Русский оролида АТЭС саммити иншоотлари қурилишида меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар бригадаси иш ташлади. Владивостокнинг VL.ru сайти хабарига кўра, иш ташлашда асосан Ўзбекистон фуқаролари иштирок этмоқда.
Приморье ўлкасининг Русский оролидаги Узоқ Шарқ федерал университети (ДВФУ) қурилишида яна норозилик чиқди. 30 сентябр куни қурилишда ишлаётган меҳнат муҳожирлари 4 ойлик маошларини олмаганликлари туфайли норозилик акциясини уюштирди.
Унда асосан Ўзбекистон фуқаролари иштирок этгани айтилмоқда.
Ишчиларга эртадан маош берила бошлайди, дейди Озодлик билан суҳбатлашган ва ўзини Ўринбой деб таништирган Владивосток ўзбеклар жамияти фаоли.
- Ҳозир тинч. Бундан икки-уч кун олдин катталардан кимдир “Русский островнинг пуллари тугади, қайтариб ололмаймиз шекилли”, деганида боллар забастовка қилишган. Лекин ҳаммаси эмас, битта бригада чиққан. Ман бугун Русский островга борган эдим болларни олдига. “Пулимизни ололмасак керак”, деган шунақа гапларга ишониб болалар забастовка қилган. Пул тасдиқланиши учун Москвага боради, қайтиб келади, келганича началниклар ваъда бериб қўяди, аммо то келмагунича пулни ололмайди. Ана шунда ҳар ҳил миш-миш тарқалади ва боллар безовта бўлиб қолади одатда,- дейди Ўринбой ака.
Россия оммавий ахборот воситаларида Русский оролидаги ишташлашда 700 нафар асосан ўзбекистонликлардан иборат мардикорлар иштирок этгани айтилмоқда.
Ўзбеклар жамияти фаоли Ўринбой ака Узоқ Шарқ федерал Университетининг 21-корпуси олдида ўтказилган намойишда 700 киши бўлмагани, бу маҳаллий журналистларнинг бўрттириб берган хабар бўлса керак, деяди.
- Йўқ, йўқ, 700 киши бўлгани йўқ. Ишни битта бригада тўхтатиб қўйган. Одами қанча эканини билмайман, лекин улар билан суҳбатлашиб аниқландики, ҳақиқатан пул Москвага кетган ва началниги келишини кутяпти. Бир-икки киши бўлсаки уни расчёт қилиб қўйса! Биз Миграционний служба билан яхши алоқаларда бўлиб турибмиз. “Сизларни тарафларингизни ҳамма олади, ишлайверинглар охиригача. Кимнинг кўнгли тўлмаса ишни тўхтатиб пулини олиб бемалол чиқиб кетиши мумкин”, деяпти. Бир йил олдин ҳам бор эди бундай норозиликлар, лекин ҳеч ким эътибор бермас эди. Масалан мен турклар билан ишладим. Уларнинг забастовкаси ҳам нотўғри эди. Бир икки ҳафта чидамади пулнинг келишига, катта объектлардан воз кечворди, дейди АТЭС саммити қурилишида 3 йил ўзи ишлаган Ўринбой ака.
Ўринбой ака АТЭС саммит ўтказилиши келгуси йилнинг сентябрига мўлжаллангани туфайли объектларда баҳорга қадар асосий ишлар битказилиши кераклигини маълум қилди.
Расмий манбалардан олинган хабарларга кўра, иш ташлаш юзасидан Русский оролига прокуратура ва меҳнат мухофазаси идоралари ходимлари етиб келган. Маҳаллий полиция меҳнат муҳожирларини иш ташлашга ва оммавий тартибсизликларга даъват қилган шахслардан бири ҳибсга олинганини маълум қилди.
Ҳуқуқ тартибот органлари ҳозирча бу ишчига қандай айблов қўйилганини очиқланганича йўқ.
Университет спортзалини қураётган ишчилар бригада раҳбари бухоролик Эсонбек Озодлик билан суҳбатда Русский оролидаги меҳнат муҳожирлари маоши одатда бир-икки ҳафта кечикиб берилаётганини айтади.
- Йўқ пулни беряпти, кечадан расчёт қилишни бошлади. Аввалига кимга қанақа эканда. Масалан, мен оляпман 100 фоиз. Тўғри, кириш пайтида айтган, задержка бўлади ойликка, деб. Шунга ўзим кўнганман, борганман ишга. Мен офисдаги ишчилар олдига ҳам кириб юрибман – ҳатто шу офисдагилар пул кутиб ётибди. Бу катта корпус, стройка. Майда ишхона бўлсаки... Қилган ишимизни келиб кўради, пулга қўл қўяди ва через Москва ҳал бўлади бу нарсалар. Бу ишнинг текшир-текшири кўп эканда. Асосийси, пул беряпти, олишни бошлади боллар. Эрта-индин ҳам пул тарқатади. Хоҳлаганлар ишланглар, ишонмаганларни расчёт қиламан деяпти. Задержка қилади, лекин беради пулни, чунки мен 3 йилдан бери ишлайман бу ерда, Владивостокда юрганимга 6 йил бўлди, дейди Русский оролида қурилишда ишлаётганлардан бири бухоролик Эсонбек.
Бригадирлар ва кузатувчилар маош бериш билан Русский оролидаги вазият бирмунча изга тушганини айтаётганига қарамасдан, қурилишда иш ташлашлар ва оммавий жанжаллар бўлиб тургани ҳақида хабарлар мунтазам равишда келаётганини қайд этиш жоиз.