26 октябр куни Тошкентдаги “Алишер Навоий” санъат саройида тантанали равишда ўтказилган тақдимот маросимидан бир кун ўтиб, “Нафс” филмининг кинотеатрларда намойиш этилиши ман қилинди.
Newsuz.com сайти маълумотига кўра, 27 октябр куни Тошкент кўчаларидаги “Нафс” филми рекламаси акс этган баннерлар ҳам олиб ташланган.
Таниқли санъаткор Фаррух Соипов режиссёрлигида суратга олинган ушбу филмга қўйилган тақиқ расман изоҳланмаяпти.
“Нафс” филмида ўзбек шоу бизнесидаги салбий ҳолатлар акс этгани айтилмоқда.
Бугунги ўзбек киносининг таниқли актёрларидан бири Фаррух Соипов жорий ойнинг бошида бир ҳафта давомида ҳибсда сақланиб, 8 октябр куни қўйиб юборилган эди.
Фаррух Соиповга яқин манбанинг Озодликка маълум қилишича, актёр Гулнора Каримованинг севимли актёрларидан биридир. Яқинда Фаррух ичиш ва чекишни ташлаб, намоз ўқишни бошлаган. Манбага кўра, Фаррух Соипов диний экстремизмда гумон қилиниб, ҳибсга олинган эди.
Асли касби ҳуқуқшунос бўлган Фаррух Соипов 2003 йилдан бошлаб кино оламига кириб келди ва тез орада таниқли актёрлар қаторидан ўрин эгаллади.