Чолнинг йиртиқ чопони ғуруримга тегади

Кореяда меҳнат қилаётган тингловчимиз Умида Аҳмедова олган суратлардаги бобойлару момойларнинг кийиниш тарзига эътироз билдирди.

"Эркин микрофон" суҳбатдошларидан бири “Шайх ҳазратлари, Умида Аҳмедова ва "бокиралик юки" номли мақолга муносабат билдирар экан шундай деди.


“Ура-а! Пахта тугади!”


Бу - Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг исми сир қолишини истаган 1-курс талабаси “Эркин микрофон”га 25 октябр куни етказган икки хабарнинг яхшиси.

Талабанинг айтишича, Тўқимачилик институти пахтадан 24 октябр куни қайтган. 25 октябрда эса, Ирригация институти талабалари қайтди.

Шундай қилиб, пойтахтдаги ўқув юртлари талабалари учун бу йилги пахта терими якунига етди.

Тўқимачилик институти 1-курс талабасининг “Эркин микрофон”га мурожаат қилишдан мақсади Тошкентга қайтишлари арафасида юз берган бир бир воқеа тўғрисида айтиб бериш эканки, бу - талаба етказган икки хабарнинг ёмони.

– Бизларни пахтага олиб кетишган эди. Уч-тўрт кунча бўлиб қолди. Залда ëтамиз мактабда. Иккинчи курсдан учта бола кириб ҳамма биринчи курсларни кечқурун соат 12-1ларда турғизиб стройца қилдириб, ҳаммасини уриб дабдаласини чиқариб ташлади. Болалар яхши пахта термаëтганигами короче билмайман. Болалар “Деканатнинг иши бу” деяпти. Ўшанга умуман ноҳақлик бўлаяпти демоқчиманда.

Озодлик: Сиз биринчи курсдамисиз?

– Ҳа.

Озодлик: Иккинчи курс болалари келиб сизларни калтаклаган пайтда домланглар йўқмиди?

– Домлалар ҳаммаси чиқиб кетгандан кейин беш минутдан кейин киришди. У пайтгача кирмади. Ярим соатча бўлди умуман кўринмадида. Улар чиқиб кетгандан кейин беш минутдан кейин кириб келишди.

Озодлик: Мана уч-тўрт кун бўлибди бу ишга. Ўшандан кейин бу иш бўйича суриштирув бўлдими?

– Бу иш бўйича именно ўша куни суриштирув бўлмади. Кейин қанақадир суриштирув бўлди. Шу билан хабари чиқмай кетдида. Жим бўлиб кетдида. Қозонни ëпиб ташлашди қисқаси.

Озодлик: Шу кунда ҳам пахтадамисизлар?

– Йўқ, биз кечагина қайтдик.

Озодлик: Қачон?

– Эрталабдан. Эрталаб йўлга чиқдик. Кечагина келдик Тошкентга.

Озодлик: Пахтани қаерда тердинглар?

– Қуйи Чирчиқда.

Озодлик: Неча кун пахтада бўлдинглар?

– 29да кетган бўлсак, бир ойга яқин бўлдик. 25-26 кун бўлдикда.

Озодлик: Ўқиш қачон бошланади энди?

– Икки-уч кун дам ҳам бермасдан бугундан чиқармоқчи. Бугундан ўқиш, дейишди. Лекин курсдошлар билан келишиб, “ҳеч бўлмаса бир кун дам олайлик” деб бугун бормадик. Эртадан мажбур борамиз.

Озодлик: Тошкентдаги университет, институтларнинг ҳаммаси қайтдими пахтадан?

– Ҳа, бугун ҳам ҳозир Ирригация институти қайтди. Оғайним бор эди. Уни кутиб олиб, нарсаларини бериб ташлаб келдим. Ҳаммаси қайтаяпти уже.

Озодлик: Демак, пахта тугади.

– Ҳа, тугади, деди Тўқимачилик институти 1-курс талабаси.

Демак, бу йилги пахта кампанияси якунига етди. Ҳар ҳолда Тошкентда ўқийдиган талабалар учун.

Пахта тугадию лекин далада бўлган воқеалар далада қолиб кетишини 1-курс талабаси истамаяпти. Балки Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти раҳбарияти талаба айтиб берган воқеа юзасидан текширув ўтказар?

