Санкт-Петербург Соғлиқни сақлаш қўмитаси расмийлари ОИТС касаллигини тарқатишда меҳнат муҳожирларини айблашни бас қилишни сўради.
1 декабрда Санкт-Петербургда шаҳар Соғлиқни сақлаш қўмитаси Халқаро ОИТС (Одам иммун тақчиллиги синдроми) га қарши кураш кунига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.
Бу анжуманда сўзга чиққан қўмита раҳбарининг биринчи муовини Владимир Жолобов журналистлардан Россия, хусусан Петербургда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг ОИТС касаллигини тарқатишдаги ҳиссасини бўрттириб кўрсатмасликка чақирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси ҳозирда Россияда ОИТС касаллигига чалинганлар сони 40 минг кишини ташкил этиши, улардан арзимас қисмигина меҳнат муҳожирлари эканини таъкидлади.
Санкт-Петербургда ОИТС билан касалланган муҳожирлар сонини аниқлаш мақсадида Санкт-Петербург бўйича Истеъмол назорати хизматининг эпидемиология бўлими билан боғландик.
- Шаҳардаги касалланганлар билан солиштирганда ОИТС юқтирган мигрантлар сони¸ ҳақиқатан¸ жуда кам. Масалан, Петербургда 2011 йилда 180 мингта меҳнат муҳожири кўздан кечирилган ва улардан 120 кишидагина ОИТС инфекцияси борлиги аниқланган. Бу кўрсаткич эса шаҳарда касалликнинг бу тури тарқалишига мутлақо таъсир қилмайди, деди “Роспотребнадзор”нинг Эпидемиология бўлими мутахассиси Вера Измайлова.
Санкт-Петербург шаҳар Соғлиқни сақлаш қўмитаси вакили Владимир Жолобов Петербургда ОИТС билан касалланганларнинг 62 фоизи наркоманлар эканини таъкидлади.
“Сўнгги йилларда Санкт-Петербургда бу эпидемия тарқалиши 15 фоиздан 1,5 фоизга камайди”, дея ҳам қўшимча қилди у.
Шаҳар Соғлиқни сақлаш қўмитаси расмийлари келтираётган рақамлар Россия Истеъмолчилик назорати хизмати - Роспотребнадзор директори Генннадий Онишченко келтираётган маълумотлардан кескин фарқ қилмоқда.
Россия Бош санитари “гастарбайтерлар Россияда энг оғир касалликлар эпидемияларини қўзғатувчи” қатлам экани ва уларга қарши кураш бошлашга даъват қилган эди.
Унинг Тожикистонда узоқ муддатларга судланган рус учувчилари билан боғлиқ можаро давомида қилган бу баёноти ортидан Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ўз статистик маълумотларини эълон қилди. Бу статистикага кўра, ҳар бешинчи(!) муҳожир сил, сифилис, гепатит, ОИТС каби оғир касалликлар билан касалланган.
Бу эса, Россияда норасмий маълумотларга кўра яшаб меҳнат қилаётган 15 миллион меҳнат муҳожиридан 3 миллиони шу касалликларни тарқатиб юрибди¸ деганидир.
Аммо ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бу рақамларнинг бўрттирилганини айтмоқдалар.
Хоразнинг Боғотидан бўлган Равшанбек бир неча йилдан бери Внуковода қурилишда ишлайди.
- Икки йилдан бери Россиядаман. Худога шукур, унақаси йўқ, СПИД билан касалланганлар йўқ. Ҳаммасини рўзғори, бола-чақаси бор. Бунақасини мен ҳатто эшитмаганман. Бизда ҳаммаси намозхон йигитлар. Шароитларимиз яхши бўлгани учун туберкулёз, СПИД деган болаларни билмадим. Шамоллаши мумкин, грипп бўлиши мумкин, лекин унақаси бизга яқинлашгани йўқ, дейди Москва вилоятида меҳнат қилаëтган Равшанбек.
10 йилдан бери Россияда меҳнат қилиб юрган андижонлик Аббосхон Онишченко каби Россия расмийларининг баёнотлари ортида сиёсий сабаблар ётганини гапиради.
- Менинг назаримда¸ Тожикистон билан бўлган воқеада ҳам буларнинг тил билмасликни рўкач қилиши иккинчи ўринда турадию, шу касалликларни кўпроқ бўрттириб қўрсатади. Мен бу нарсаларга мутлақо қўшилмайман. Бунақа касаллар бўлмайди, биз биламизку! Шу билан “Булардан касал келяпти”, деб халқни кўтариш бу.
Касал бўлса чегарада текшир! Ҳукуматига давлатнинг кир ишларини қилишга керакмиз, лекин халқи ўзи хоҳламайди - миллатчилик кучли, йилдан йилга кўпайяпти. Илгари пинҳона айтган бўлса, ҳозир бетига айтаяпти. Кейин мабодо битта-яримта касал бўладиган бўлса ҳам яшириб юришади-да. Ёнимда бўлса ҳам шу касал билан оғридим демайди. Лекин бу ҳукуматнинг гаплари бизни ёқтирмаганидан. Гапнинг индаллоси шу, дейди Аббосхон.
Москвадаги “Эҳсон” ўзбеклар жамияти фаоли Маъмуржон¸ марказий осиёликлар орасида бу каби оғир юқумли касалликлар билан оғрийдиганлар сони озлиги сабабларини шундай тушунтиради.
- Бизда осиёликларда аксинча бу касаллик энг оз тарқалган. Бу политикага боғлиқми, ўзларининг муносабатларига боғлиқми, лекин шахсан мен бунақаларни кўрмаганман. Шунча йилда ҳозиргача бунақа чиққан эмас. Тўғри туберкулёз ривожланган касаллик, шароитга боғлик, лекин айнан СПИД жуда оз. Мусулмон халқида ўзига қараб тоза юради, биламан. СПИД ёмон юрганларда, жинсий алоқада бўлади-да. Туберкулёз эса об-ҳавога боғлиқ, дейди Маъмуржон.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида 2010 йилда ОИТС ташувчилари сони 2001 йилга нисбатан 250 фоизга ошган. Жумладан, касалларнинг 90 фоизи Россия ва Украинадандир.
БМТ тарқатган маълумотларида 2011 йилда жаҳонда ОИТСга чалинганлар сони 34 миллион қилиб кўрсатилган. Россияда бундай касалликка чалинганлар¸ БМТ га кўра¸ 619 минг кишини ташкил этади.
Бугунга келиб жами 25 миллиондан зиёд одам ОИТС қурбонига айланган.