Лондонда киберхавфсизлик бўйича халқаро анжуман иш бошлади

Икки кунлик анжуманда 60 дан ортиқ давлат расмийлари, шунингдек, Википедиа (Wikipedia) асосчиси Жимми Уейлес (Jimmy Wales) каби соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

Анжуман очилишида чиқиш қилган Британия Бош вазири Дэвид Камерон кибернетик хавфсизликни баҳона қилароқ ҳукуматлар интернет устидан цензура ўрнатмаслиги кераклигини таъкидлади.

- Кибернетик хавфсизликни таъминлаш баҳонасида ҳукуматлар цензура ўрнатмаслиги ёки одамларни Интернет бераётган имкониятлардан маҳрум қилмаслиги лозим, - деди Британия Бош вазири.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Родҳем Клинтон ўлим тўшагида ётган онасининг олдида бўлиш учун анжуманда қатнашишдан воз кечди.

Унинг ўрнига Лондон анжуманида АҚШ вице президенти Жозеф Байден видеоалоқа орқали иштирок этмоқда.

Ахборот агентликлари тарқатган сўнгги хабарга кўра, АҚШ Давлат котибининг онаси Дороти Родҳем 1 ноябр куни 92 ёшида вафот этган.