АҚШ уруш жиноятларида гумонланаётган босниялик аёлни экстрадиция қилди

Босния расмийларининг айтишича, Қўшма Штатлар 1990 йиллардаги уруш пайтида босниялик хорватларни ўлдиришда гумон қилинаётган босниялик мусулмон аёлни экстрадиция қилган.

Босния бош прокуратурасининг маълум қилишича, Разима Ҳанданович Боснияга етиб келган ва чоршанба куни судга олиб келинади.

Ҳандановичнинг шериги деб кўрилаётган ва қотилликларда иштирок этаётгани гумон қилинаётган Эдин Дзеко бир ҳафта аввал АҚШдан экстрадиция қилинган эди. Уларнинг иккаласи ҳам 1993 йилда Босния жанубидаги хорватлар яшадиган Трусина қишлоғига ҳужум қилиб, 18 фуқарони ўлдирган Босния армияси аъзолари экани айтилади.

Гувоҳларнинг айтишича, Ҳанданович шахсан бир неча кишини бошига отиб ўлдирган. У сўнгги йилларда АҚШнинг Орегон штатида яшаб келган ва шу йилнинг апрел ойида Босния расмийлари сўровига кўра ҳибсга олинган эди.