Россиядаги Тожик диаспораси намояндалари тожик меҳнат муҳожирларига босимни тўхтатишни талаб қилмоқда. 15 ноябр куни Интерфакс ахборот агентлиги матбуот марказида Россия ва Тожикистон ўртасида чиққан можарога бағишланган матбуот анжумани ўтказиди. Унда қатнашган Москвадаги тожиклар етакчилари Россия расмийларининг ҳаракатлари таҳқиромуз тус олаётганини таъкидлади.
Тожикистонда россиялик ва эстониялик учувчиларнинг 8,5 йилга қамалиши оқибатида Москва билан Душанбе ўртасидаги можаро боис Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирлари вазияти кескинлашишда давом этмоқда.
Сешанба куни Москвада ўтказилган конференцияда Россиядаги тожик диаспоралари ва Россия жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Матбуот конференциси ташкилотчилари Россияда айнан тожикистонлик меҳнат муҳожирлари жиддий сиқувга олингани ва икки давлат ўртасида юзага келган қатор бошқа муаммолар билан боғлиқ вазиятни жамоатчилик эътиборига етказишга уринди.
Россиянинг Биринчи телеканали бошловчиси Максим Шевченко Тожикистон ва Россия ўртасидаги можаро МДҲ ҳудудида ички низонинг авж олишига ва иттифоқ муносабатларига жиддий зарар келтириши мумкинлигини гапирди.
Шевченко шунингдек, матбуот анжуманида Россиянинг марказий ахборот воситалари иштирок этмаётганини Тожикистонга қарши қаратилган ахборот урушининг бир қисмидир, дея таъкидлади.
“Тожикдиаспора” ташкилоти раиси Каромат Шарипов Россия Тожикистонга нисбатан виза режимини жорий қилгудек бўлса ва меҳнат муҳожирларини оммавий равишда депортация қилишни бошласа, Марказий Осиёда Афғонистон каби яна бир можаро ўчоғи вужудга келишини айтади.
“Ейишга ҳеч нарсаси қолмаган ва Россиядан чиқариб юборилган тожиклар толибларга бориб қўшилади”,- дейди Каромат Шарипов.
- Бундай вазиятда Тожикистон ва Афғонистон ўртасида чегараси қолмайди. Чегара Ўзбекистонга келиб қолади, Ўзбекистон чегараси бузилганидан кейин Россияда ҳам тинчлик йўқолади. Бу жанжал бизнинг душманларимизга қўл келади,- деди Каромат Шарипов.
Россиядаги тожикларнинг энг йирик ташкилоти раҳбари рус учувчиларини озод этишга чақирди.
Анжуман иштирокчиларидан бирининг “Чеченистон Республикасидан тожиклар оммавий равишда депортация қилинаётгани тўғрисидаги хабарлар қанчалик ҳақиқатга мос?”,- деган саволига жавоб берган Максим Шевченко, у шахсан Чеченистон ҳукуматига қўнғироқ қилгани ва республикадан тожикистонлик лўлиларнинг бир гуруҳи чиқариб юборилаётганини маълум қилди.
Россиядаги тожикистонликлар иттифоқи раиси Абдулло Давлатов Россиянинг Бош санитар врачи Геннадий Онишченконинг тожикистонликлар Россияда оғир юқумли касалликларни, жумладан ОИТС, сил, сифилис касалликларни тарқатаётгани ва шу боис тожик меҳнат муҳожирларига Россияга кириб келишни тақиқлаш тўғрисидаги баёнотини танқид остига олди.
- Афсуски россияликлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиши керак бўлган Миграция хизмати ва жаноб Онишченко бошқараётган ташкилотлар мутлақо сиёсийлашиб кетган. Улар фақат зарурат туғилгандагина уйғониб қолади. Ахир сил ва бошқа юқумли касалликларни олдини олиш, мигрантлар орасида аниқлаш учун доимий профилактика ишлари олиб борилмаяпти. Россиянинг 19 минтақасидан олинган маълумотларга кўра, босим давом этаяпти ва минтақавий изоляторларда қанча тожикистонликлар сақланаётгани ҳақида ҳозиргача маълумот йўқ, чунки махсус изоляторга ҳуқуқ ҳимоячилари киритилмаяпти,- дейди Абдулло Давлат.
Россиядаги тожик диаспораси намояндалари Тожикистон фуқароларига нисбатан Миграция хизмати, полиция ва бошқа қатор ташкилотларнинг махсус амалиётлари давом этаётгани ва бу ҳол зудлик билан тўхтатилишини талаб қилдилар.
Айни пайтда, оммавий ахборот воситалари тарқатаётган маълумотларга кўра, ҳозиргача Россиядан 297 киши суд қарори билан депортация қилинган, ўтган шанба-якшанба кунлари яна 150 кишидан зиёд тожик мўҳожирлари ушланган. Россия Мигрантлар федерацияси маълумотига кўра, Россиянинг турли минтақаларида ўтказилган махсус рейдлар натижасида 1,5 минг нафар Тожикистон фуқаролари маъмурий қонунчиликни бузганлиги учун ушланган.
Бу маълумотларни текшириш мақсадида Озодлик мухбири Москва шимолидаги 1-сонли Хориж фуқароларини сақлаш марказига йўл олди. Маълумотларга кўра, Москвада ушланган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари айнан шу муассасага олиб келинмоқда.
Марказ биносига кира олмадик, лекин изолятордагилар билан панжарали дераза ортидан гаплашиш имконига эга бўлдик.
Ўзини данғаралик Фурқат деб таништирган 21 ёшли тожикистонлик меҳнат муҳожири Қозон вокзалида ушлангани ва милиция ходимлари ундан 5 минг, бошқалардан 10 минг рубл сўраганини маълум қилди.
Изоляторда сақланаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари қачон ўз юртларига депортация қилинишлари номаълум эканлигини айтишди.
Панжара ортидан бақирганлар ичида ўзбекистонлик ёки қирғизистонликлар овози эшитилмади.