Ўзбекистон газ шартномасини имзоламаяпти

Бунинг натижасида 2012 йилда Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари аҳолиси газсиз қолиши мумкин.
2012 йилдан Қирғизистон жануби газсиз қолиши мумкин. Бу борада кеча Қирғизистон энергетика вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум бўлди. Йиғилишда “Қирғизгаз” ширкати раҳбарияти Ўзбекистон газ бўйича шартнома имзоланишини ортга сураётгани билдирди.

- Ўзбеклар билан кейинги йилга шартнома тузайлик десак, улар музокара олиб бориш учун таклифнома юбормаяпти. “Ўзимиз таклиф қиламиз”, дейишди, кутаяпмиз. Ўзбекистон Қозоғистон эмас, ўзимиз бораверадиган. Ўзбекистонда вазият бошқа. Улар “Мана булар келмоқчи экан, қабул қилайликми, гаплашайликми?” деб раҳбарларидан рухсат олишади,- деди “Қирғизгаз” ширкати директори Турғунбек Кулмурзаев.

Ўзбекистон декабр ойи бошидан бери Қирғизистон жанубига берилувчи газ миқдорини озайтирган ва бунга Ўзбекистонда газ ишлаб чиқариш ҳажми озайгани сабаб бўлаётгани айтилган. Шу йилнинг 24 декабр куни эса Ўзбекистон ўз ҳудудида газ қувирларини таъмирланаётгани сабабли 25 декабрдан бошлаб Қирғизистонга газ берилиши тўхтатилиши тўғрисида телефонограмма жўнатган.

- Шартнома бўйича бизга соатига беш минг куб метр газ берилиши керак эди. Бироқ сўнги ойда газ хажми бир ярим минг куб метргача камайтирилди. Кечаги кундан эса газ умуман тўхтатилди. Ўзбекитон томони “ Ўзимизда газ ишлаб чиқариш озайиб кетди”, деб маълум қилган. Ҳозир газ йўқлигидан аҳоли электр энергиясини кўп ишлатаяпти. Электр тармоқларига куч келиб, трансформаторлар куйиб кетаяпти. Бу масала ҳукумат даражасида ҳал қилинаётгани айтилаяпти. Бироқ ҳозирча аниқ жавоб бўлмаяпти,- деди Ўш шаҳар ҳокимияти расмийси Урали Рўманов.

Ўшгаз бошқармаси раҳбари Шарип Бураевга кўра, “Ўзтрансгаз” ширкати газ берилиши 27 декбр куни тикланишини маълум қилган.

Ҳозирча Ўзбекистон билан газ бўйича ҳукуматлараро музокараларнинг қачон ўтказилиши номаълум бўлиб қолмоқда. Қирғизистон парламенти депутати Жилдиз Жолдошева Ўзбекистон билан музокараларда Қирғизистон ҳам ўз имкониятларидан фойдаланиши керак деган фикрда:

- Ҳар йили бизнинг ўзбек қўшнилар шундай муомилада бўлишади. Бу масалани шу вақтгача чўзмай, шартномани ёз вақтида, уларга сув керак бўлиб турган пайтда имзолаш керак. Нима учун Ўзбекистон бизнинг ахволимизни тушунишни истамайдию, биз эса нима учун ёзда уларнинг пахтасига сув етмаётганда сув берамиз? - деди Жилдиз Жолдошева.


Расмий Тошкент 2011 йилнинг сентябрида Қирғизистонга бериладиган газ нархини 220 доллардан 278 долларга кўтариб юборгач, қирғиз ҳукумати Ўзбекистондан олинадиган газ миқдорини ҳам камайтирган ва Қозоғистон билан 195 доллардан газ сотиб олишга келишган эди.

Қозоғистондан олинадиган газ билан Қирғизистон шимолидаги Бишкек шаҳри ва 4 та вилоят таъминланган. Қозоқ газини Қирғизистон жанубидаги вилоятларга етказиб бериш учун техник имконият йўқлиги сабаб Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларига қиммат нархдаги Ўзбекистон гази сотиб олинади.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг жанубий ҳудудлари учун ўзбек гази бугунги кунда 304 доллардан, республиканинг шимолий ҳудудлари учун қозоқ гази 195 доллардан сотиб олинмоқда.

Айтиб ўтиш лозимки, Қозоғистон Қирғизистонга 195 доллардан ўз газини эмас, Ўзбекистондан сотиб олаётган газининг бир қисмини сотаяпти. Таҳлилчиларга кўра, Қозоғистон Ўзбекистондан олаётган газини Қирғизистонга арзон нархда сотиши Тошкент манфаатларига зид келади. Иккинчидан эса, Қозоғистон ҳам газни арзон баҳода Қирғизистонга сотиб иқтисодий зарар тортмоқда. Таҳлилчилар газ берилишининг қисқартирилиши мана шу сабабларга боғлиқ, деб ҳисоблайдилар.