Москвадаги Триумфал майдонида сайлов натижаларига норозилик билдириб чиққан намойишчилардан 600 нафари ҳибсга олинди.
Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб “Интерфакс” агентлиги хабар тарқатди.
Хабарларга кўра, намойишчилар ҳибсга олиш пайти шафқатсиз равишда калтакланган ва кейинчалик уларга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Санкт-Петербургда эса 250 намойишчи, Дон соҳилидаги Ростов шаҳрида эса ўттизга яқин одам ҳибсга олинган.
Айни пайтда Кремл ёнида ҳукуматпараст гуруҳлар ҳам намойиш ўтказган.
Улар “Путин, Россия” деган шиор билан юриш қилган.
Якшанба куни Россияда ўтказилган парламент сайлови дастлабки натижаларига кўра, иқтидордаги “Единная Россия” партияси ғолиб чиққан эди.
Халқаро кузатувчилар сайловда кўплаб қонунбузарлик ва сохтакорликлар кузатилганини айтишган.
Бугун Интернетдаги ижтимоий тармоқларда сайловлардаги қонунбузилишларга қарши 10 декабр куни 50 дан зиёд шаҳарда оммавий намойиш ўтказиш ҳақидаги эълонлар пайдо бўлди.
"Солидарность" ҳаракати томонидан ташкил қилинаётган ушбу акцияни ВКонтакте тармоғида 2000дан зиёд, Facebookда эса 10000га яқин киши қўллаган.
АҚШ Сенатори Жон МакКейн Путинни Россияда “Араб баҳори” рўй бериши эҳтимолидан огоҳлантирди.