Путин “Евросиё иттифоқи”дан баҳс этмоқда

“Божхона иттифоқи ва ягона иқтисодий ҳудуд истиқболда Евросиё иттифоқи учун асос бўлиши мумкин”.
Бу ҳақда Россия Бош вазири Владимир Путиннинг “Известия” газетасида чиққан “Евросиё учун янги интеграцион лойиҳа бугун туғилаётган келажакдир” номли мақоласида айтилади.

Ўз мақоласида Путин 2012 йилнинг 1 январидан тўлақонли фаолият бошлайдиган Россия, Белоруссия ва Қозоғистон ягона иқтисодий ҳудуди каби муҳим интеграцион лойиҳа фақат бу уч мамлакат учун эмас, балки постсовет ҳудудидаги барча давлатлар учун тарихий давр бўлишини таъкидлайди.

2011 йилда ишга тушган Божхона иттифоқи ва янги йилдан ишлай бошлайдиган Россия, Белоруссия ва Қозоғистон ягона иқтисодий ҳудуди афзалликларини санаб ўтган Владимир Путин бу лойиҳалар “келажакда Евросиё иқтисодий иттифоқини шакллантириш учун замин яратиши”ни қайд этади.

Россия Бош вазири иддаосига кўра, интеграциянинг кейинги юқори босқичи Евросиё иттифоқининг яратилиши бўлади.

“Гап у ёки бу шаклда СССРни қайта тиклаш ҳақида кетаётгани йўқ, бироқ янги қадриятларга оид, сиёсий, иқтисодий асосдаги тиғиз интеграция бу давр талабидир”, деб ёзади Путин.

Бу лойиҳанинг очиқ лойиҳа эканини таъкидлаган Россия Бош вазири унга бошқа ҳамкорлар ва энг аввало, Ҳамдўстлик мамлакатлари қўшилиши олқишланишини, бироқ бунга ҳеч ким мажбур қилинмаслигини урғулайди.

“Айрим қўшниларимиз постсовет ҳудудида биз олға сураётган интеграцион лойиҳаларда иштирок этишни истамаётганларини бу уларнинг европача танловига зид келиши билан изоҳламоқдалар”, дер экан Путин бунинг “хато йўл айрилиши” эканини таъкидлайди.

“Биз кимлардандир масофаланмоқчи ҳам, кимгадир қарши бўлмоқчи ҳам эмасмиз. Евросиё иттифоқи эркинлик, демократия ва бозор қонунларининг ягона қадриятлари асосида бирлашган Катта Европанинг ажралмас қисми сифатида универсал интеграцион тамойиллар устига қурилади”, деб ёзади Владимир Путин.

Россия Бош вазирига кўра, Евросиё иттифоқининг ташкил этилиши мазкур бирлашма иштирокчиларига XXI асрдаги мураккаб дунёда муносиб ўрин эгаллашга, глобал ўсиш лидерлари сафига қўшилишга, фаровонлик ва муваффақият эришишга имкон яратади.

Айрим кузатувчилар Владимир Путиннинг мазкур мақоласини 2012 йили Россияда ўтказилажак президентлик сайловлари олдидан амалга оширилаётган пиар-қадам ўлароқ баҳоламоқдалар. Уларга кўра, Россия Бош вазири бу билан ўзининг мамлакат ичкариси ва яқин хориждаги, хусусан, постсовет мамлакатларидаги обрў-эътиборини оширишни режалаган.

Путин мақоласидаги мулоҳазалар СССР даврини соғиниб юрган постсовет диёрлари оддий фуқаролари қулоғига қанчалик ёқса, мустақиллик даврида муайян ресурсларга эга бўлиб, эндиликда улардан воз кечишни истамаётган сиёсий элитани шу қадар хавотирга солиб қўяди, демоқда кузатувчилар.