Қамчиқ довони қайта қурилди

Қамчиқ давонида қурилган 2500 метр узунликдаги тунел.

Стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Қамчиқ довони реконструкциясига 20 миллион АҚШ доллари сарфлади.
“Тошкент-Ўш” (А-373) автомобил йўлининг Қамчиқ довонидаги қисмини реконструкция қилиш Тошкент вилояти билан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Фарғона водийси ўртасидаги транспорт коридорини ривожлантириш йўналишидаги 150 миллион долларлик дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

Регнум ахборот агентлиги хабарига кўра, 2012 йилда мазкур лойиҳа доирасида Осиё тараққиёт банки берадиган 130 миллион доллар кредит ҳисобида 84 километр узунликдаги цементбетон қопламали довон йўли таъмирланади.

Қамчиқ довонида кавланган 2500 метр узунликдаги тунел аввал тўрт соатда босиб ўтилган довон йўли масофасини бир ярим соатгача камайтирди. 2000 йилда фойдаланишга топширилган, денгиз сатҳидан 2268 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони кунига 17 минг автомобил ва 150 минг йўловчини ўтказиш имкониятига эга.

Шу йил январ ойи бошида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2011-2015 йилларда мамлакатдаги инфратузилма, транспорт ва коммуникация тармоғи қурлишини тезлаштиришга қаратилган дастурни тасдиқлаган эди.

Ушбу дастурда келаси 5 йил давомида ушбу соҳада тезлаштирилиши керак бўлган 11 йўналиш белгиланган.

Бу соҳадаги қурилишлар учун ташқи ишончли сармоя каналларини тиклаш, мамлакатда ягона автомобил йўллари тармоғи қурилишини тезлаштириш, Қамчиқ довонидаги йўлни таъмирлаш, Тошкент-Самарқанд йўналишида тез юрар поезд қатновини йўлга қўйиш, Бухоро-Қарши йўналишидаги темир йўлнинг баъзи қисмларини электрлаштириш, республикадаги аэропортларни замонавийлаштириш каби вазифалар белгиланган.

Испаниянинг “Patentes Talgo S.L.” ширкати ишлаб чиқарган биринчи «Афросиёб» тезюрар поезди 2011 йил 22 июл куни Ўзбекистонга олиб келинди ва октябр ойидан бери Тошкент ва Самарқанд ўртасида доимий қатнамоқда.

Иккинчи “Афросиёб” тезюрар поезди 9 декабр куни Тошкентга олиб келинди. Ҳозирда “Афросиёб” поезди Тошкентдан Самарқандгача 2 соат 20 дақиқада етиб бормоқда.