“Коммерсант” нашриёт уйи бош акционери Алишер Усмонов “Власть” журнали раҳбариятини истеъфога чиқариб юбориб тўғри қарор қабул қилганига ишонишини таъкидламоқда. Айни пайтда нашриёт коллективи журналистларга босимни тўхтатиш талаби билан очиқ хат эълон қилди.
“Коммерсант” нашриёт уйи журналистларининг холдинг бош директори Андрей Галиев ва "Власть" журнали бош муҳаррири Максим Ковальскийларнинг ишдан бўшатилгани муносабати билан очиқ хати Openspace Интернет сатида эълон қилинди.
“Биз Максим Ковальскийни юксак истеъдод соҳиби ва юқори малакали мутахассис сифатида биламиз. У учун “Коммерсант” нашриёт уйининг обрў-эътибори жуда муҳимдир. Биз учун уни ҳимоя қилиш – ўз обрўмиз ва қадримизни ҳимоя қилиш масаласидир”, деб бошланади журналистлар мактуби.
Очиқ хатни имзолаганлар орасида Олег Кашин, Павел Шеремет, Михаил Лукин, Григорий Ревзин ва бошқа таниқли журналист ва жамоатчилик арбоблари бор.
Рус матбуотида катта шов-шувга сабаб бўлган истеъфоларга журналнинг сўнгги сонида Россия Бош вазири Владимир Путинни, миллиардер Алишер Усмонов назарида, "таҳқирловчи" ва шу сабабдан унга ёқмаган фотосуратларнинг чоп этилгани сабаб бўлгани айтилмоқда. “Коммерсант-Власть” журналининг 49-сони 4 декабр куни бўлиб ўтган парламент сайловларида йўл қўйилган саноқсиз қонунбузарликлар ва ундан кейин юзага келган оммавий норозиликларни ёритишга қаратилган эди.
“Коммерсант-Власть” журналисти Владимир Соловьёв Озодлик билан суҳбатда яқин орада нашр ходимлари Алишер Усмонов билан учрашишларини маълум қилди.
- Журналистларимиз очиқ хат ёздилар, уни Интернетда кўришингиз мумкин. Бугун-эрта биз акциядоримиз билан учрашамиз ва бизни қизиқтираётган саволларни унга берамиз. Ҳозирча редакциямиз ичида нима бўлаётганини шарҳламоқчи эмасман,- деди Владимир Соловьёв.
“Коммерсант” нашриёт уйи бош акционери Алишер Усмонов ўз қароридан норози бўлган журналистлар билан ҳақиқатан учрашишга розилик бергани маълум бўлди. Бироқ у холдинг бош директори Андрей Галиев ва "Власть" журнали бош муҳаррири Максим Ковальскийни ишдан ҳайдаб тўғри иш қилганига ишонишини айтмоқда.
Интерфакс агентлиги Усмоновнинг "Мен тўғри қарор қабул қилдим ва ундан воз кечиш ниятим йўқ", деган сўзларидан иқтибос келтирди.
Усмонов ўз ҳатти-ҳаракатларини редакция раҳбарияти томонидан “жамиятда қабул қилинган оддий ахлоқий нормаларнинг бузилгани“ билан изоҳлади. У муҳаррирларнинг ишдан олиб ташланиши ортида бирор сиёсий сабаб йўқлигига алоҳида урғу бериб ҳам ўтди.
“Завтра” газетаси бош муҳаррири Александр Проханов фикрича, Россияда одатда кўзга кўринган ахборот агентликлари катта бойлик ёки ҳокимият эгаларининг мулкига айланиб бормоқда.
