31 октябр куни Ўш ва Жалолободда якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларини бекор қилиш талаби билан митинглар бўлиб ўтди.
Душанба куни Жалолобод вилоят давлат маъмурияти олдига бир неча юз одам тўпланди:
- Митингга чиққанлар президентликка номзод Қамчибек Ташиевнинг тарафдорлари экан. Улар губернатор билан учрашди. Мурожаатлари бор экан, губернаторга топширишди. Губернатор: “Мен бу мурожаатни Марказий сайлов комиссиясига жунатаман, жавоб келганидан кейин сизларга айтаман”, деди. Бироқ одамлар бунга кўнмай, “эртага яна тўпланамиз” деб, тарқаб кетишди. Ташиев туғилиб ўсган Барпи қишлоғида Ўш-Бишкек йўлини тўсишган экан соат 16.10 да, қайта очишди. Ҳозир машиналар ўтаяпти.
Озодлик: Улар нимани талаб қилишаяпти, айтишдими?
- “Сайловда қонунбузарлик кўп бўлди” деб, сайлов натижалари йўққа чиқарилишини талаб қилишди, - дер экан митингни кузатган “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази вакили Абдуназар Маматисламов Жалолобод шаҳрида митингчилар сони 200 кишига етганини айтди.
Митинглар, шунингдек, Жалолобод вилоятининг Сузоқ ва Бозорқўрғон туманларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ерларда митингчилар бир неча соат Ўш-Бишкек йўлини тўсиб туришган:
- 50-60 га яқин одам Бозорқўрғонга кириш йўли, Ўш-Бишкек йўлидаги кўприкни тўсиб туришибди, - деди митингга гувоҳ бўлган жалолободликлардан бири бу митингчилар талаби сайлов натижаларини бекор қилиш бўлганини таъкидлар
экан.
Президентлик сайлови натижаларига қарши норозилик тадбири бугун Ўшда ҳам бўлиб ўтди. Акцияга гувоҳ бўлган ўшликларга кўра, 30-40 кишидан иборат митингчилар ўзларини сайловда иштирок эта олмаган сайловчилар сифатида таништирган ва президентлик сайлови қайта ўтказилишини талаб қилишган.
Айни пайтда Қамчибек Ташиевнинг матбуот котиби Нурғази Анарқулов журналистларга берган интервюсида 31 октябр куни Жалолободда ва Ўшда бўлиб ўтган митингларга Ташиевнинг алоқаси йўқлигини, бироқ бу фуқаролар норозилик билдиришга ҳақли эканини айтган.
Қамчибек Ташиевнинг ўзи эса 31 октябр куни Бишкекда матбуот анжумани ўтказди ва сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирди:
- Халқим тарихида бунчалик ифлос ва адолатсиз сайлов бўлмаган, деб ҳисоблайман. Бундай сайлов буюк Манас авлоди ва эрксевар қирғиз халқи учун уятли кўринишдир. Мен ва минглаб сайловчилар бу сайловни тан олмаймиз. Биз қонун доирасида ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз. Мен яна бир маротаба муваққат ҳукуматга яхшилаб ўйланиб кўришни ва сайлов натижаларини бекор қилишни тавсия қиламан, - деди Қамчибек Ташиев.
Маълумотларга кўра, 31 октябр куни Ўш шаҳри яқинида жойлашган Қорасув туманида президентликка номзодлардан бири Адахан Мадумаров тарафдорлари ҳам норозилик митинги ўтказган. Ҳозирча митинг борасида батафсил маълумотлар йўқ.
Президентлик сайловларида иккинчи ўринни олган номзод Адахан Мадумаров ҳам бугун Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида президентлик сайлови натижаларини тан олмаслигини билдирган.
Айтиш жоизки, сайловдан аввал айрим номзодлар агарда сайловда маъмурий ресурслар қўлланилса ва сайлов натижалари қалбакилаштирилса, оммавий норозиликлар бошланиши тўғрисида баёнотлар тарқатганлар. Ўшлик ҳуқуқ фаоллари бундай баёнотлар Ўшда истиқомат қилувчи миллий озчиликлар, хусусан, ўзбеклар орасида ваҳима кайфиятини пайдо қилганини айтишади:
- Ташиев: “Агар сайловлар ифлос ўтса, мен оммавий норозиликлар уюштираман”, дебди-ку. Ваҳималар шу баёнотдан келиб чиққан. Айнан Ташиевдан кўпроқ хавфсираб турибмиз. “Атамбаев келиб, ўзбекларни сақлаб қолади”, деган ишонч ҳам йўқ. Ҳозирча давлатга ишонч йўқ, - деди ўз исмини ошкор қилишни истамаган ўшлик ҳуқуқ фаоли.