Ўзбекистон президентининг собиқ маслаҳатчилари Равшан Муҳиддинов ва Турсинхон Худойбергенов ҳибсга олингани хабари матбуотда пайдо бўлди.
Uzmetronom.com сайтининг 21 ноябрдаги хабарига кўра, Ўзбекистон президентининг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Равшан Муҳиддинов ҳибсга олинган.
Равшан Муҳиддинов 21 сентябр куни президент фармони билан давлат маслаҳатчиси лавозимидан бўшатилгач, Тошкент вилоят прокурори вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган эди.
Тошкент вилоят прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, Равшан Муҳиддиновнинг ишдан бўшатилиши тўғрисидаги буйруқ 18 ноябр куни чиқарилган ва у 19 ноябр куни расман ишдан бўшатилган. Айни пайтда унинг ўрнига Юсуф Ғойипов тайинланган.
Бироқ Тошкент вилоят прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходими Равшан Муҳиддиновнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди.
19 ноябр куни Uzmetronom.com сайти Ўзбекистон президентининг яна бир собиқ маслаҳатчиси, айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазири Турсунхон Худойбергеновнинг ҳам ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни эълон қилди.
Сайт маъмурияти Озодлик билан суҳбатда бу хабарларнинг ҳақиқат эканига ўзининг ишончли манбаларига таянган ҳолда кафолат беришини айтди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири ёрдамчиси Дилшод Иномов эса Т. Худойбергеновнинг ҳибсга олинганини бутунлай инкор қилди.
- Ўша сайтдаги мақоладан хабаримиз бор. Лекин бу бўлмаган гап. Ўзлари ҳозир бош вазир топшириғи билан Ангренда юрибди. Қамчиқ довонидаги йўл тозалаш ишларини қишки мавсумга тайёрлаш бўйича вазиятни ўрганаяпти,- деди Дилшод Иномов.
Вазир адъютанти ўз сўзларига далил сифатида хабарнинг норасмий манбада эълон қилинганига эътибор қаратди ҳамда бир кун аввал Т. Худойбергенов билан учрашганини таъкидлади.
- Бу расмий бўлмаган сайт. Ҳукумат сайти эмаску. Ҳукумат томонидан чиқарилган порталда ёзилмаганку. Расмий бўлмаган одамлар ёзаяпти.
Агар ишонмаётган бўлсангиз, келинг кабинетларида кечқурин соат олтидан кейин бўлади. Бу хабар 19 ноябрда берилди. У киши уч кундан буён 19 ва 20 ноябрда ҳам Ангренда эди. Шанба, якшанба кунлари мен ўзим ҳам улар билан бирга эдим,- деди Дилшод Иномов.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил 12 март кунги фармонига кўра, Турсинхон Худойбергенов Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлари вазири лавозимига тайинланган.
Генерал Турсинхон Худойбергенов ва Равшан Муҳиддинов Ўзбекистон президентининг хуқуқ-тартибот, куч ишлатар ва фискал тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган эдилар.
Тошкент Давлат уриверситетининг Юридик факултетини тамомлаган 47 ёшли Равшан Муҳиддинов 2007-2011 йиллар оралиғида Ўзбекистон Адлия вазири лавозимида ишлаган.
2006-2007 йилларда эса Муҳиддинов Республика Бош прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган.
Хабарларга кўра, айнан Равшан Муҳиддинов Ўзбекистонда хусусий нотариусларнинг ёпилишига олиб келган "Нотариат тўғрисида"ги қонун ташаббусчисидир.
Uzmetronomнинг ёзишича, Равшан Муҳиддинов Бош вазир Шавкат Мирзиёевга яқин амалдорлардан биридир.
Ҳозирги Бош вазир Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти ҳокими бўлган кезда, яъни 2000-2005 йиллар оралиғида Равшан Муҳиддинов Жиззах вилояти прокурори бўлиб ишлаган.
Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари Муҳиддин Қиёмовнинг истеъфога чиққани ҳам айтилмоқда.