Москва мэрлигидан бир йил олдин бўшатилган Юрий Лужков “Москва Банки” иши юзасидан сўроқ қилинади.
Россия пойтахтининг собиқ ҳокими муаммолари энди бошланаётган кўринади. Озодлик Радиосининг рус хизматига берган интервюсида у президент Дмитрий Медведев шахсига нисбатан жуда кескин фикрларни билдирган эди.
Жумладан, Лужков “Медведев мамлакат миқёсидаги масалаларни ҳал эта олмаслигини намойиш қилди”, “Медведевнинг Бош вазирлик лавозимига тайинланиши Россия учун бундан-да салбий оқибатларга олиб келиши мумкин”, “Медведев премер сифатида жуда кучсиздир”, деган фикрлари учун таъқиб этила бошланганини таъкидлади.
24 октябр куни Лужков “Москва Банки” иши юзасидан сўроққа чақирилди.
“Менда бу чақирув “Озодлик” радиостанциясига берган интервю билан боғлиқ сиёсий сабабларга бориб тақалиши ҳақида асосли гумонларим мавжуд”, деди оммавий ахборот воситаларига Юрий Михайлович.
Аммо терговчилар “Москва Банки” иши доирасида кредит сифатида берилган 13 миллиард рублнинг ғойиб бўлиши ва аллақандай йўллар билан Лужковнинг тадбиркор рафиқаси Елена Батуринага қарашли “Интеко” ширкати ҳисоб рақамларидан бирида пайдо бўлиб қолгани юзасидан қатор саволлар пайдо бўлаётганини гапирмоқдалар.
Бу операцияни амалга оширган “Москва Банки” собиқ директори Андрей Бородин аллақачон халқаро қидирувга берилган.
Коррупцияга қарши қўмита раҳбари Кирилл Кабанов Лужковни мазкур иш юзасидан гувоҳ сифатида чақирилишида ҳеч қандай ғайритабиий ҳолатни кўрмаслигини гапиради.
- Бу банк орқали миллиардлаб бюджет пуллари ўтказилган. Шу сабабли Юрий Михайлович Лужковга нисбатан савол берилиши асосли, деб ўйлайман. Бериладиган саволлар асосан Москва ҳукуматининг хўжалик-молиявий фаолияти билан бевосита боғлиқ. Масалан, жаноб Бородин қандай ўз лавозимига тайинланган? Нима учун у жаноб Лужковнинг рафиқаси ишлаган компаниядан чиқиб кетди? Нима учун шаҳар бюджетига қарашли маблағлар айнан шу банкдан ўтказилган? - дейди Кирилл Кабанов.
Айни пайтда собиқ мэрнинг адвокати, Москва Адвокатлар палатаси президенти Генри Резник Юрий Лужков ИИБ терговчилари билан ноябр ойининг иккинчи ярмида учраша олишини маълум қилди.
- Лужковни гувоҳ сифатида чақиришди. Мен сўроқда иштирок этаман. Адвокат ўта чекланган ваколатларга эга. Мен Москва банки иши билан умуман таниш эмасман. Материаллар билан яхшилаб танишганимдан кейин ўз мулоҳазаларимни албатта эълон қиламан, - деди Юрий Лужковнинг адвокати Генри Резник.
Ҳозирда собиқ мэр Юрий Лужков ўқитувчилик фаолияти билан машғул: у Москва Халқаро университетида таҳсил беради. Унинг рафиқаси Елена Батурина Россиянинг ташқарисида истиқомат қилади.
Яқинда Россиянинг энг бадавлат тадбиркор-аёли Елена Батурина ўзига қарашли “Интеко” қурилиш компаниясини сотиб юборгани ҳақида эълон қилди.