18 октябр куни Тошкент раҳбарининг ашхободлик ҳамкасбига сим қоққани¸ Бердимуҳамедов Каримовни меҳмонга чақирганию¸ бу таклифнинг мамнуният билан қабул қилингани ана шундай тахминга асос бўлди.
Туркманистондаги давлат нашрларининг ëзишича¸ 18 октябр куни Ўзбекистон томони ташаббуси билан Ислом Каримов ва Қурбонқули Бердимуҳамедов ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтган.
Туркман президенти матбуот хизматига кўра¸ суҳбатда иккала президент савдо-иқтисодий ва гуманитар-маданий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик¸ шунингдек минтақавий ва халқаро майдондаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишган.
“Қурбонқули Бердимуҳамедов Ислом Каримовни¸ ўзи маъқул топган исталган пайтда Туркманистонга келишга чақирди ва бу таклиф мамнуният билан қабул қилинди. Каримов сафарининг аниқ муддати ўзаро дипломатик каналлар орқали келишилади”¸ дейилади Туркманистон президенти матбуот хизмати тарқатган расмий баëнотда.
Ислом Каримов Қурбонқули Бердимуҳамедовга сим қоққан айни 18 октябр куни Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ҳукуматлари раисларининг Санкт-Петербургда бўлиб ўтган учрашувида Эркин савдо зонаси яратиш тўғрисидаги шартнома имзоланди.
Ҳужжатга ҳамдўстликка аъзо давлатлардан саккизтаси қўл қўйди. Бироқ 3 давлат: Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон мазкур шартномани имзоламади.
Афтидан¸ Ислом Каримовнинг ўз ташаббуси билан иттифоққа қўшилмаган шериги – Бердимуҳамедовга айни кунда сим қоқиши тасодиф эмас.
Бу икки воқеанинг бир кунга тўғри келгани¸ айрим кузатувчиларнинг “Тошкент ва Ашхобод Москвага қарши иттифоқ тузмоқчи” дейишига асос бўлмоқда.
Аммо Озодлик мухбири билан ўз исми айтилмаслиги шарти билан суҳбатлашган Ашхобод ва Тошкентдаги кайфият ва режалардан хабардор юқори даражали ëнилғи расмийси¸ бундай тахминни асоссиз дейди.
“Тошкент раҳбари Бердимуҳамедов билан Россия таклиф қилаëтган Эркин савдо зонасига кириш шарт-шароитларини муҳокама қилмоқчи. Аниқроғи¸ бу зонага ҳозирча кирмаган бу икки давлат МДҲ нинг қолган аъзолари олдига ўз шартларини қўймоқчи кўринади. Туркманистон ва Ўзбекистон ўзига таклиф этилган шартга кўнмади ва афтидан икки президент энди ҳам сиëсий¸ ҳам иқтисодий ҳисоб-китобни қилиб олиб¸ ана шу масалада муштарак жавоб ҳозирлашни ўйламоқда”¸ дейди минтақадаги газ ва нефт лойиҳалари муаллифларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
Айни пайтда¸ туркман мухолифати фаоллари¸ ўзбек ва туркман президентларининг бир хил авторитар фикрлаш тарзи¸ уларнинг муштарак сиëсат ишлаб чиқишига тўсиқ эканини айтади.
- Бердимуҳамедов ва Каримов олиб бораëтган ҳам ички¸ ҳам ташқи сиëсат кўп жиҳатдан бир-бирига уйқаш – уларнинг иккаласи ҳам ҳеч кимга бўйин эгишни истамайди. Балки бўйин эгиш керак эмасдир¸ аммо бу давлат раҳбарлари Россия¸ Хитой¸ АҚШ каби йирик давлатлар билан манфаатли муносабат олиб бориши лозим. Ҳозирда бу иккаласининг сиëсати дам у томон¸ дам бу томонга бош уришдан иборат¸ дейди Туркманистоннинг мухолифатдаги Республика партияси етакчиси Нурмуҳаммад Ҳанамов.
Аммо ҳозирги пайтда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида ўзбек ва туркман президентлари бир-бири билан муваққат иттифоқ тузишга боришини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди. Айниқса¸ ташқи сиëсат бобида тажрибасиз Бердимуҳамедов¸ бу борада илоннинг ëғини ялаган Ислом Каримовдан маслаҳат олиш эҳтиëжини сезган бўлишини тасаввур қилиш мумкин¸ деб қўшиб қўяди туркман мухолифати етакчиси¸ Туркманистоннинг Туркия ва Исроилдаги собиқ элчиси Ҳанамов.