"Турон" рус тилини ўргатади

Рус тилини ўрганмоқчи бўлган ўзбекистонлик муҳожирлар "Турон" газетаси веб-саҳифасидан машқ олишлари мумкин бўлади.

Санкт-Петербург шаҳридаги меҳнат муҳожирлари учун ўзбек, тожик ва рус тилларида чоп этиладиган “Турон” газетаси Интернет орқали сайтида рус тилидан онлайн ўқув курсларини ташкил этаётганини маълум қилди.

"Турон" газетаси вебсаҳифаисда "Уроки русского языка" номли рукни остида рус, ўзбек ва тожик тилларида оддий сўзлашув луғати чоп этилди. Газета бош муҳаррири Маҳмуд Маматмўминов Озодлик Радиосига дастур ҳақида гапириб берди.

- Газетамизнинг ҳар бир сонида сўзлашув луғатини чиқариб келятувдик. Шу нарса ўзбек, тожик, рус тилларида 8-9 ой ичида тўпланиб келятувди. Уни биз мигрантни ёнида юрадиган кичкина китоб қилиб чиқарамиз деятувдик-да. Бизнинг сўзлашгичимизга шу ерга келишдан тортиб кўчада, театрда, керак бўлса, кинода, ФМСда, милицияда, умуман қаерда бўлишидан қатъий назар тегишли бўлган саволларни киритган эдик. Биз керак бўладиган оддий сўзларни киритганмиз. Масалан, милиция билан учрашиб қолса, нима дейиш керак, духтурга борса нима дейиш керак, бирор ерга кетаётганда айримлари мана бу ердан мана бу ерга қандай бораман, деган сўзларни билмайдиганлар келиб қолади.

Биздаги разговорникни ўқиб олиб, ҳеч бўлмаса акцент билан бўлса ҳам тушунтира оладику шу нарсани! Интернетга кирганлар хоҳласа распечатка қилиб олиб ўқиб, ўзига озгина бўлса ҳам фойда қилади,- дейди бош муҳаррир Маҳмуд Маматмўминов.

Петербургда рус тилини текинга ўргатувчи курслар етарли бўлишига қарамасдан, улар шаҳарда узоқ вақтдан бери муқим яшайдиганлар учун, луғат эса бу курсларга қатнашиш имконига эга бўлмаган муҳожирлар учун қулай, дея давом этади “Турон” газетаси муҳаррири.

- Мигрантлар газета ўқимаса ҳам, ҳеч бўлмаганда эплаб сайтга кириб газетамизни ўқиб туриши мумкин. Россияда “Они нам не нужны!”, буларни бизга фойдаси борми-йўқми, ҳатто русчани билмайди, деган гаплар кўпайиб кетгани учун, биз биринчилардан бўлиб шу нарсани қилдикки, бу ерга келган муҳожирларимиз ҳеч бўлмаганда бирор курсга бориб ўқимасин – шу нарсани печат қилиб олиб ёнида олиб, ишдан кейин бир соат- икки саот ўқиб қўйса ўзига фойда бўлса керак. Энди мутаҳассислар билан гаплашдик - қирғиз тилини ҳам қўшишимиз мумкин,- дейди Маҳмуд Маматмўминов.

"Турон" газетаси таҳририяти русча-ўзбекча-тожикча луғатдан ташқари рус тили асосларидан дарслар ташкил этишни ҳам режалаштирмоқда.

Бу дарсларда рус тилини ўрганувчиларга сўзларни тўғри талаффуз этиш, тиниш белгилари ва рус тилини ўзлаштиришда зарур бўлган асосий қоидалар тўғрисида маълумотлар бериб борилади, дейди нашрнинг рус тили бўлими раҳбари Анастасия Ташкина.

- Биз кейинчалик ўзимиз тайёрлаган рус тили дасрларини чоп этиб борамиз. Бу дарслар давомида рус тилидан содда машқлар бериб борилади. Келажакда биз турли ташкилотлар билан келишган ҳолда мигрантлар учун рус тилидан ўқув курсларини ташкил қилишимиз ҳам мумкин. Бунинг учун эса махсус жамғарма ташкил қилишга киришдик. Хуллас, режаларимиз жуда кўп,- дейди “Турон” газетаси ходими Анастасия Ташкина.

Сўнгги пайтларда Россияда меҳнат муҳожирларини рус тилига ўргатишга қаратилган ҳаракатлар сиёсатчилар томонидан қизғин муҳокама этилмоқда.

22 ноябр куни Россия парламенти қабул қилган “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги” янги қонун лойиҳасига кўра, мигрантларнинг айрим тоифалари Россияда ишлаш рухсатномасини олишлари учун 2,5 минг рубл эвазига рус тилидан имтиҳон топширишлари зарур.

Марказий Осиёнинг айрим давлатларида эса рус тилига бўлган эътибор кучаяётгани кўринмоқда.

Тожикистондаги “Азия-плюс” ахборот гуруҳининг Тожикистон-Россия славян университети ректори Раҳмон Ўлмасовга таяниб хабар қилишича, 2012 йилнинг ёзида 400га яқин Россия олий ўқув юртлари битирувчилари тожик мактабларига рус тилидан сабоқ бергани юборилади.

Жорий йилнинг июн ойида Тожикистон ҳукумати “Давлат тили тўғрисида” қонунга ўзгартиш киритиб, рус тилига “миллатлараро мулоқот тили” мақомини берди. Бу эса иккинчи давлат тили этиб мамлакатда рус тили тайинланини англатади.