Тошкент: 2012 йилда ҳам қарийб бир миллион иш ўрни яратилади

Ҳар йили бир миллион янги иш ўрини очилаётганига қарамай, миллионлаб ўзбек мардикорликка кетаяпти.


Ўзбекистонда ишга яроқли аҳолининг бор-йўқ 0,8 фоизигина ишсиз эканини даъво қиладиган расмий Тошкент, келгуси йилда ҳам бир миллионга яқин янги иш ўрни ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 27 октябр кунги йиғилишида 2012 йилда 967 минг 500та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилаётгани қайд қилинди.

ЎзА маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида мамлакатда 815,5 мингта янги иш ўрни яратилди. Унинг 512,4 мингтаси қишлоқ жойларига тўғри келади. Йил охиригача режадаги 956 минг 200 иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Расмий Тошкент сўнгги уч йил давомида ҳар йили қарийб бир миллиондан жами уч миллионга яқин иш ўрни ташкил қилинганини қайд этаётган бир пайтда, мамлакат ташқарисида 5 миллиондан саккиз миллионгача ўзбек мардикори борлиги айтилади.