АҚШ, Британия ва Канада ядровий дастурдан воз кечмаётган Теҳронга нисбатан янги санкциялар жорий қилинганини эълон қилди.
21 ноябр куни Вашингтонда сўзлаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон биргаликда кўрилган чоралар Эронга босимни кучайтиришини таъкидлади.
Клинтон АҚШ Президенти Барак Обама Теҳрон бюджетининг 70 фоизини ташкил қиладиган Эроннинг нефт ва газ саноатига қаратилган санкцияларни кенгайтириш ҳақидаги фармонга имзо чекканини қўшимча қилди.
- Президент Обама илк бор айнан Эроннинг нефт-кимё саноатига қарши қаратилган фармонни имзолади. Бу соҳа экспорт даромадининг асосий қисмини ташкил қилади ва тақиқланган фаолият учун зарур бўлган нарсалар шу соҳа орқали импорт қилинади, - деди АҚШ Давлат котиби.
Қўшма Штатлар Теҳроннинг ядровий дастурига ёрдам бераётгани тахмин қилингани учун банк ҳисоблари ва мулклари музлатиб қўйилганлар рўйхатига яна 11 нафар шахс ва ширкат номини қўшди.
АҚШ Эроннинг “пулларни ювишдаги иштироки” борасида хавотир билдирди, аммо Эрон Марказий банкига тўлиқ санкциялар эълон қилмади.
Клинтондан кейин сўзлаган АҚШ Молия вазири Тимоти Гайтнер дунё банкларини Теҳроннинг ядровий дастурига ёрдам бераётгани тахмин қилинаётган Эрон Марказий банки билан бизнес юритишда эҳтиёткор бўлишга чақирди.
Британия ва Канада Теҳроннинг ядровий дастури юзасидан Эронга қарши янги санкциялар жорий қилиб, Эрон банклари билан алоқани тўхтатди.
Британия Молия вазири Жорж Осборн Лондон ҳукумати қабул қилган қарор ҳақида ББСга буларни айтди.
- Биз Британия молия тизими ва Эроннинг банк тизими ўртасидаги барча алоқани тўхтатяпмиз. Эрон банклари мамлакат ядровий дастурини молиялаштиришда иштирок этаётгани ҳақида халқаро далиллар бўлгани сабабли биз шундай қиляпмиз. Биз буни нафақат дунё хавфсизлиги балки Британия миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қиляпмиз, - дея баёнот берди Жорж Осборн.
Кейинроқ Канада ташқи ишлар вазири Жон Баирд Канада “Эрон билан барча пул ўтказмаларини тўхтатиши, жумладан, Эрон Марказий банки билан алоқа тўхтатилиши”ни эълон қилди.
Оттава расмийлари ҳам Эроннинг нефт-кимё саноатида ишлатилиши мумкин бўлган маҳсулотларнинг Эронга экспорт қилинишини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди.
Канада ҳукумати келиб чиқиши эронлик бўлган канадаликларнинг Эронга пул жўнатишини таъқиқламади.
БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги 8 ноябр куни эълон қилган янги ҳисоботида Эроннинг ядровий дастури атом қуролини яратишга алоқадор бўлгани илк бор қайд қилинган.
Ташкилот раҳбари Юкиа Амано Эрон одатда ядровий қурол яратиш йўлида амалга ошириладиган фаолият олиб борганини исботловчи “ишончли” далиллар борлигини таъкидлаган. Амано айрим фаолиятлар ҳозир ҳам давом этаётган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган.
БМТ ҳисоботини “асоссиз” деб, уни рад қилган Теҳрон расмийлари Эроннинг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлаганини таъкидлаган.