Инсоният ва инқилоб бешиги — Мисрга саёҳат
Қоҳирага элтувчи бу йўл иккига ажратилган ва жуда кенг магистрал йўллардан биридир. Худди Ўзбекистондагидай, Ҳусни Муборак ҳам давлат раҳбарлигида кенг-кенг йўлларни кўп қурдирган.
Мисрдаги энг гавжум чорраҳалардан бири. Аксар кўчаларда бўлгани каби бу кўчада ҳам йўл белгилари жуда оз ва тартиб-қоидани ҳар ким ўз интуициясига кўра белгилаб ҳаракатланаверади.
Саҳролар бағрида яшайдиган Миср халқи учун ҳаёт ва тириклик манбаи бўлган дунёдаги энг узун икки дарёдан бири — Нил Қоҳирадан уни икки қисмга: Қоҳира ва Гизага бўлиб, оқиб ўтади.
Мисрнинг деярли ҳамма шаҳарлари юзаси тинч, аммо ости шиддатли оқадиган Нил дарёси қирғоқлари бўйлаб қурилган. Айрим ҳудудларда суви сероб бу дарё деҳқонларга йилда уч марта ҳосил олиш имконини беради.
Мисрдаги энг қадимий масжид(ўнгда) ва черков (чапда) ёнма-ён жойлашган ҳамда икки қавм аҳли асрлар давомида ёнма-ён ибодатга қатнаб келмоқда.
Қоҳирада деярли ҳамма уйлар томига ликопчалар ўрнатилган ва афтидан, шунинг учун қоҳираликлар орасида озми-кўпми инглиз тилида сўзлаша оладигани кўп.
Қоҳира шаҳрининг чекка қисмларида янги қурилаётган уйлар жуда кўп ва маҳаллий аҳоли бу уйлар одамларнинг ўз пулларига буюртма асосида қурилаётганини айтди.
Қоҳирада ҳали битмаган кўпгина уйларда оилалар истиқомат қилади. Мисрликлардан бирининг айтишича, қуйи қаватлар битиши билан маблағи етганлар ўзига теккан хонадонлар қурилишини битказиб, яшашни бошлайверади.
Собиқ президент Ҳусни Муборакнинг 2011 йил феврал инқилоби даврида ёқиб юборилган маъмурияти биноси. Бу бинонинг шундоққина орқасида инсоният тарихининг нодир бойликлари йиғилган Миср музейи жойлашган.
Собиқ президент Ҳусни Муборакнинг феврал инқилоблари даврида ўт қўйилган идорасининг Миср музейи ҳовлисидан кўриниши. Шу кунларда Миср музейининг вайрон этилгани ҳақидаги хабар бу музейга бир бор кирган ҳар бир кишининг қалбини қаттиқ оғритиши табиий.
Қоҳираликлар феврал инқилобидан сўнг шаҳар кўчаларида полиция ходимларининг қарийб учдан икки қисмга озайиб кетганидан хурсанд бўлишди. Биз борган кезларда уларни кўпроқ бекор ўтирган ёки бекор турган ҳолатда учратган эдик.
Ҳусни Муборак тахтдан туширилди, аммо унинг ўзи ва оиласи учун бунёд қилинган обидалар ҳануз турибди.
64 ёшли бу ҳайдовчи амаки бизга қилган 2 соатлик хизмати учун 4 АҚШ доллари олди ва бир кунлик тушумини топганини айтди. У каттаси 35 ёшга кирган тўрт фарзандининг бирортасини уйли-жойли қилолмагани, бунинг учун камида 10 минг АҚШ доллари кералигини айтди
Инглиз ва рус тилида равон гапирадиган бу 26 ёшли таксичи йигит киракашлик, меҳмонхона қабулхонасидаги котиблик ва яна сайёҳларга гидлик қилиб, ойига 600 АҚШ доллари топади. У Миср инқилобидан кейин даромади пасайганидан норози бўлди.
Ҳургада шаҳри йўлларини тўлдирган бу зарғалдоқ таксилар, одатан, бўм-бўш. Мисрда автомобил учун газ нархи ўта арзон (битта заправкаси 1 АҚШ доллари) бўлгани боис киракашлар: "Бўш тургандан, бўш юр" нақлига амал қилади.
Қоҳира кўчаларида ДАМАСларни ҳам кўп учратиш мумкин ва деярли барча ҳолатларда бу автомобил, худди ўзбекистондагидек, одам ёки юк билан лиқ тўла бўлади.
Асосан, рус сайёҳлари келиб кетадиган шаҳарларда Россияда ишлаб чиқарилган эски автомобилларнинг бозори ҳам чаққон.
Мисрда энг кўп қатнайдиган "маршрутка". Салкам 50 ёшли бу автомобилларнинг эшиклари ҳамиша очиқ юришини ҳайдовчилар "кўп тўхтаганимиз учун", деб изоҳлайди.
Мисрда энг оёғи чаққон бўлган ва халқ тилида "тук-тук", деб аталадиган такси. Йўл белгилари деярли кўринмайдиган шаҳарнинг серқатнов кўчаларида бу транспортни аксрият ўсмирлар ҳайдаб юрганини кўриб, баъзан юрак орқага тортади.
Минг йиллик қўҳна шаҳарда худди қадимий меъморий обидалар каби қадимий транспорт воситалари ҳам охори тўкилмай сақланиб келмоқда.
Нил сувида суғориб етиштирилган сабзавотлар жуда мазали ва уларни шундоққина кўчанинг ўзида сотиб олиш мумкин.
Миср кўчаларида от ва эшак араваларни тез-тез учратиш мумкин ва бу транспорт воситалари кундалик турмушнинг ўта зарур эҳтиёжларидан биридир.
Мисрда Қурбон ҳайитига мўлжалланган ҳайвонлар. Сафаримиз Арафа кунига тўғри келгани учун шаҳар транспортларида қурбонликка аталган жониворларни кўп кўрдик ва буларнинг аксарияти қорамол эди.
Қоҳиранинг аксар кўчаларида кундалик газеталар шундоққина йўлаклар бўйида сотилади ва шаҳарда қўлида газета тутиб юрадиганлар ҳам оз эмас.
Рўмол ўраган қоҳиралик аёл. Шаҳар кўчаларида бошдан-оёқ қора чодра ёпинган, рўмол ўраган ва мутлақо очиқ кийинган аёлларни ёнма-ён ҳолда тез-тез учратиш мумкин.
Қоҳирада замонавий кийинган хотин-қизлар ҳам кўпчилик ва шу томонлари билан бу шаҳар Ўзбекистондаги шаҳарларни ёдга солади.
Яна бир қоҳиралик ўранган аёл кундалик тирикчилиги билан.
Ҳижоб кийган яна бир қоҳиралик аёл ўз маҳрами билан.
Қоҳира кўчаларида кўп учрайдиган бу райҳонни бизда "сада райҳон", дейишарди афтидан ва Ўзбекистонни эслатган мана шу сурат билан виртуал саёҳатнинг биринчи қисмини якунлаймиз. Олдинда иккинчи қисм ҳам бор!