“Мен бу хоиннинг китобини ўқимаганман, лекин аминманки, у зарарлидир!”


Бу гап Сталин даврида, бутун собиқ Иттифоқ бўйлаб ижодий интеллигенция орасидан халқ душманлари изланган йилларда ўтказилган йиғилишларда жуда кўп эшитилган.

Абдулла Қодирию Усмон Носирлар ўшандай йиғилишларда ватан хоинига чиқарилган эди.

Орадан йиллар ўтиб ўша йиғилишлар уюштирувчилари – коммунистлар қилган жиноятлари учун тазарру қилгандай бўлди. Халқ душмани, деб қораланганлар хотирасига Тошкентда Шаҳидлар хиёбони барпо этилди.

Бундан 20 йил муқаддам миллат фикрлар плюрализми тўғрисида кўп ва хўб гапирди.

Толерантлик деган сўз ўзбекнинг луғатига кирди.

Лекин баъзи тингловчиларимизнинг “Эркин микрофон”га мурожаат қилиб билдираётган фикрлари, қўяётган талабларидан доноларнинг ҳеч қайси авлод ўзидан аввал ўтган авлод хатоларидан сабоқ чиқармайди, деган фикрини ёдга солаверади.

“Эркин микрофон”га Жанубий Кореядан қўнғироқ қилган Алижон тунов кунги бир эшиттиришимиздан кейин қизиб кетган баҳсни давом эттирмоқчи бўлди.

Гап “Шайх ҳазратлари, Умида Аҳмедова ва "бокиралик юки" сарлавҳаси остида берилган мақола устида бораяпти.

Алижон “Эркин микрофон”га мурожаат қилар экан, биринчи ўзбек аёл кинооператори Умида Аҳмедованинг "Бокиралик юки" фильми тўғрисида фикр юритмоқчи эканлигини айтди.

Фильмни кўрганмисиз, деб сўрадик Алижондан.

Йўқ, кўрган эмасман, лекин унинг миллат учун зарарли эканлигига ишонаман!- деди Алижон.

Абдулла Қодирий ёдимга тушақолди. Усмон Носир ёдимга тушақолди.

Лекин, улуғларимизни эслатиб Алижоннинг бошини оғритмадим. Фақат, “Фильмни аввал кўринг, кейин гаплашамиз”, дедим.

Алижон рози бўлди ва “У ҳолда Умида Аҳмедова олган суратлар” тўғрисида фикр билдираман, деди.

Билдиринг, дедик.

Суратларни назарда тутар экан, Алижон деди:

– Ўзбек миллати сифатида, ўзбек халқи сифатида менинг ғуруримга тегди. Нега? Бу ерда “Борлиқни намоëн қилаяпман. Бутун давлатдаги ҳамма аҳволни рўй-ростлигича кўрсатаяпман” деган. Аслида ундай эмас. У расмлар 100 фоизнинг 5 фоизини ҳам ташкил қилмайдиган нарсалар.

Озодлик: Келинг конкрет гаплашайлик. Қайси суратларни назарда тутаяпсиз?

– Масалан, боболарнинг яхши эмас кийимларда қийналиб ўйнаëтганимией ëки бўлмаса йиртиқ кийимлар, эски уст-бошларда устлари кир бўлиб, қишлоқ шароитида бунданда баттарлари бўлиши мумкин. Лекин буни дунëга кўз-кўз қилиб ҳамма жойга кўрсатиш шарт эмас. Нега? Кўп давлатларни кўраяпмиз бошқа давлатларда бунданда ëмонлари бор. Энг ривожланган давлатларда ҳам бор. Лекин улар миллатнинг ғурурини кўтариш учун миллатнинг эртасини ўйлаб яхши томонларини кўрсатиб ғурурлантиради халқни. Нима учун? Яхши экан, бунданда яхши бўлайлик деб.

Масалан, мен ҳозир Кореядаман. Оллоҳга шукур жуда ҳам ривожланган давлат. Дунëнинг олди мамлакатларидан. Ҳамма шароитлари яхши. Умуман менталитет ҳам. Мана шу давлатнинг қишлоқ жойларига ëки чет-чет жойларига борсангиз, ўшандан ҳам расво аҳволда яшаëтганлари топилади.

