26 октябр куни Москва шаҳар Мешчан туман суди ўзини миллатчи тўдадан ҳимоя қилган тожикистонлик Анвар Юсуповни ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Шу йил бошида Москва метросида 10 га яқин футбол фанатлари томонидан калтакланган уч нафар миллати ўзбек Тожикистон фуқароларининг ҳимоячилари келтирган далил-исботларни судя мутлақо инобатга олмаган кузатувчиларни ҳайрон қолдирмоқда.
Москванинг Мешчан суди пайшанба куни чиқарган қарордан кейин Россияда мардикорлик қилиб юрганлар ўзларини тақирбош ва миллатчилар тўдалардан ҳимоя қилишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўришларига тўғри келадиганга ўхшайди.
27 октябр куни миллати ўзбек бўлган мардикор Тожикистон фуқароси Анвар Юсупов устидан ўтказилган судда унга ярим йиллик қамоқ жазоси берилди. Суд уни бировнинг ҳаётига таҳдид қилганлик ва тан жароҳати етказганликда айбдор, деб топди.
Анварнинг Озодликка айтишича, унинг айби билмасдан футбол фанатлари кетаётган метро вагонига икки нафар дўсти билан чиқиб қолганида.
“Бир дўстим олдин ҳам шунақа гуруҳлардан калтак еган экан, уларни кўриб поездга “чиқмайлик, деди”, дея эслайди январ ойида рўй берган воқеани Анвар Юсупов.
- Биз биринчи маротаба тушганимиз учун гапига эътибор бермасдан чиқиб кетдик. Улар бизларни “О, дўстларимиз келдику!”, дея менсимасдан, рангимиз ёқмагани учунми шундай кутиб олди. Улар ЦСКА футбол фанатлари эди. Биз вагоннинг охирига қараб юрдик. Уларнинг мастлигини ҳатто экспертиза исботлаб берди. Бизга яқинлашганда улар, рўпарамиздаги одамлар сезиб вагоннинг нариги томонига ўтиб кетишди. Биз ҳам улар яхши ниятда келмаётганини сездик. Бир гувоҳ ҳатто тасдиқлаб бердики, биринчи ҳужумни улар қилган. Биз шунчаки ўзимизни уришга йўл қўймадик. Биз ишлагани келганмиз, агар бир ҳафта ишсиз ётсак қарзга ботиб кетамизку! Квартира, йўл кира, емиш,- дейди судда айбдор деб топилган Анвар.
Анвар Юсуповнинг суд жараёнига келган қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари ва журналистлар, жумладан Озодлик Радиоси мухбири, ҳукмни суд яширин тарзда эълон қилгани ва бошқа ҳуқуқий меъёрларни бузганидан норози эканликларини гапиришмоқда.
Судянинг ноҳақ қарорини эшитган кузатувчилардан бири – Анастасия Денисова ҳатто йиғлаб ҳам юборди.
Анвар Юсупов ишини бошидан кузатиб келаётган "Фуқаровий кўмак" қўмитаси вакили Анастасия Денисова олиб борилган суд маҳкамасини “абсурд”, деб атади.
- Бу расвогарчилик, чунки маҳкама жараёнида мигрантни фақат мигрант эканлигида айблашди! Судя ўз қарори билан Россияда мигрантлар ҳатто ўзиларини-ўзлари ҳимоя қилишга ҳақли эмасликларини исботлади. Боз устига, Мешчан суди уларнинг нафақат миллатчилардан ҳимояланишга, балки адолатли судга ҳам ҳақлари йўқлигини намойиш этди. Бу ўзбекларга 10 га яқин одам маст ҳолатда, пичоқ билан, “Чурка!” каби ҳақоратли сўзларни айтиб, ҳужум қилганлари исботланди. Анвар уларни тўхтатиб қолгани учун суд томонидан ҳаётга таҳдид қилишда айбдор деб топилди,- дейди ҳуқуқ фаоли.
Денисованинг айтишига кўра, Анвар устидан шикоят аризаси топширган Маркевичнинг ўзи адвокати орқали ярашишни таклиф қилган. “Лекин ҳеч қандай тушунтиришларсиз прокурор бунга қарши туриб олди”, дея ҳаяжонланади Анастасия.
Бошқа томондан у суднинг бундай мантиқсиз қарорларидан манфаатдорлар ҳам борлигини гапиради.
- Миллатчиларни жиноят жойида дастлаб милиция, кейин тергов, кейин эса суднинг қўллаб-қувватлаши уларга янги жиноятларни содир этишга руҳсат сифатида қабул қилинмоқда. Бу давлат ходимларининг ўзини миллатчидан ҳеч қандай фарқи қолмаганидан дарак! Анварни жиноятчи деб эълон қилиш юқоридан буйруқ тарзида келган бўлса ажаб эмас. Чунки эътибор берган бўлсангиз мигрантларни жиноятчи қилиб кўрсатиб, турли статистика рақамларини келтириш мана шундай қарорларнинг натижасидир,- дейди Анастасия Денисова.
Маълум бўлишича, Анвар Юсуповдан “жабрланган” ЦСКА фанати Маркевич ҳозирда Санкт-Петербургда кроссовка ўғирлагани учун тергов изоляторида сақланмоқда.
6 ойлик қамоқ муддати ҳақидаги Мешчан суди қарорини эшитган Анвар Юсупов Озодлик билан суҳбатда нима қилишини билмаслиги ва тинимсиз терговлардан чарчаб кетганини айтади.
- Менинг гапларим, ҳақлигим-ноҳақлигим уларни қизиқтирмаяпти. Миллатчилик десам жуда бўлиб кетиши мумкину, аммо шунга олиб келяпти. Мен ўзимни гуноҳкор деб ҳисобламаяпману, улар мени исбот даллиларимга эътибор бермасдан фақат “жабрланувчи” тарафини олишяпти. Билмадим, уни рус эканлиги учунми?! Олдиндан айбдор эдим, ҳозиргача айбдор бўлиб келяпман.
Москвада 2 йилдан бери мардикорлик қилиб юрадиган Анвар миллионлаб марказий-осиёлик мардикорлар қатори тирикчилик илинжида Россияга келган.
- Уйланганман, иккита фарзандим бор. Уларни икки йил бўлди кўрмаганимга. Ўзи ўтган йил кетмоқчи эдим. Мана бу ишга ҳам январда бир йил бўлади, чиқиб кетмаслик ҳақида қўл қўйганман. Билмадим нима қилишни ҳам. Суд қароридан жуда норозиман. Мен ўзимни ҳимоя қилиб туриб, ўзимга яна қамоқ жазосини орттирдим. Кимга мурожаат қилишни ҳаёлимга сиғдира олмаяпман,- дейди Анвар Юсупов.
Унинг адвокати Гулнора Бобожонова суднинг бу қарори юзасидан барча юқори инстанцияларга арз қилиши, керак бўлса Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судигача боришини маълум қилди.