Т. Миркаримова: Ўғлим қамоқда қийноқлардан ўлган!

Тошкентлик Тамара Миркаримова қўлида қамоқхонадаги қийноқлардан вафот этган, деб ҳисоблаётган 43 ёшли ўғли Миррафиқ Миркаримовнинг суратини тутиб турибди.

Сангородда оламдан ўтган маҳбус Миррафиқ Миркаримовнинг онаси унинг қийноқдан ўлганини иддао қилиб, халқаро жамоатчиликка мурожаат қилди.

Тамара Миркаримовага кўра, шу йилнинг 8 июлида Сангородда оламдан ўтган ўғли Миррафиқ расман айтилгани каби юрак хасталиги эмас, балки қийноқлардан ўлган.

Бу борада халқаро жамоатчиликка мурожаат қилиш имконини эндигина топганини айтгаётган онага кўра, бундан 8 йил муқаддам ўғирлик билан боғлиқ айбловлар асосида 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган Миррафиқ Миркаримовнинг жасади шу йил 8 июл куни Сангороддан оиласига топширилган.

- Сангородда ўғлимнинг юзини очиб кўрсатишди. Қоп-қорайиб, куйиб кетган. Нимага бунақа қорайиб кетган, дейман. Одам юрак касаллигидан шунақа қорайиб ўладими?! Кўзлари очиқ, оғизлари очиқ. 32 метр оқ сурп сўрашди, устига эса 2 метрини ташлаб қўйишган. Бутун танасини кўрсатишмади, - дейди Тамара Миркаримова.

Унга кўра, оилага жасад тобутда берилган ва тобутни очишга рухсат берилмаган. Маҳаллий имомлар аввалига эътироз қилса-да, кейинчалик марҳумни тобут ичида кўмиш ва жаноза ўқишга рози бўлган.

Тамара Миркаримова гарчи марҳум ўғлининг танасини тўлиқ кўздан кечиришга муваффақ бўлмаган бўлса-да, унинг қийноқлардан ўлганига ишончи комил эканини айтмоқда.


Маҳбус Миррафиқ Миркаримовнинг вафоти ҳақидаги расмий ҳужжат.

Озодлик билан суҳбатда Миркаримова Зарафшон қамоқхонасида сақланаётган 43 ёшли ўғлини ҳаётлигида сўнгги бор кўрганида унга нисбатан қийноқлар қўлланилганидан шикоят қилгани ва аёл унинг танасида қийноқ изларини кўрганини айтмоқда.

- Мен шу йилнинг март ойида ўғлим билан кўришгани Зарафшонга борганимда унинг танасидаги кўкариб кетган излар ҳалиям турган экан. “Опа, мени қийнашвотти, ГУИНда Валижон Каримов, деган куратор бор, ўша кишига бориб айтинг, мени қийнашмасин”, деб айтган эди, - дейди Тамара Миркаримова.

Миркаримова ўшандаёқ Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси — ГУИНга боргани ва номи тилга олинган расмий билан учрашганини айтмоқда.

Унга кўра, ўғлига қийноқлар қўлланиганини аниқлаш ва буни тўхтатиш сўралган аризаси бу шахс томонидан қабул қилинган ҳамда чора кўриш ваъда қилинган.

Бироқ Тамара Миркаримова бунга чора кўрилмагани ва аксинча, соғлиги оғирлашган ўғли шу йилнинг май ойида Сангородга келтирилганини айтмоқда.

Она ўғли Сангородга келтирилган пайтда оғир буйрак яллиғланиши хастлигидан азоб чеккани ва бу хасталик айнан қийноқлар боис орттирилганини айтар экан, айни кезда буни исботлайдиган даллиларни қўлга кирита олмаганидан афсус қилмоқда.

Унинг ўғлига нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги давомли шикоятларига ўғли сақланган Зарафшон қамоқхонаси, Сангород ва ГУИНдан ҳам тегишли жавоб берилмаган.

Ўғли Сангородга келтирилганидан сўнг Тамара Миркаримова яна ГУИНда кураторлик вазифасини бажариши айтилган Валижон Каримов қабулига борган.

- Иккинчи марта у одам мени қабул ҳам қилмади, - дейди аёл.

Аёлнинг ўз ўғлига нисбатан қамоқхонада қийноқлар қўлланилгани ва эндиликда унинг бундай қийноқлар остида ўғли каби вафот этиш қисматидан бошқа маҳбусларни қутқариш бўйича халқаро жамоатчиликка қилган мурожаати ортидан биз номи тилга олинган Валижон Каримовга боғланишга ҳаракат қилдик.

Аммо, Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси у киши билан телефон орқали боғланишнинг имкони йўқлигини айтди.

Тамара Миркаримова мурожаати билан шуғулланишни бошлаган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаева ҳам бу ташкилотга ёзма равишда мурожаат киритганини айтар экан, марҳум маҳбус Миррафиқ Миркаримовнинг вафоти қийноқлар билан боғлиқ, деб ҳисоблашини айтади.

Унга кўра, одатан, мутасадди ташкилотлар қийноқлар борасидаги мурожаатларга жавоб бермайди ва инсон ҳуқуқлари фаоллари мамлакат қамоқхоналарида мавжуд системали қийноқ қўллаш амалиётига оид маҳбуслар, уларнинг яқинлари иддаолари, улар тақдим қилинган баъзи далиллар даражасида ишлашга мажбур бўлиб қолмоқдалар.

- Биз онанинг сўзларига ишонамиз. Албатта, бу маҳбус қийноқлардан ўлган. Она сўнгги бор унинг танасидаги қийноқ изларини кўрган ва ўғли ҳам қийнашаётганини айтган. Энг муҳими, Ўзбекистонда қийноқ амалиёти системали равишда мавжуд экани сир эмас. Хусусан, Сангородда маҳбусларнинг айнан қийноқ боис эрта оламдан ўтиш ҳоллари кўп ва бунга барҳам берилиши керак, - дейди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаева.

Тамара Миркаримовага кўра, асли касби созловчи-чилангар бўлган ўғли муқаддам Ўзселмаш заводида ишлаган.

Унга қўйилган ўғирлик билан боғлиқ айбловлар борасида изоҳ бермаган она ўғли қамоқхонада интизоми яхши маҳбус бўлгани, жазони ўташ билан бирга айнан Сангород қамоқхонасида бир неча йил хўжалик мудири бўлиб ишлаганини айтмоқда.

- У Сангородда ҳам даволанган, ҳам ишлаган. Ойлигини мен олганман. Квитанциялари турибди қўлимда. Ойига 50-60 минг ойлик келарди, кейин мен продукта олиб, ўғлимга обориб берардим. Мана энди ўшатда юрак касалидан ўлди, дейишяпти. Мен бунга ишонмайман, - дея хотирлади сўзлари якунида Тамара Миркаримова.