Озодлик: Ўзбекистон телевидениеси эрталабдан кечгача яхши нарсани кўрсатаяптию. Шунинг қаторида Умида Аҳмедова ҳам ўшанақа чопони йиртиқ чолни кўрсатиб қўйса нима бўпти?

– Мақсад нима? Ўша чолни кўрсатишдан ëки ўша расмни ишлашдан мақсад нималигини аниқ айтиб бера олдими у киши? Нимани кўрсатмоқчи? Нима демоқчи? Мен сизга биттагина савол бераман. Ҳамма нарсани қўяйликда ўша филмни кўрмасдан туриб номини олайлик. Бокиралик юки-а?

Озодлик: Филмни гаплашмайман сиз билан. Озодлик радиоси Умида Аҳмедова суратларининг овоз вариантини беради. Биз ҳар доим жамиятдаги камчиликларни гапирамиз. Умуман матбуотнинг вазифаси шу. Мана шунчалик сизнинг ғурурингизга тегар экан нима учун Озодлик радиосини эшитиб, сайтини ўқибгина эмас яна телефон қилиб унинг мухбири билан гаплашаяпсиз ҳам. Нима учун?

– Сабаби мен ўша ерда миллатимнинг ғурурига тегадиган, менинг ғуруримга тегадиган нарсаларни кимдир тарғиб қилишга йўл қўйишни хоҳламайман. Нега?

Озодлик: Озодликдан кетаëтган материаллар ҳам сизнинг миллий ғурурингизга тегиб кетиши мумкинку сизнинг принципларингиздан келиб чиқсак?

– Мен Озодлик радиосини қоралаш учун телефон қилаëтганим йўқ. Мен телефон қилишимдан мақсадим ...

Озодлик: Йўқ.

– Умида Аҳмедова ўша ишларни нима учун қилаëтганлигини ...

Озодлик: Алижон, Озодликни нима учун эшитасиз деб сўраяпман. Шунга жавоб беринг.

– Озодлик радиосини мен авваламбор дунëни тиниқроқ кўриш учун, сизларнинг назарларингиз билан дунëга бир маротаба қараш учун. Бу 100 фоиз сизларнинг нарсаларингизни кўриб ўша орқали фикрлайди деган нарса эмас. Сизларнинг назарларингизда ва сизлар орқали ўшанинг тинглаб кўрсаëтган, эшитаëтганлар назарида қандай кўз билан қаралаяпти экан деб ўша воқеага ўзимча фикр билдириш мақсадида қарайман.

Озодлик: Бас шундай экан нима аучун дунëни кенг кўриш истаги суратларга ëйилмаяпти. Мана Ўзбекистон телевидениесини ҳам кўрасиз. Худди шу қаторда, нима учун Умида Аҳмедованинг суратларини ҳам кўргингиз келмайди? Нима учун дунëни фақат бир томонлама кўрмоқчи бўласиз? Фақат чиройли томонини кўрмоқчи бўласиз. Дунë фақат оқ-қора эмас, бошқа ранглардан ҳам иборатку. Дунë рангинку.

.....

“Эркин микрофон”га Жанубий Кореядан мурожаат қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Алижон билан суҳбатимизни шу жойда – ўзимизнинг саволимиз билан узишга қарор қилдик.

Шу савол жуда муҳим кўринди.

Алижоннинг жавоби қандай бўлганини суҳбатнинг Сизга эшиттирилган қисмидан тушуниб бўлгандирсиз.

Тушуна олмаганлар учун Алижоннинг энг сўнгги гапини эшиттирамиз.

Битта илтимосим ҳамда. Агар имконияти бўлса, Умида Аҳмедова ҳақидаги мулоҳаза, умуман мавзу матнларни олиб ташласаларингиз бошим осмонга етарди. Нега? У киши ўзбекларни ҳаддан ташқари ерга уриб юбораяпти деб ўйлайман. Менинг фикрим шундай, деди Алижон.

Умида Аҳмедовага оид биронта сўз ҳам сайтингизда қолмасин, деб илтимос қилаяпти Алижон.

Бу илтимосга ўз жавобимни айтдим.

Телефон қулоғини жойига қўйдим.

Абдулла Қодирий ёдимга тушақолди. Усмон Носир ёдимга тушақолди.

Уларни - улуғларимизни эслатиб Алижоннинг бошини оғритмадим.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!