АҚШ Мудофаа вазири Исроилни огоҳлантирди

АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта.

АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта¸ Исроилни Яқин Шарқ минтақасида борган сари яккаланиб қолаëтганидан огоҳлантирди ва Исроил етакчиларини зудлик билан Фаластин маъмурияти билан тинчлик музокараларини давом эттириш¸ Туркия ҳамда Миср билан ўзаро ишончни қайта тиклашга чақирди.

Исроил ва Фаластин раҳбарлари билан учрашиш учун минтақага сафар бошлаган Панетта¸ Исроил раҳбарларига ўз хавфсизлигига ўзи таҳдид солмасликни тавсия этди.

БМТ Бош Ассамблеяси йиғинида Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Хавфсизлик Кенгашидан 1967 йилги уруш даврида Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳил¸ шарқий Қуддус ва Ғазо секторини мустақил Фаластин давлати деб тан олишни сўради.

- Исроил ҳукумати бу ҳудудларда яҳудийлар учун маҳаллалар қураëтган бир пайтда¸ Тел-авив билан бу борада музокара ўтказишдан маъно йўқ¸ деди Аббос ўз сўровини асослай туриб.

Аммо АҚШ Фаластиннинг бу сўрови Хавфсизлик Кенгашида овозга қўйилган тақдирда¸ унга вето қўяжагини таъкидламоқда ва Фаластин давлати фақат Исроил-Фаластин томони ўзаро муросага эришганидан сўнггина эълон қилиниши лозимлигини билдирмоқда.