- Бу нашриёт кимнингдир шахсий мулки ва бу мулк бутун Россияга тарқаганини, биз "Усмония" мамлакатида яшаётганимизни унутиб қўйдик шекилли. Шу боис хўжайин ўз ерида у ёки бу кучукчага сайр қилиш, керак бўлса ахлат ташлашни ман қилиши мумкин ёки уни ўз хоҳишига кўра бу ердан қувиб солиши мумкин. Шунинг учун Усмонов мулк эгаси сифатида унинг тасаввуридаги корпоратив ахлоқни бузганлиги учун бу одамларни ишдан бўшатиб мантиқан тўғри амал тутди. Сўнгги пайтларда “Коммерсант” ўзини суперлиберал нашр сифатида кўрсата бошлади, ваҳоланки бир нарса уларнинг эсидан чиқиб қолибди: жаноб Усмонов Владимир Владимирович Путиннинг энг яқин дўстларидан бири. Лекин мен бундан жуда афсусдаман, чунки эркинликнинг ҳар қандай тарзда топталиши салбий ҳолатдир, деди “Завтра” газетаси бош муҳаррири Александр Проханов.
Россия журналистикасини бошқараётганлар орасида Алишер Усмоновнинг қарорларини мақулловчилар ҳам йўқ эмас.
"Нью Таймс" журналининг хўжайини Ирена Лесневская, “Алишер Усмоновни ҳам тушунса бўлади”, деган фикрда.
- Бу вазиятга баҳо бериш мен учун жуда мушкул, чунки мен у тарафни ҳам, бу тарафни ҳам тушунаман. Мен кўп йиллардан бери Усмоновнинг бардошлиги ва бағрикенглигига қойил қолиб келаман, чунки у мулк эгаси ва ҳокимиятга яқин бўлган шахс сифатида унинг газетаси ва журнали масаласида юқоридан билдирилаётган танбеҳларга кўз юмиб чидаб келди. Албатта, бу менинг билишимча. Ҳозир мен бу қарор мутлақо Владимир Владимирович хоҳиши билан қабул қилинганига ишончим комил, чунки Путин Ельцин эмас - у чидай олмайди, дейди нашриётчи Ирена Лесневская.
Россиялик яна бир кузатувчи - Ельцин даврида Россия Нашриёт қўмитаси раиси бўлган, ҳозирда МГИМО профессори Сергей Грызунов, “Коммерсант”да бўлаётган ўзгаришларни бевосита мамлакатнинг сиёсий саҳнасида бўлаётган ўзгаришлар билан боғлиқлигини гапиради.
- “Коммерсант” Россиянинг бошқа оммавий ахборот воситларидан фарқли ўлароқ, оғир вазиятларда ҳам ўз имиджини сақлаб қолишга уринди. Аммо юқоридан бақириқ эшитилди ва нашриёт уйи эгаси ўз ҳамкасбларига қарши чиқди. У юқоридагилар олдида иш бажарилгани ҳақида ҳисобот берди. Умуман олганда, Усмоновдек йирик тадбиркорнинг Россияда оммавий ахборот воситалари билан шуғулланиши жуда хавфли. Чунки Россияда оммавий ахборот воситалари ҳокимиятдан ҳоли эмас ва тадбиркор ҳозирги вазиятда ҳукумат билан муроса қилиши шарт, дея ўз фикрини билдирди профессор Сергей Грызунов.
МГИМО профессорининг сўзларига қарамасдан, Россияда оммавий ахборот нашрларига эгалик қилиш иштиёқида бўлган бойваччалар камайгани йўқ.
“Новости” ахборот агентлигининг ОНЭКСИМ хусусий сармоя жамғармасига таяниб хабар қилишича, куни кеча миллиардер Михаил Прохоров Алишер Усмоновга “Коммерсант” нашриёт уйини унга сотишни таклиф қилган.
Келаси йилнинг март ойида Россияда бўлиб ўтадиган президент сайловига 12 декабр куни ўз номзодини қўйишини эълон қилган “Правое дело” партиясининг собиқ лидери, эндиликда бирор бир сиёсий ҳаракатга қўшилмаган Михаил Прохоровнинг бу таклифини акциядорлар ҳал этишини айтиб, Алишер Усмонов “Менинг “Коммерсант”ни сотиш режаларим йўқ. Бу таклифни мен ҳазил сифатида қабул қиламан”, дея жавоб берди.