдирди.

- Кеча адашмасам, Нодиржон эди ўша йигитнинг исми, "Чеккага чиқиб қийналиб ишлагунча Ўзбекистонда бир хона, бир даҳлиз билан тинчгина яшаса бўлади", деяпти. Шунга озгина эътирозим бор эди. Агар биз чеккага чиқиб юриш гаштида юрганимизда эди, мен бу ерда юрмаган бўлар эдим. Самарқанд аэропортидан учаëтган пайтимда Москвага ëнимда бир аëл бор эди. Ўша аëл шу даражада йиғлади-да. “Бешикда болам қолди, лекин мен бировнинг боласига энагалик қилгани бораяпман” деди. Бешикда боласини ташлаб келаяпти. Буни ўзингиз бир тушунингда. Қайси ўзбекнинг аëли шароити яхши бўлса, ўз боласини ташлаб бировнинг боласига энагаликка боради?

Озодлик: Шароити шунчалик оғир эканми?

- Энди уни мен билмадим. Мен бу ерга келганим учун бировни айбдор қилмоқчи эмасман. Энди беш қўл баробар эмас. Кимдир бой яшаяпти, кимдир камбағал. Россияда ҳам мисол учун кимдир Америкага кетаяпти. Лекин тўғрисини айтадиган бўлсак, ўзимизда ишлаб чиқариш кучаяяпти. Мана электр ўзимизда чиқади, лекин халққа етишмайди. Газ чиқади, лекин ўчоқдан ғўзапоя кетмайди. Пахта чиқади, кийимга ëлчимаймиз. Нефт чиқади, ëқилғи қиммат. Машина чиқади, тожикистонликлар бизнинг машинани минишга ор қилади. Ëлғонми гапим, - дейди Россияда меҳнат муҳожири бўлиб юрган бир суҳбатдошимиз.


"Фауд Рустамхўжаев сиёсат қурбони бўлди"

Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидан боғланган 30 ёшли фермер Россия отиб кетилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоли Фуад Рустамхўжаевнинг оиласига ўз таъзиясини йўллади.

- Бизнинг ҳали танишиб улгурмаган дўстимиз Фуад Рустамхўжаев бевақт оламдан кўз юмиб, сиëсатнинг қурбони бўлди. Болаларига, оила аъзоларига, Ўзбекистон халқ ҳаракати аъзоларига таъзия билдириб қўймоқчи эдик. Мен буни кўпчилик номидан айтаяпман. Қолганларга сабр, болаларига умр, - дейди янгибозорлик фермер.


"02 дан ёрдам йўқ"

Хоразмнинг Урганч туманидан Россияга бориб қолган яна бир меҳнат муҳожири эса Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлигининг фуқароларга тезкор ёрдам кўрсатиш бўйича “02” рақамидаги хизматидан фойдаланишнинг имкони йўқлиги ҳақида гапирди.

- Мен келдим документ олиш учун. Урганчда яшайман. Шаҳар 02 хизматига бордим. Ўша ерга келганимда “Бермаймиз, бор кет” дейди. “Нимага бермайсиз?” десам, жавобини айтмайди. Қўшниларда уруш чиқса ҳам 02га қиламан. Ўзим шундай телефон қилиб кўрсам ҳам 02 ишламайди умуман. Ҳар доим банд. 02 нимага банд бўлиши керак? Кечаю кундуз телефон қилиб кўраман қизиқиш учун бирор нарса бўлса ëрдам бериб биладими йўқми деган мақсадда. Жонга текканидан Россияга келдик ишлагани.

Озодлик: Сиз фақат милиция жонингизга теккани учун Россияга келдингизми?

- Ишга криаман деб документ қиламан десам йўл йўқ. Пора беришга пулим йўқда. Пулим бўлса, ишга кирмайману мен. Бошқа иш қилардим.

Озодлик: Россияга келиб Ўзбекистондан кўра яхшироқ бўлдими шароитингиз?

- Ҳа, худога шукур яхши.

Озодлик: Бу ерда милицияга ишингиз тушмаяптими?

- Бу ерда тушса мен қилдираман. Қилмасанг, устингдан ëзаман десам, дарров қилади. Бизларда қаерга ëзсангиз, ҳаммаси ўзининг одами бўлиб чиқади, - дейди хоразмлик суҳбатдош.


"Ўғлим Америкада яшагани учун терговга чақирилди"

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан боғланган Ҳасан Чориев эса АҚШнинг грин картига эга бўлган ўғли ва келини Ўзбекистонга келганидан сўнг терговга чақирилиб, жаримага тортилганидан норози бўлди.

- Бир ўғлим билан бир келиним Америкадан келдида. Ўша ўғлимни тергов қилиб, суд қилиб 30 миллиондан икковига 60 миллион жарима босаяпти.

Озодлик: Нима асосда?

- Чегарани нотўғри ўтиб кетган деб. Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтган, Қозоғистондан туриб бир гуруҳ оила бўлиб Америкага жўнаб кетаяпти пул ишлаш учун деяптида.

Озодлик: Келинингиз Америка фуқаролигини олдими энди?

- Йўқ. Улар фуқаро олгани йўқ, Грин карта билан юрибди.

Озодлик: Ўзи улар ростдан ҳам Қозоғистон орқали чиқиб кетганми?

- Қозоғистонда бир йил турди. Муҳожир бўлиб турди булар. 2005 йил 3 майда тўполон қилиб чиққанимиздан кейин бизларни Зокир Алматов мулоқотга чақирди. “Ҳасан Чориев, нимага сиз бундай тўполон қиласиз?” деди. Мен “Ҳурматли вазир. Мана сиз биласиз менинг 26 миллионлик нақд пулим кетган. Менинг шу мулкимни қайтариб беринг” дедим. “У мулкингни қайтариб бера олмайман. Совхозни ҳам қайтариб бера олмайман” дедилар. “Ундай бўлса, мемнинг болаларимга Америкага кетишга имкон туғдириб беринг” дедим. “Булар Қозоғистон орқали муҳожир бўлиб кетаверсин. Мен болаларга айтиб қўяман сизга азоб бермайди” деди. Буни Зокир Алматов яхши биладилар. Бир йил турди болалар. Текширди ҳамма томондан. Текшириб ҳаммасини жўнатиб юборган муҳожир бўлиб кетган. Мана кетганига 6 йил бўлди. 6 йилда ватан соғиниш, паспортини ўтказиш керак. Баъзи болаларга гувоҳнома олиш керак. Булар Ўзбекистон жиноят кодексининг 223-модда 2-қисми билан айблаб, кейин буларни терговга бориб, судга бериб суд жарима босаяпти. Мен демоқчиманки, энди ғазаб отига миндираяпти бу. Одамларнинг светдан, газдан жони чиққанда “Ҳасан ака, бошланг. Мана биз ҳам бошлаймиз. Митингни бошланг. 580та одам турибди ҳозир менинг йўлимга қараб.

Озодлик: Ҳасан ака, ҳозир нима талаб қилаяпсиз?

- Менга тегишмасин, болаларим тинчгина келиб кетсин. Агар шундай қилаверса, менинг ғазабимни қўзғайверса, газдан, светдан нима қиларини билмай, жуда азоб кўрганлар кўп. Мен буларни бости-бости қилиб ўтирибман. Ўзи Қашқадарëда вазият жуда ҳам оғир. Ҳозир бир прицеп сомон 400-500 минг, - дейди Ҳасан Чориев.

******************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!