Бу кулгуга АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам қўшилди.
АҚШ президентлигига даъвогар¸ Канзас Сити Марказий Банки раиси Ҳерман Кэйн Ўзбекистон каби кичик ва аҳамиятсиз мамлакатниям¸ унинг президенти номиниям билмайман ва билишни ҳам хоҳламайман¸ деб дилидагини тилига кўчирдию нақ балога қолди.
Бугун халқаро муносабатлар вазияти¸ хусусан Ўзбекистоннинг Вашингтон учун эътибори кун сайин ошиб бораëтганидан хабардорлар Республикачилар партиясидан президентликка номзод қилишга интилаëтган Ҳерман Кэйннинг бу гапидан мазза қилиб кулмоқда.
Ташқи сиëсат усталари эса¸ пиццачи Кэйнни¸ “ақлинг етган ишни қилсангчи¸ ташқи сиëсатни сенга ким қўйибди”¸ қабилида масхара қилмоқдалар.
22 октябр куни Тошкентга келиши кутилаëтган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 20 октябр куни Кобулда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашди. АҚШ делегациясининг Карзай ва унинг маслаҳатчилари билан сўзлашувлари бошланиши арафасида йиғинни тасвирга олишга кирган журналистлар олдида президент Ҳамид Карзай Клинтон хонимга Кэйн баëноти ҳақида сўз ташлади. АҚШ дипломатлари раҳбари камерага қараб туриб¸ бу репликага кулгу аралаш жавоб қотди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Сиз республикачи номзод Ҳерман Кэйнни назарда тутаяпсиз. У пицца ширкатининг собиқ хўжайини”¸ деди Клинтон Карзайга гапира туриб.
“Ҳали шунақами?”¸ дея ўзини гўлликка солгандек бўлди Ҳамид Карзай.
“Oh yeah, у Godfather pizza деганмией жойдан бошлаган”¸ деди кенг табассум билан Клинтон хоним.
“Yes, I see, I see”¸ деди Карзай
Сўнгра Клинтон хоним АҚШнинг Афғонистондаги элчиси Риян Крокерга қараб туриб¸ Кэйнни масхара қилишга ўтди.
“Президент Карзай жаноб Кэйннинг янгиликка айланган клипи ҳақида гапираяпти. Кэйн “Мен бу станларнинг президентлари номини билмайман¸ билишниям хоҳламайман” деди¸ ҳалигидай¸ биласизку”¸ дея республикачи номзодга тақлидан юзларини буриштириб Клинтон хоним.
21 октябр куни халқаро оммавий ахборот воситалари халқаро муносабатлар соҳасида устаси фаранг саналмиш Ҳиллари Клинтоннинг ташқи сиëсат кўчасига ҳам кирмаган собиқ пиццачини калака қилганини бош сарлавҳалардан бирига айлантирди.
Айни пайтда¸ Ҳерман Кэйннинг “Убеки-беки-беки-беки-стан-стан” деб бошланувчи машҳур баëноти устидан кулаëтган фақат Клинтон хоним эмас.
Америкадаги CBN канали мухбири билан суҳбатда ташқи сиёсатга оид ҳар қандай илмоқли саволга жавоб беришга тайëрлигини билдирган Кэйн мухбирнинг “Ўзбекистон президенти ким?” деган саволга жавоб бера оласизми?” деган қўққис саволига “Мендан Убеки-беки-беки-беки-стан-стан президенти ким, деб сўрашса, мен уларга йўқ билмайман, сиз ўзингиз биласизми ўзи, деб жавоб бераман”, деди АҚШ президентлигига даъвогар.
Бундай беписанд жавобини изоҳлай туриб жаноб Кэйн¸ “умуман Ўзбекистондек қандайдир кичик ва аҳамиятсиз давлат раҳбарининг исмини билиш АҚШнинг катта муаммоларини ҳал қилмайди”, дея таъкидлади.
Бу жавоб муносабати билан CNN телеканали “Ўзбекистон президенти ким?” деган лавҳа ҳозирлади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Телеканалнинг БМТ даги таниқли бошловчиси Richard Roth Ню Йорк кўчаларига чиқиб¸ “Ҳей¸ ораларингизда ўзбекистонликлар борми?” дея ҳайқиради. Аммо Манҳэттандан топмагани ўзбекларнинг Бруклинда эканини айта туриб у “Наргиз” деган ўзбек ресторанига боради. АҚШдаги аксар ўзбек емакхоналарининг эгалари каби асли бухор яҳудийси бўлган “Наргиз” кафеси хўжайини Борис Бангиев деворларини ўзбек сўзаналари безаб турган емакхонасида туриб¸“Бу одам яхши ўқимаган ва АҚШ президентлигига даъво қилиш даражасига чиқмаслиги керак эди”¸ дейди CNN мухбири билан суҳбатда.
Бруклиндаги ўзбек ресторанидан чиқиб мухбир асосий иши ўзбек емаклари пишириш эмас¸ Ўзбекистонни дунë саҳнасида танитиш бўлган Тошкентнинг БМТдаги вакили билан гаплашишига йўл олади.
Станлардан бири – Покистоннинг БМТдаги элчиси CNN мухбирини Ўзбекистон намояндасига ҳам тақдим этади. Аммо мухбирдан балодан қўрққандек қўрққан Ўзбекистоннинг БМТ даги дипломати¸ ҳали гапнинг индаллосини эшитиб ҳам кўрмай¸ “No comment” деб қочиб қолади...
БМТ даги ўзбек элчиси қилмаган иш - бу мамлакат маданиятини уни билмаган Кэйн кабиларга таништириш юмушини Бруклиндаги бухор яҳудийси қилади:
“Мен уни бизнинг реторанимизга келиб¸ ўзбек овқатларимиздан татиб кўришга чақираман”¸ дейди пиццачи орзумандга қарата ўзбекча шашлигу шўрвалар қайнаб турган ошхонадан туриб гапирган Борис Бангиев.