Совет тарихчилари тарафидан “Британия жосуси”, “пантуркист”, “панисломист” деган ëрлиқлар тақилган Анвар пошшо туғилган кунга 130 йил тўлди.
Истанбулда 1881 йилда оддий темир йўлчи оиласида туғилиб¸ генералиссимус унвонигача кўтарилган Анвар пошшо Туркистонни совет ишғолидан озод қилиш учун жанглардан бирида, 1922 йилда ўша пайтдаги Бухоро жумҳуриятининг Балжувон қишлоғида ҳалок бўлган.
Бугунга келиб очилган архив материалларига кўра, унинг ўлдирилишига ўша пайтдаги Совет ҳукумати раҳбарларидан бири Иосиф Сталин буйруқ берган.
Кремлдан Туркистонга юборилган телеграммада "Ниманинг эвазига бўлса ҳам Анвар пошшони йўқотинг" деган шифрлар жой олган.
Тарихга "Кофирон" номи билан кирган ва 1922 йилнинг 28 июнида бошланган советларга карши қақшатқич жанг жиддий тус олганидан хавотирланган Кремл Афғонистон шоҳига элчи юбориб, Анвар пошшони алдаб Туркистондан чиқариб юборишни сўради.
Афғонистондан махсус келган элчилар Анвар пошшони мужодаладан қайтара олмади.
Анвар Пошшо 1922 йилнинг 4 август куни жангда ҳалок бўлди.
Совет тарихчилари унинг НКВД айғоқчиси томонидан ўлдирилганини айтишади.
Турк тарихчилари Анвар пошшо қурбон байрамининг иккинчи куни совет солдатларининг кетма-кет отилган беш ўқидан ўлди¸ дейишади.
Анвар пошшо ўлимидан сал олдин Истанбулдаги рафиқаси Ножия Султонга мактуб ëзган эди. Бу мактубларда Туркистонни ҳур кўришни истаган зобит туйғулари акс этгани айтилади.
"Сен бу бечора турклик ва ислом олами учун дуо қил, Ножиям" деган сатрлар билан бошланган мактуб “Энди ўқ ëйдан чиқди, Аллоҳ бу ишда уялтирмасин” деган мисралар билан тугайди.
Анвар пошшо ўз рафиқаси Ножия Султон билан ғалабадан кейин учрашишни ният қилган эди.
Анвар пошшонинг Балжувонда қолган жасади 1996 йилда Туркияга олиб келиниб Истанбулда қайта дафн қилинди.
"Бугунги Ўзбекистон тарихида Анвар пошшо ролига муносабат совет давридагидан мутлақо ўзгарди", дейди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Фанлар академияси тарих институти мутахассиси Дилноза Дўтраева.
Қуйида Дилноза Дўтраева билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.