Подмосковенинг Митишчи туманида Ўзбекистон фуқароси бир аёл ва унинг бир ёшга тўлган гўдагини вахшийларча ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Терговчилар қотилликка ўзбекистонлик бу йигит билан асли қозоғистонлик Елена ўртасида чиққан даҳанаки жанжал сабаб бўлганини тахмин қилмоқдалар.
Ўтган чоршанба куни Митишчи туманидаги Поведники посёлкасидаги ўрмонзорлардан бирида 28 ёшли Қозоғистон фуқароси Елена К. ва унинг бир яшар Эрик исмли ўғилчаси мурдалари топилди.
Терговчилар қотиллик бундан бир кун аввал содир этилганини аниқлади, дейди Озодлик Радиосига Митишчи шаҳар Тергов қўмитасининг тергов бўлими бошлиғи Михаил Анисимов.
- Аёл бўғиб ўлдирилган ва боланинг бош миясига ёпиқ жароҳат етказилган. Ҳозир суд-тиббий экспертиза тайинланди. Бу жиноят юзасидан “Икки ва ундан ортиқ шахсларнинг ўлдирилиши”га оид модда асосида жиноий иш қўзғатилди. Қотилликни содир этганликда гумонланаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўз айбига иқрор бўлди,- дейди Михаил Анисимов.
Озодлик бу қотилликни содир этганликда айбланиб, 18 ёшли ўзбекистонлик Бобурмирзо Солиев ҳисбга олинганини аниқлади.
Терговчилар тахминларига кўра, 28 ёшли Қозоғистон фуқароси Елена К. фарзанди билан кўчада сайр қилиб юрганида ўлдирилган. Ундан аввалроқ Солиев Елена билан магазинда даҳанаки жанжаллашиб қолгани аниқланган.
Солиевнинг терговчиларга ёзиб берган иқрорномасида айтилишича, иккинчи марта ўрмонзорда Еленани кўриб қолиб, куртка белбоғи билан аёлни бўғган, йиғлаётган болани эса дарахтга боши билан уриб ўлдирган. Қотилликни содир этган шахс Еленанинг пули, қўл телефони ва бошқа қимматбаҳо буюмларига тегмаган.
“Оммавий ахборот воситаларида Солиевнинг полицияга ўзи келгани ҳақида айтилаётган гап-сўзлар ҳақиқатга мос эмас”, дея давом этади Митишчи шаҳар Тергов қўмитаси расмийси Михаил Анисимов.
- Уни ходимларимиз ҳибсга олди, у ҳеч қаерга ўз хоҳиши билан келгани йўқ. Уни ҳибсга олишгандан кейин ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Ҳар ҳолда тергов якунлангани йўқ, натижаларни кутамиз,- дейди Михаил Анисимов.
Маълум бўлишича, 18 ёшли Ўзбекистон фуқароси Бобурмирзо Солиев маҳаллий қурилишлардан бирида ишлаб келган.
Ўлдирилган аёл эса Москвага Қозоғистондан ўқишга келган, шу ерда турмушга чиққан ва бир йил олдин фарзандли бўлган.