Бу йил ёнилғи танқислиги боис пойтахтликларга бериладиган электр токи кунига 2 соатдан узилмоқда.
Шу кунларда Тошкентда ҳаво ҳарорати кечаси -9-8кундузи эса -4-3даража совуқ бўлаётгани боис шаҳарда электр таъминотига талаб кескин ортаётгани кузатилмоқда.
Шу кунларда табиий газ босими шаҳарда ҳам пастлади ва аҳоли ўз уйларини иситиш учун электр токидан ҳам фойдаланаётгани айтилмоқда.
Буни очиқ эътироф этган Тошкент шаҳридаги Электр тармоқлари корхонаси мутасаддиларидан бири Озодлик билан суҳбатда, айниқса, Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда жойлашган хонадонларда ишлатилаётган электр токи ҳажми шу кунларда ортаётганини қайд этди.
- Ҳозир истеъмол айнан қанчага ошганини мен сизга айтиб бера олмайман. Ой охирида билинадида энди бу. Ўтган ойда, масалан, биргина бизнинг туман бўйича 2 - 3 миллион киловатт соатдан ортганда, - дейди электр тармоқлари корхонаси мутасаддиси.
Шу боис шаҳар электр тармоқлари корхоналари навбати билан аҳоли уйларига бериладиган электр токи таъминотини икки соатдан узишга мажбур бўлаётганини айтади бу мутасадди.
- Эрталаб соат 9 дан кечки соат 17 га қадар навбат-навбат билан 2 соатдан хонадонларни ҳам узяпмиз. Ҳозир битта маҳаллага ҳафтасига икки марта тўғри келаяптида. Яъни, ҳафтада икки марта ток узиляпти, ҳозирча, - дейди электр тармоқлари корхонаси мутасаддиси.
Бу расмийга кўра, ҳозир нисбатан кескинроқ жадвал шаҳардаги корхоналарга тўғри келмоқда.
Давлат ташкилотлари ва корхоналар кун давомида 2 соатдан узилмоқда ва уларнинг жадвали аҳоли уйларига нисбатан зичроқдир.
- Асосан, корхоналар кетяпти ҳозир. Корхоналарни иложи бўлса, ҳар куни 2 соатдан узяпмиз махсус график бўйича. Ҳокимият билан келишилган ҳолда қиляпмиз буни, - дейди Тошкент шаҳридаги Электр тармоқлари корхоналаридан бирининг исмини ошкор қилмаган мутасаддиси.
Шу кунларда Тошкент шаҳридаги муассасалар, маҳаллалар ва таълим масканларида ҳам электр токини тежаш ва кунлар совуб бораётгани боис, келгусида электр таъминотида узилишилар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришлар бўлаётгани хабар қилинди.
Буни тасдиқлаган мутасаддининг айтишича, ҳозир электр таъминотида аҳвол бироз оғир ва бунинг юки қанчадир даражада мактабларга ҳам туша бошлади.
- Ҳозирча қарздорлиги бор мактабларни огоҳлантираяпмиз ва директорлар хонасини узиб қўйяпмиз, тўғрисини айтганда. Сал тезроқ ҳаракат қиларкимикин, деган мақсаддада энди, - дейди мутасадди.
Аммо, қиш фаслининг совуқ келиши фақат бу йилга хос ҳолат эмас.
Ўтган йили ҳам нафақат пойтахт балки бутун Республика бўйлаб қишнинг совуқ келгани кузатилган ва электр ҳамда газ таъминотидаги узилишлар боис аҳоли қийин шароитда қолгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.
Зеро, айни ҳол бу йил ҳам такрорланмоқда.
Шу боис: "Айнан бу йил қишки электр таъминоти чекловининг кучайтирилгани фақат ҳавонинг совуши билан боғлиқми?" деган саволимизга Тошкентдаги электр тармоқлари корхонаси мутасаддиси, охир-оқибат, яна бир жиддий сабабни келтирди.
- Бир томондан системада энергетик топливонинг йўқлиги сабабли муаммо бор. Мазут ва газ. Мазут йўқ ҳозир. Газ энди бор, лекин бўлгани билан, билмадим энди ростми-ёлғонми, вазирлигимизнинг қарздорлиги кўпроқ, деган гап борда. Шунинг учун бу йил гап бўлдику, кўмир ғамлаб қўйинглар қишга, деган. Хуллас шунақа муаммолар борда, - дея тан олди корхонанинг исмини ошкор қилмаган расмийси.
Бу борадаги тўлиқ маълумот олиш учун бу расмий бизни Тошкент шаҳар Электр тармоқлари корхонасига йўллади.
Аммо, бу корхона мутасаддилари ҳамма жавобни корхона раҳбаридан олишимиз мумкинлигини, у кишининг эса яқин муддат ичида фурсати йўқлигини айтиб, бу йилги электр таъминотидаги узилишларга оид саволларимизни ҳозирча жавобсиз қолдирди.
Шунингдек, Ўзбекэнерго давлат акциядорлик компаниясидан ҳам бу борадаги саволларга ҳозирча жавоб олиш имкони бўлмади.