Нафақалар иxтиëрий (мажбурий) пластикка ўтади

Пластик карточкалар энди пенсионерларнинг ҳам бошоғрига айланадиганга ўхшайди.

Ўзбекистон Марказий банки пенсионерлар нафақасини пластик карточкаларга ўтказиш масаласини тартибга солмоқчи.

Ўзбекистон Марказий банки раиси муовини У. Мустафоев 19 октябр куни имзо чеккан ҳужжатда ана шу ҳақда гап боради.

Ҳужжатга кўра банк ходимлари пенсионерлардан “ўз иxтиëрим билан пластик картага” ўтмоқчиман деб ариза ëздириб олишлари зарур.

Ҳужжатга кўра бу ҳолат “Жойларда кейинги пайтларда юзага келаëтган муаммолар олдини олишга қаратилган”

Ўзбекистон Марказий банкининг нақд пул айланмаси бўлими мулозими билан айнан шу ҳужжат ўртага қўйган мавзуда суҳбатлашдик.

Исми айтилмаслиги шарти билан суҳбатга рози бўлган мулозим пенсионерларни мажбурлаб пластикка ўтказилмоқда деган гап сўз чиққанидан кейин, мана шу ҳужжат қабул қилинганлигини айтди.

Суҳбатдошга кўра пластик карталарга ўтиш пенсионерлар учун ихтиëрий:

- Пенсионерларни пластикка ўтказиш бу ихтиëрий. Хоҳлагани ўтаверади, хоҳламагани йўқ. Пластикка ўтиш ихтиëрий. Аризасига асосан бўлади. Ариза берсалар, ўтказилади. Ариза бермасалар, нақдини олиб кетаверади. Ихтиëрий бу. Ариза бўлгандан кейин ихтиëрий бўлиб кетади.

Ўзбекистон Марказий банки xодимига кўра пластик картага мутлақ ўтиш сари катта қадамлар ташланмоқда. Бу ривожланган дунë тажрибасидир¸ дейди мулозим:

- Замон тараққиëти бу. Тараққий этиш керакку. Европа давлатлари, бошқа давлатлар пластик карточкани йўлга қўйишган. Нақд пулни чўнтагида кўтариб юрмайди.

Пластикдан ҳисоб-китоб қилиб кетаверади. Хоҳласа ана банкомат бўлади.

Банкоматдан нақд пул керак бўлса, олиб кетаверади. Бизларда ҳам худди шу. Нақд олмоқчи бўлса, банкларга борадилар. Банк пулини бераверади қанча керак бўлса.

Озодлик: Пластикка ўтмасдан нақдини қўлимга бергани дуруст деяëтганлар кўпда¸ пенсионерлар билан гаплашсангиз.

- Бир хиллар нақддан кўра пластикни афзал кўраяпти. Афзаллик томони ҳар ойда пулни ишлатмасдан йиғса, фоиз бор. 4-6-7 фоиз пул ҳар ой ташлаб беради. Бир хиллари “Мен нақд ишлатиб қўяман. Пластик беринглар. Пластикда йиғиб бораман” дейди. Йиғиб борадида, нақд пул керак бўлса, банкдан олиб кетаверади.

Озодлик: Қарорнинг олтинчи бандида “Пенсионерлардан банк хизмати ундирилмаслигини таъминлаш лозим” дейилган.

- Пенсионерлардан ундирилмайди ака. Ҳеч қанақа услуга олинмайди пластикидан.

Банк мулозимининг бу гаплари Ўзбекистон телевидениесида пластик карточканинг афзалликлари ҳақидаги эшиттиришлар руҳига уйқаш.

Пластик картага ўтиш жараëни турли товламачиларни ҳам урчитди. “Пластик обанличкаси” деган “тадбиркорликнинг” янги тури пайдо бўлди. Банк мулозими бундай товламачилдан эҳтиëт бўлишга чақирди.

- Авваламбор у одамнинг ўзига ҳавола. “Менга фоизи керакмас. Ундан кўра банкдан бориб олиб келаман” дейдиган одам бориб банкдан фоизини олиб келаверади. Кўчада шунақа қилиб юрадиган бир хиллари бор экан. Пластикни оладида, “мен сенга олиб келиб бераман” деб ўғирлаб кетганлар ҳам бор.

Шунинг учун бировга бериш керак эмас. Нақд пул керак бўлса, ана банкка борадилар, қанча хоҳласа олаверадилар. Хоҳласалар ҳаммасини олсинлар, хоҳласалар ярмини. Унда муаммо йўқ. Лекин кўчадагиларга бир хиллар бериб юборади карточкасини. Шу билан ўғирлаб кетди. Шу билан кейин “йўқотиб қўйдим, ўғирлаб кетди” деб банкка келадилар. Кейин банкни айблашга тушишади булар. Кўпчилик мана шунақа қилиб юрибди ҳозир. Ўзининг карточкасини бировга бермаслик керак. Нақд пул керак бўлса, банкка мурожаат қиладилар. Банкда нақд пулини олаверадилар. Фоизсиз. Ҳеч қанақа устама олинмайди.

Озодликка мурожат қилаëтган пенсионерлар банкларга нақд пул сўраб мурожаат қилишганида рад жавобини олишганидан нолишади:

Бундай ҳолатда Марказий банк ишонч телефонига қўнғироқ қилишсин дейди мулозим озодлик билан суҳбатда.

- Республика Марказий банкининг нақд пул маблағлари ва пластикка доир ишонч телефони: 236-38-39. Шунақа ëмон муомала қиладиган бўлса, шу телефонга чиқиб айтсин. Бизлар унинг чорасини кўрамиз.